06.04.2017

ДОРИ-ДАРМОН АРЗОНЛАШМОҚДА

Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўпчиликни ўйлантириб келаётган масалаларни ҳал этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Мухбиримиз ушбу қарор ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан суҳбатлашди.

— Мазкур қарор халқимизни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш ишларини тартибга солиш, тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди, – дейди «Дори-дармон» акциядорлик ком­панияси Бошқаруви раиси ­Абдуғани Камилов. — 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб 116 маҳаллий ва 227 хорижий корхоналарда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларига чегараланган нархлар белгиланди. Улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиз, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда устамалар жорий этилди. Бу биринчи нав­батда аҳоли ва дорихона муассасаларига катта қулайликлар туғдирди. Шунинг­дек, қарорда кўрсатилган дори воситалари ва тиббий буюмлар компаниямиз тизимидаги дорихона муассасаларида қайта нархланиб, чегараланган нархлар белгиланди. Бу борадаги маълумотлар компания сайтига ва дорихоналарда истеъмолчилар бурчагига жойлаштирилди. Энди фуқароларимиз дори-дармон харид қилишда ушбу маълумотлардан кенг фойдаланиши мумкин.

 Бундан ташқари, дорихоналарда зарур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати, белгиланган нархларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чекланган нархлари ҳамда чекланган нарх­ларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун қиёсий жадвали илиб қўйилган.

Хориждан келтириладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар бўйича тендер савдолари бўлиб ўтди. Тендернинг даст­лабки натижаларига кўра, компаниямиз ва унинг бўлинмалари 167 турдаги дори препаратларининг 140 таси, яъни 86 фоизи бўйича ғолиб деб топилди.

Масалан, Россияда ишлаб чиқариладиган «Гепарин 5000 ЕД/мл 5 мл №5» дори воситасининг хусусий дорихоналардаги чакана нархи ўртача 45 минг 600 сўмни ташкил қилса, тендер якуни бўйича олиб келинадиган дори воситасининг чакана нархи 16 минг 236 сўмга тенг бўлди, яъни унинг нархи 64 фоизга арзонлашди. Италияда ишлаб чиқариладиган «Неотон пор.д/приг. р-ра 1г №1» дори воситасининг хусусий дорихоналардаги ўртача чакана нархи 155 минг сўм бўлган бўлса, эндиликда бу дори воситасининг чакана нархи 42 минг 325 сўм қилиб белгиланди.

Ҳозирда компания таркибида 8 акциядорлик ва 12 масъулияти чекланган жамият, 17 дори омборхонаси, 15 назорат-таҳлил лабораторияси ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларида жами 1400 дан ортиқ дорихона муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Дорихона муассасаларининг 76 фоиздан кўпроғи қишлоқ жойларида, шу жумладан 758 таси қишлоқ врачлик пунктларида жойлашган. Қолаверса, ушбу қишлоқ врачлик пунктларидаги дорихона шохобчаларида дори воситалари ва тиббий буюмлар ассортименти 350-600 турдан иборат бўлиб, уларнинг асосий қисми, яъни 85-90 фоизи маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган.

Чекка ҳудудлардаги қишлоқ аҳолисини дори воситалари билан таъминланишини янада яхшилаш мақсадида махсус жиҳозланган «ISUZU» русумли изотермик автофургонларда 14 кўчма дорихонанинг фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, «DAMAS» русумли автомашиналар негизида қўшимча равишда яна 100 кўчма дорихона ташкил этилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган жадвал асосида республикамизнинг чекка ҳудудларидаги аҳолига кўчма дорихоналарда керакли дори воситалари ва тиббий буюмлар етказилмоқда. Хусусан, 2016 йилда кўчма дорихоналар орқали аҳолига 6,5 миллиард сўмлик савдо хизмати кўрсатилди.

Ҳудудларда 129 ижтимоий дорихона ташкил қилинди. Уларда сотилаётган дори воситалари нархининг арзонлиги ва хизмат кўрсатиш сифати аҳолини мамнун қилмоқда.

Жорий йилда Қорақалпо­ғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида компаниямиз томонидан 30 туманда ижтимоий дорихоналар, ­«ДАМАС» автомобилларида қўшимча 40 кўчма дорихона ташкил этилади.

Дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳу­қуқига эга бўлган шахслар, яъни онкологик, сил, руҳий, эндокринологик (қандли ва қанд­сиз) касалликларга чалинганлар, ОИВ касаллигини юқтирганлар, юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилганларга, уруш меҳнат фронти қатнашчилари, байналмилалчи жангчилар, ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга дори-дармонлар бепул берилади.

— Ҳозирги кунда юртимиздаги 146 фармацевтика корхонасида тиббиётнинг барча йўналишларида қўлланиладиган 2 минг номдан ортиқ дори-дармон ишлаб чиқарилмоқда, — дейди «Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни ап­парати раҳбари Нозир ­Ибрагимов. — Улардан мамлакатимиз тиббиётида кенг фойдаланилмоқда, айни пайтда, ушбу фармацевтика маҳсулотлари дунёнинг 13 давлатига экс­порт қилинмоқда. Мамлакатимизда 2020 йилгача бўлган давр­да фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир умумий қиймати 223,9 миллион долларга тенг 67 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу эҳтиёж юқори бўлган, импорт ўрнини босадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробарга оширади.

Жорий йилда янги корхона ва цехлар барпо этиш ҳамда мавжуд қувватларни модернизациялаш ҳисобидан 160 янги дори-дармонни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнларини, тиббий препаратлар, тиббиёт буюмлари ва воситаларининг сифатини назорат қилиш устувор йўналиш этиб белгиланган. Бу йўналишда корхоналарда алоҳида бўлим, замонавий синов ва таҳлил воситалари билан жиҳозланган махсус лабораториялар фаолият юритади. Ҳозирда 33 корхона ISO-9001 сифат сертификатига ва 11 корхона GMP стандартига мувофиқ тарзда фаолият юритмоқда.

Фармацевтика саноатини янада ривожлантиришда жаҳондаги етакчи ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликнинг аҳамияти катта. Ҳозирги кунда бу йўналишда Россия, Украина, Ҳиндистон, Беларусь, Жанубий Корея, Хитой ва бош­қа давлатларнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Айни вақтда жигар касаллигини даволашда қўлланиладиган Эссенциале, оғриқ қолдирувчи ва даволашда кенг фойдаланиладиган ­Но-шпа, қанд касаллиги билан оғриганлар учун Инсулин каби шифо воситаларини юртимизда ишлаб чиқариш юзасидан изланишлар изчил давом этмоқда.

Ҳозирда жаҳон тиббиётида доривор гиёҳлар ва улар асосида яратилган табиий шифо воситаларига эҳтиёж тобора ошиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, ҳудудларимизда ўсадиган ҳар бир табиий гиёҳдан оқилона фойдаланиш мақсадида узлуксиз чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда бу борадаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Шеробод, Узун, Денов, Сариосиё, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб, Сирдарё вилоятининг Боёвут, Сирдарё, Гулистон туманларида доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар барпо этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Доривор ўсимликларни қайта ишлаб, табиий шифо воситалари ишлаб чиқарадиган янги қувватларни ишга тушириш ҳам кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, 2020 йилга бориб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган асосий дори воситалари рўйхатининг 70 фоизини мамлакатимизда ишлаб чиқариш режалаштирилган.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: