06.04.2017

«БОЛАЖОНЛАР БЕҒУБОР ДЎСТЛАРИМ»

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев мухбиримизга болалар адабиёти, таълим-тарбияси, болалар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш хусусида қуйидагиларни гапириб берди

1970 йилда Москвада «Сеҳрли қалпоқча» асарим босилиб чиққанди, — дейди ёзувчи. — Орадан бир йил ўтиб, Италиянинг Рим шаҳрида Жанни Родари бошчилигида Бутун дунё болалар ёзувчиларининг форуми ўтказилди. Унда Жанни Родари томонидан юмор ва саргузаштларга бой бўлган ушбу асарни жаҳон тилларига таржима қилиш тавсия этилган эди. Мана шу воқеаларга ҳам салкам эллик йил бўлибди.

Ҳар қандай миллатда болалар адабиётини ривожлантириш, адабиёт орқали болажонларни юксак маънавият сари руҳлантириш бош масала ҳисобланади. Лекин болаларбоп асар ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Тўғри, баъзи ижодкорларнинг ҳам болаларга, ҳам катталарга ёзган асарлари бирдай севиб ўқилади. Лекин бундай соф ёмби адиблар жаҳон адабиётида камдан-кам учрайди. Мана, Ҳанс Кристиан Андерсенни олайлик. У қоронғу ва ёмғирли тунда извошда кетаётганида, йўловчиларни зериктирмаслик учун уларга ўзи тўқиган эртакни айтиб беради. Ҳикоянинг энг таъсирли жойига келганида, аёллар ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлайди, машҳур эртакчи ҳам ўзи тўқиганларидан таъсирланиб йиғига қўшилади. Бу даражага етиш учун ижодкор қанчалик бой тасаввурга эга бўлиши, болалардай содда, самимий ва донишманд бўлиши керак.

Менинг дастлабки ижодий фаолиятим бугунги «Ўзбекистон овози» газетасида фельетончи сифатида бошланган эди. Шу ёшга кириб, ўн беш йилдан зиёдроқ умримни нега фельетончиликка бағишладим, деган саволга энди жавоб топдим. Мен фельетончи бўлиб жиноятчилик, қал­­лоблик, ёлғончилик, қувлик, шумлик, иккиюзламачиликларнинг турли кўринишларига гувоҳ бўлдим. Ҳатто, баъзан томонларнинг бир-бирига зид кўрсатмаларини тинглаб, кимга ишонишни билмай, эсанкираб қолган пайт­ларим ҳам бўлган. Кейин англаб етганим, кимни тингласам, ўшанинг гапларига лаққа ишониб кетаверган, жамият ҳаётини лойқалатадиган иллатларга қарши курашга отланган Дон Кихот бўлган эканман. Бир ўзим жамиятни яхши томонга ўзгартирмоқчи эдим. Энг фожиали томони, ишонувчанлигим, таъсирчанлигим менга жуда кўп панд берган.

Ана шу жараён, тўғрироғи, ҳар нарсага алданиб қолаверишим болалар адабиётида ўз ўрнимни топишимга олиб келди. Болалар адабиётига мени ана шу ишонувчанлик, самимийлик, умидворлик етаклаган, десам хато қилмайман. Вақти-соати етиб, болалар менинг энг беғубор ва энг яқин, бир умрлик дўстларимга айланди.

Бирор асарни ёзаётганимда, албатта ўз қаҳрамонларимга боғланиб қоламан, ўтирсам ҳам, турсам ҳам бу болалар атрофимда гирдикапалак бўлиб юришаверади. То асарнинг якунига етмагунимча улар мени ҳоли-жонимга қўйишмайди. «Жаннати одамлар» романимни ёзаётганимда, кўп вақтимни боғча болалари, мактабдаги биринчи синф ўқувчилари билан ўтказганман.

Бола онги, қалби 5-7 ёш атрофида шаклланади. Ана шу даврда биз катталар оилада, боғчада, мактабда, маҳаллада ўзимиз ўрнак бўлиб, уларни оқ-қорани, яхши билан ёмонни ажратишга ўргатмасак, кейин кеч бўлади.

