06.04.2017

МУРОЖААТЛАР ЕЧИМ ТОПМОҚДА, АММО...

Хоразм вилоят партия кенгаши Жамоатчилик қабулхоналари иш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Электоратимиз вакилларини ўйлантираётган муаммоларга ечим топишда жойларда ташкил этилаётган кўчма қабулхоналар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Янгиариқ туманида ўтказилган кўчма қабулхонага ўн икки нафар фуқаро ўн саккизта масала бўйича мурожаат қилди.

Туман марказидаги «Урганч» маҳалласининг Урганч кўчасида яшовчи фуқаро Муборак Матёқубова мазкур кўчага ичимлик сув қувурлари тортилгани, аммо қувурлар ёрилгани боис аҳоли ичимлик суви таъминотида қийналаётгани борасида мурожаат қилганди.

Фуқаро Ибодулла Оллаберганов ҳам долзарб масала юзасидан мурожаат этди. «Истиқлол» маҳалласи ҳудудида яшайдиган аҳоли тоза ичимлик сув билан тўла таъминланмаган.

Раъно Бобожонова туман марказининг Навоий номли кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳам ичимлик сув муаммосидан қийналаётганини айтган. Кўчага тортилган қувурлар эскиргани, ёрилганидан сувнинг сифати ўта ёмон даражада. Ҳатто истеъмолга яроқсиз бир аҳволда.

Мазкур мурожаатлар асосида партия вилоят кенгаши Янгиариқ тумани ҳокими К.Сабировга ҳамда «Туямўйин-Урганч» минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бош­қармасига расмий хат билан чиқишганди. Мазкур бошқарма ди­ректори вазифасини бажарувчи ­И.Бобожонов йўллаган жавоб хатида Янгиариқ шаҳарчаси «Урганч» маҳалласининг Урганч кўчасидаги сув тармоқларидаги носозликлар қисқа фурсатда бартараф қилингани айтилади. Шунингдек, «Истиқлол» маҳалласи аҳлини сув билан таъминлаш 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурга киритилган. Навоий номли кўчага тортилган сув қувурларини таъмирлаш масаласи ҳам маблағ туфайли ўз вақтида ҳал қилинмаётгани қайд этилган.

Фуқаро Қурамбой Эшчанов 2013 йилда Огаҳий маҳалласи кўчасига асфальт ётқизилгани, аммо ишлар чала қолгани, бунинг устига ётқизилган асфальт сифатсизлиги туфайли тезда ишдан чиқиб, йўллар носоз бўлиб қолаётгани ҳақида мурожаат қилганди.

Янгиариқ туман ободон­лаш­тириш бошқармаси бошлиғи ­С.Вафоевнинг шу масала бўйича вилоят партия кенгашига юборган жавоб хатида Гулланбоғ қишлоғининг «Дўстлик» маҳалласи ички йўлларига 2012-2014 йилларда режа бўйича асфальт ётқизилгани, аммо ишлатилган битумнинг сифатсизлиги боис бузилгани қайд қилинади. Ва бу йўллар кейинги йилларда режага асосан қайта таъмирланиши айтилади.

Қизиқ ҳолат: мазкур маҳалланинг 200 метр ички йўлига ўтган даврда асфальт ётқизилган, аммо битум сифатсизлигидан бор-йўғи икки юз қадамлик равон йўл тезда афтода ҳолга келиб қолган. Мазкур иш учун масъул бўлган ташкилот нега бунга йўл қўйди, ким сифатсиз битумни ишлатди, бунинг натижасида давлатнинг қанча маблағи ҳавога учди? Бунга кимлар айбдор?..

Кейинги йилларда нафақат мазкур маҳалла, балки бошқа маҳаллалар ва кўчаларнинг ички йўлларини асфальт қилиш режага асосан олиб борилиши белгиланган экан, яна тағин сифатсиз битум ишлатилмаслигига ким кафолат беради?

...Кўчма қабулхонага мурожаат қилган фуқаро Султонпошша ­Авезова туманда ўн икки минг нафар пенсионер истиқомат қилишини айтиб, пенсия пуллари пластик карточкаларга тўлиқ ўтказилган давр­да савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида терминаллар йўқлигидан кишилар қийналаётганини билдирганди. Пенсионерларга пенсиялар нақд пулда берилиши таъминланди. Аммо пластик карточкада хизмат кўрсатиш, савдо, хизмат шохобчаларида терминаллар тўлиқ ўрнатилиши муаммоси ҳамон ҳал бўлгани йўқ...

Фуқаролар мурожаатлари бўйича бир қатор тегишли ташкилот раҳбарларига партия вилоят кенгаши расмий хат билан чиққанди. Аммо орадан икки ойча вақт ўтган бўлса-да Янгиариқ туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи А.Бобоев, туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори ­М.Матёқубов, «Янгиариқ тумангаз» филиали бошлиғи Х.Жуманиёзовлар ҳали-ҳамон фуқаролар мурожаатлари бўйича юборилган хатларга жавоб қайтаришга шошилмаяпти. Аҳоли масканларини табиий газ билан таъминлашдаги узилишлар, айрим ҳудудларда йўлларнинг торлиги, йўллардан одамлар ўтишида қийинчиликлар мавжудлиги, автомобиллар ҳаракат тезлигини тартибга солиш каби масалалар асоссиз равишда ўз ечимини топмаяпти.

— Кўчма жамоатчилик қабулхонасига фуқаролар турли масалаларда мурожаат қилишади, — дейди партия вилоят кенгаши бўлим мудири, вилоят Кенгаши депутати Нодира Одамбаева. — Бу масалаларни жойларнинг ўзида ҳал қилиш мумкин. Фақат масъулият билан ёндашилса, сансалорчиликка йўл қўйилмаса одамларни ўйлантираётган муаммолар тезда ечим топади.

Партия вилоят кенгашининг кўчма жамоатчилик қабулхоналари туманларда тизимли равишда ташкил қилинмоқда. Бу эса фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга ва албатта айрим боқибеғам масъул раҳбарларни сергак торттиришга хизмат қилиши, шуҳбасиз.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.