06.04.2017

ИНСОНЛАРГА МЕҲР, МУҲАББАТ УЛАШАМИЗ...

Ҳаётда нималар бўлмайди. Соппа-соғ юрган инсон бир кунда бемор. Тўкин-сочин яшаётган оила ёрдамга муҳтож. Фарзандларини оқ ювиб, оқ тараган ота-онага кўмакчи тиргак йўқ... Бу мураккаб умр кечмишлари барчамизнинг кўз ўнгимизда юз бермоқда. Лекин биз бугун ўта шиддатли, баъзи одамлар орасида меҳр-оқибат тушунчалари бир қадар кўтарилган, ҳатто, яқинлари, дўст-биродарларига эътибор кўрсатиш учун фурсат тополмайдиган бир даврда яшаяпмиз. Қандай қилиб шу замонда минглаб кишиларни кўнглига йўл топиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, беғараз ёрдам беришга улгурса бўлади.

«Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондининг ўтган йилги фао­лияти таҳлилига бағишланган тадбирда қатнашар эканман, кўнглимдан ана шу саволлар ўтди. Очиғи, фонд томонидан бажарилган ишларнинг кўлами кенглиги мени ҳайрон қолдирди.

Йиғилишни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова кириш сўзи билан очиб, фонд томонидан амалга оширилаётган ишлар, олдинда турган устувор масалалар ҳақида фикр билдирди.

— Бугун мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди у. — Бу ўз навбатида жамоат ташкилотлари зиммасига ҳам жиддий вазифалар юклайди. «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди фаолиятининг асосий йўналишларидан бири тиббиёт тизимини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлашга қаратилган.

Президентимизнинг тиббиёт соҳасини ислоҳ этиш бўйича қатор фармон ва қарорлари эълон қилинмоқда. Уларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш, халқимиз ўртасида меҳр-оқибат туйғуларини янада мус­таҳкамлаш зарур.

— Фондимиз ташкил қилинганига ўттиз йилдан ошди, — дейди «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди бошқаруви раиси Асрол Мирзаҳмедов. — Шу давр мобайнида фондимиз жамият ҳаётида ўз ўрнини топди. Асосий йўналишимиз ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, ногиронлар, беморлар, боқувчисини йўқотган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга кўмаклашиш, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни оширишдан иборат.

 Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифа ҳисобланади. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ.

Фонднинг ўтган йилдаги фаолиятини сарҳисоб қиладиган бўлсак, Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг кўмагида давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан жамоат фонди ҳисоб рақамига 2.479.347.000 сўм хайрия маблағи келиб тушди.

Ушбу маблағлар фуқароларнинг соғ­лиғини муҳофаза қилиш, беморлар учун малакали шифокорлар маслаҳати ва даволаш ишларини уюштириш, тиббиёт муассасаларини тиббий буюмлар, муҳтож оилаларда яшовчиларни озиқ-овқат, кийим-кечак ва дори-дармонлар билан таъминлаш сингари хайрли ишларга сарф этилди.

Умуман олганда, 2016 йил якунига кўра, жамоат фондининг хайр-эҳсон ҳамда ҳомийлик харажатлари — 1.663.974.729 сўмни ташкил этди. Ушбу рақамнинг ўзи ҳам жамоат фонди томонидан қилинган ишларнинг кўлами ва миқёсини яққол кўрсатиб турибди.

 Йил якунига кўра, жамоат фондининг жами харажатлари — 1.842.121.450 сўмни, хайр-эҳсон ва ҳомийлик харажатлари эса — 1.663.974.729 сўмни ташкил этиб, жами харажатларига нисбатан — 90.3 фоизни, хўжалик харажатлари эса – 9.7 фоизни ташкил этди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ишлаб чиқилган режага асосан қатор ишлар амалга оширилаяпти. Бу борада фонднинг вилоятлардаги ваколатхоналари ва ҳудудий муассасалари олдида муҳим вазифалар турибди. Хусусан, ёлғиз ва ижтимоий мададга муҳтож кекса ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш ва маънавий ёрдам кўрсатиш, ёлғиз кексалар, Иккинчи жаҳон уруши, меҳнат фронти фахрийлари ва ногиронларини тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда соғ­ломлаштиришга жиддий эътибор қаратишимиз талаб этилади.

— Фонд фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, — дейди «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди ­васийлик кенгаши аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Малика Хўжаева. — Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молия­лаш­тирилган «Кекса ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳаёт даражаси сифатини юксалтириш» мавзусидаги ижтимоий ло­йиҳага асосан Хўжайли, Зомин, Шаҳрисабз, Қўқон Мурувват интернат уйида яшаётган 1100 нафар кекса ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш учун қарийб 130 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Энг муҳими, жойларга бориб, одамлар билан юзма-юз суҳбат қурилди, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Биринчидан, бу беморларнинг кайфиятини кўтариш, кўнглини олишга хизмат қилса, иккинчи томондан бошқалар учун ибрат ҳамдир.

— Ҳар қандай жамоат ташкилотининг фаолияти жойларда кўпроқ сезилиши керак, — дейди«Меҳр-шаф­қат ва саломатлик» жамоат фонди Қашқадарё вилояти ваколатхонаси раҳбари Қанот ­Азизов. — Бунинг учун ҳудудий муассасалар фаолроқ бўлиши талаб этилади. Чунки улар бевосита аҳоли билан ишлайди, уларни ўйлантираётган муаммолардан хабардор бўлади. 2016 йил давомида хайр-эҳсон ва ҳомийлик учун 100 миллион сўмдан ортиқроқ маблағ сарф этилди. Етмишга яқин фуқарога вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси билан ҳамкорликда тиббиёт муассасаларида даволаниши учун бепул йўлланмалар ажратилди.

Йиғилишда, шунингдек, «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди фахрий раиси, академик Шабот Хўжаев, Васийлик кенгаши аъзолари Мухтор Усмонхўжаев, «Ўзбекистон овози» ва ­«Голос Узбекистана» газеталари бош муҳаррири биринчи ўринбосари Фаррух Ҳамроев сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.