08.04.2017

АМИР ТЕМУР — ВАТАН ВА МИЛЛАТ ТИМСОЛИ

Амир Темур таваллуд куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб маданий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий конференциялар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Фанлар Академия­си Темурийлар тарихи давлат музейида Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди, ЎзР ФА Шарқ­шунослик институти ҳамкорлигида «Темурийлар даврида илм-фан ва маданият ривожини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг умумбашарий аҳамияти» мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда олимлар, ёзувчи ва шоирлар, талабалар, кенг жамоатчилик ва ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманнинг очилиш маросимида иштирок этган ЎзР ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Темурийлар тарихи музейи директори Хуршид Файзиев, Халқаро Амир ­Темур фонди раиси Нозим Ҳабибуллаев, ЎзР ФА Шарқшунослик институти директори Неъматулло Муҳамедовлар Амир Темурнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни, Соҳибқирон томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, илм-маърифат, маънавиятга кўрсатган эътибори шунинг­дек, бу борада мамлакатимиз ва дунё олимлари томонидан олиб бори­лаётган кенг кўламли тадқиқотлар ҳақида фикр юритишди.

Ялпи мажлисда сўзга чиққан олимлар Амир Темур ҳукмронлиги даврида беқиёс ривож топган илм-фан, маънавият, меъморчилик, санъат ва бошқа йўналишлар мавзусида маърузалар қилдилар. Бу даврда давлат, жамият ва шахс манфаатлари уйғунлаштирилган, сиёсий, иқтисодий ва маънавий барқарорлик ўрнатилган. Бу ўз навбатида Европадаги Уйғониш даврига катта таъсир кўрсатган. Тараққиёт учун хизмат қилган.

Конференция «Темурийлар даври ёзма ёдгорликлари: манбашунослик ва тарихшунослик масалалари», ­«Темурийлар даври ренессанси», «Темурийлар даври тарихининг умумий масалалари» бўйича учта шўъбада ўз ишини давом эттирди.

— Ушбу шўъбалардаги маърузалар асосан Темурийлар даврида илм-фан ва маданият ривожини ўрганиш ва тар­ғиб қилишнинг умумбашарий аҳамиятини тадқиқ этишга қаратилган, — дейди тарих фанлари номзоди Илҳомжон Жамолҳожи. — Кўтарилган долзарб мавзуларни давом эттириш юзасидан бир қатор тавсиялар берилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов «Амир Темур бизнинг шаън-шавкатимиз, ғурур-ифтихоримиздир. Амир Темур — халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қудратимиз рамзидир», дея алоҳида таькидлаган эди. Чунки Соҳибқирон даврида халқ манфаати ҳамма нарсадан устун қўйилган. Бу оқилона сиёсат раиятнинг фаровон турмушини таъминлашда ­муҳим аҳамият касб этган.

Маълумотларга қараганда, ҳозиргача Европада Амир Темурга бағишлаб яратилган асарлар сони 700 дан зиёд, Шарқда 900 дан кўпдир. Бу асарларда Амир Темур шахси ва салтанатининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётига турлича баҳолар берилган.

Мустабид тузум даврида аксарият ҳолларда Амир Темур фаолияти салбий жиҳатдан талқин этилишига қарамай, билъакс, Европа тадқиқотчилари ва шарқшунос олимлари томонидан воқеа ва ҳодисалар холис эътироф этиб келинган. Чунончи, Францияда Темурийлар даври тарихи, санъатини ўрганиш мақсадида француз-ўзбек маданий алоқалари уюшмаси ташкил этилган. Бу уюшманинг ва Францияда чоп этилаётган «La Timuridе» журналининг фаолиятига Люсен Керен раҳбарлик қилмоқда. Ушбу журналда Амир Темур ва темурийлар даври тарихига оид қатор илмий ишлар мунтазам равишда эьлон қилиб борилмоқда.

Француз олими Люсен Керен кўплаб тадқиқотларида Амир Темурнинг тарихдаги буюк хизматлари, унинг давлатида адолат ва қонун устувор бўлганлигини тарихий далиллар орқали очиб берган.

Француз темуршуносларидан яна бири Жан-Пол Ру ўз тадқиқотида Соҳибқироннинг ҳокимият тепасига келиши, давлат тузиши, Эрон, Олтин Ўрда, мусулмон давлатлари билан муносабатлари ва бошқа тарихий жараёнларни очиб берган. ­Беатрис Форбес Манц, Хилда ­Хукхэм сингари олимлар томонидан Амир Темурнинг шахси ва фаолиятини холис­она тадқиқ этилиши ҳам диққатга сазовордир.

Мустақиллик йилларида қатор олимлар томонидан Амир Темур ва унинг фаолиятига бағишлаб бир қанча салмоқли илмий тадқиқотлар қилинди ва бу ишлар давом этмоқда. «Амир Темур жаҳон тарихида» деб номланган йирик фундаментал тад­қиқотлар тўпламида Соҳибқирон ҳукм­ронлик қилган даврда ижти­моий-сиё­сий, иқтисодий ва маданий ҳаётга оид қимматли таҳлиллар, давлатчилик тарихига оид маьлумотлар берилган. Бу тўплам қайта тўлдирилиб, нашр қилиниб борилади.

Амир Темур давлати қурилиши, ҳарбий санъати кўп асрлар давомида Шарқу Ғарб давлатларига ўрнак ва андоза бўлди. Унинг замонида маданият, илму фан, меъморчилик, тасвирий санъат, мусиқа, шеърият беқиёс ривож топди, халқимизнинг кўп анъаналари такомилга етди. Амир Темурнинг маданият ва дин аҳлига кўрсатган чексиз меҳр-муруввати, айниқса, ибратлидир.

Амир Темур дунёнинг қарийб ярмини эгаллаган бўлса-да, у ҳамиша ва ҳар бир ишда адолат мезонларига таяниб иш кўрди ва бу хислатлари билан Европа ҳукмдорларига ўрнак бўлди. Соҳибқироннинг кўплаб давлатлар билан олиб борган яқин қўшничилик сиёсати қатор илмий тадқиқотларда ўз ифодасини топган. Мустақиллик йилларида бу манбалар Амир Темур шахсига холис ва ҳаққоний баҳо бериш имкониятини яратди.

— Соҳибқирон кўп қиррали шахс бўлиши билан бирга санъат ва маданиятни қадрлаган, мамлакат ободлиги, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун жон куйдирган, — дейди халқ­аро Амир Темур хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими раҳбари, иқтисод фанлари доктори, профессор Қўзибой Мамараимов. — Бугунги кунда Президентимиз томонидан олиб борилаётган таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар, маънавиятимиз ва қадриятларимизни тиклаш, бун­ёдкорлик, аҳоли турмуш тарзини янада фаровонлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ­Соҳибқирон томонидан бошланган эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Соҳибқирон «Темур тузуклари»да шундай ёзади: «Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим». «Ҳар неким мамлакат маслаҳати учун айт­дим, қулоғингизда тутинглар. Агар менинг васиятимга амал қилиб адлу эҳсон билан оламни обод қилсангиз, кўп йиллар давлат ва мамлакат сизларда қолғусидир». Асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ўлмас қадриятларимиз ифодаси бўлган бу ҳикматли сўзлар қалбларимизда ҳамиша акс-садо бериб туради.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.