Бугун интеллектуал баҳслар замони келди, қайси мамлакатда ақлий салоҳиятни ривожлантиришга ҳал қилувчи масала деб қаралса, ўша мамлакат ғолиблар қаторида бўлади.

Болаларимиз учун мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб хорижий тилларни узлуксиз ўрганиш тизими ишлаб чиқилиши керак. Бу уларга ўз интеллектуал салоҳиятини тўла намоён этиш имконини беради.

Болалар спортини ривожлантириш ва шу аснода умумтаълим мактаблари ҳамда ўрта махсус касб ҳунар даргоҳларида, маҳаллаларда бу соҳага алоҳида эътибор қаратиш – эртанги соғ­лом турмуш тарзи кафолатидир.

Тўғрисини айтиш керак, баъзи ёш ота-оналар фарзандларини етарли даражада тарбиялаш учун вақтлари етмаслигини баҳона қиладилар. Улар фарзандлари тақдирини бувиси ёки бобосига, қариндошларига ишониб топшириб қўяди. Ота-она тарбиясида бўлмаган, улар меҳрига тўймаган бола ҳар хил йўлларга кириб кетади, китоб ҳақида-ку, гапирмай қўяқолай. Китоб ўқимаган, меҳр кўрмаган боладан қўрқиш керак. Китоб ўқиш тўхтаса, демак, фикрлаш тўхтайди.

Мен болалар ёзувчиси сифатида жуда кўп мактабларга бориб, болалар билан, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашаман. Уларга фарзанд тарбиясига беписандлик, лоқайдлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтираман.

Ҳозир қаранг, фарзандларимизнинг гавдаси паҳлавонларникидан қолишмайди, қизларимиз гўзалликда тенгсиз. Хўш, энди уларнинг онги, руҳияти, қалби қай аҳволда? Ана шу масала мени кўп ўйлантиради. Айниқса, шаклланаётган ёшларимизнинг сўз бойлиги камайиб кетяпти. Сабаби, классик адабиётни ўқишмайди, ота-болалар ўртасида деярли мулоқот йўқ. Болаларнинг шу ёшида сўз бойлигини ўзлаштирмаслиги, тафаккур қашшоқлигига олиб келади. Ҳозир мактабда ўқийдиган ўқувчидан тортиб ҳамманинг қўл телефони бор. Шу орқали ёшларнинг кундалик ҳаётига турли хорижий лаҳжалар, жаргонлар, беҳаё сўзлар кириб келди. Жаҳон адабиёти «бренди» остида турли бўлмағур ва кўпинча беҳаёликни тар­ғиб қиладиган асарлар зўр бериб чоп қилиняпти, лекин унда чет эл маданияти уйғониб келяпти. Ўзбек тилига ўгираётган баъзи бир асарларда ҳам ана шунга мойиллик, чет эл маданиятига рағбат бор.

XX аср қонли тўқнашувлар, турли инқилоблар, ижтимоий қарама-қаршиликлар, сиёсий ўйинлар, шафқатсиз воқеа ва ҳодисалар исканжасида XXI аср дарвозасини очиб берди. Ва бу бешафқат асрда дунё болаларининг шодон болалик, меҳрга ташналик, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишга ҳақ-ҳуқуқи ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Шунинг учун болалар адабиётида ҳамиша адолат тантана қилади, ёвузликдан яхшилик ғолиб келади.

Биз эртаксевар халқмиз, эртак-афсоналаримиз кўп. Нимага кўп? Чунки барча орзу-умидларимиз, бой ва учқур тасаввурларимиз ана шу эртак-афсоналарга жамланган. Энг муҳими, улар яхшилик, мурод-мақсадга етиш билан якунланади. Ана шу муҳитда тарбия топган фарзанд, албатта кенг феълли, атрофдагиларга меҳрибон, сермулоҳаза, ҳар қандай вазиятни холис баҳолай оладиган инсон бўлиб вояга етади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.