08.04.2017

ЭЪТИБОР ВА ЭЪЗОЗ

Хабарингиз бор, ЎзХДП ташаббуси билан жойларда хайрия тадбирлари ташкил этилиб келинади. Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар ва Олмазор туман кенгашлари, Тошкент шаҳар Ногиронлар жамияти ҳамкорлигида «Доимо эътиборимиздасиз» шиори остида ўтказилган навбатдаги тадбирда уч юз нафарга яқин кексалар, имконияти чекланган инсонлар, боқувчисини йўқотган болалар бир дастурхон атрофида жам бўлишди.

— Бобом ишламайдиган қўллари билан мени опичлаб катта қилган, — дейди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти бош­қарув раиси Комил Абдуллаев. — Шунинг учун ҳам имконияти чекланган инсонларнинг дардини, уларга нималар кераклигини яхши биламан. Қолаверса, турмуш ўртоғим ҳам иккинчи гуруҳ ногирони. Жисмоний имконияти чекланган кишиларга қўлимдан келганча ёрдам кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилишни ҳаётим мазмуни, деб биламан.

Жамиятимиз кўп йиллардан бери ЎзХДП билан ҳамкорлик қилади. Ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш юзасидан таклиф, мулоҳазаларимизни партия гуруҳлари фракциясига юборамиз.

Тадбирда сўзга чиққанлар имконияти чекланган инсонларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш, кўнглини кўтариш зарур эканини қайд этиб ўтди.

Бир гуруҳ кекса отахону онахонлар ўтирган столга яқинлашиб, суҳбатга қўшилдик. Уларнинг ҳар бир ўгитлари катта ҳаётий сабоқ эканига яна бир бор амин бўлдик. Айниқса, етмиш саккиз ёшга кирса ҳам ҳассага таянмаган, қадди букилмаган Дамин Каримовнинг сўзларини мароқ билан тингладик.

— Ўнта неварам бор, — дейди отахон. — Ҳаммаси оилали, уйли-жойли бўлиб, ўзидан тинчиб кетди. Энди нав­бат эвараларимга. Бугунги тадбирга маҳалламизда истиқомат қилаётган бир гуруҳ кексалар билан бирга келдик.

Ҳар куни туриб, маҳалладошларимизнинг ўй-ташвишлари билан қизиқамиз. Ҳаётий тажрибамиздан келиб чиқиб, маслаҳат берамиз. Қўлимиздан келган ёр­дамни аямаймиз. Кекса авлоднинг саъй-ҳаракатларини ёш авлод кўриб турибди. Эртага улар ҳам шундай қилишади. Ҳаммамизнинг тилимизда, дилимизда шукроналик.

Нуронийларга яқин жойлашган стол атрофида ёш йигит-қизлар жамланишибди. Буни қарангки, уларнинг бари олий ўқув юрти талабаси экан.

— Мамлакатимизда ёшлар учун барча шарт-шароитлар яратилган, — дейди ­Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон­ ­Миллий университети талабаси Улуғбек Мансуров. — Қарши шаҳридаги 18-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб-интернатида таҳсил олдим. ­Аввалига ота-онам мени ўзларидан узоқлаштиргиси келмади. Мустақил бўлишга уринаётганимни кўриб, оқ йўл тилашди. Ҳозир битирув малакавий ишимнинг ҳимоясига тайёрланяпман. Бир нечта маҳаллий ва хорижий нашрларда илмий мақолаларим чоп этилди. Магистратура бос­қичида ҳам ўқимоқчиман.

Тадбир якунида иштирокчиларга ҳомий ташкилотларнинг совғалари улашилди. Партия фаоллари, депутатлар улар билан дилдан суҳбатлашди. Имконияти чекланган, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда нуронийларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш бўйича фикр алмашилди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА



DB query error.
Please try later.