04.04.2017

РАВОН ЙЎЛЛАР, МУҲТАШАМ КЎПРИКЛАР

пойтахтимиз чиройига чирой қўшмоқда, муаммоларга ечим топмоқда, одамлар яратилаётган имкониятлардан мамнун бўлмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 февраль куни Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳадаги кўприк қурилиши билан танишиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган эди. Давлатимиз раҳбари 25 март куни қуриб битказилган кўприкни бориб кўрди.

Бу каби бунёдкорлик ишлари аҳолига янада қулайлик яратиш, турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур кўприк ҳайдовчилар ва пиёдаларга бир қанча қулайликлар яратди, автомобиллар ҳаракатининг узлуксизлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Комил Қосимов, «1-Чарх-Камолон» маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси:

— Одамлар манфаатини ўйлаб, мана шундай улкан бун­ёдкорлик ишлари қисқа муддатда амалга оширилганини айтадиган бўлсам, ёзиб олишга қаламингиз етармикан.

Майли, ҳеч бўлмаса, уларнинг айримларини айта қолай. Олдинлари мана шу кўчада транспорт ҳаракати кўп бўлгани боис, тирбандликлар юзага келиб, ҳайдовчилар асабийлашишарди.

Энди, бугунги имкониятларни қаранг, кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун ер усти ўтиш йўлаги барпо этилган. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ёғин-сочинли кунлар ҳам ҳисобга олиниб, ҳимоя­ланиш мосламалари ўрнатилган. Бундан ташқари, ёши улуғ инсонлар ҳам назардан четда қолмаган. Улар йўлакка чиқишлари учун махсус лифт ҳам қуриб қўйилган. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприк қурилиш трести» унитар корхонаси қурувчиларига катта раҳмат, барака топишсин. Бундан ҳамма хурсанд, дуода. Ҳозирда кўприк атрофини янада ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Ўзини Камола Арипова деб таништирган аёл фар­занд­ларини боғчадан олиб қайтаётганини айтди. Мақсадимизни билгач, унинг кўзлари порлаб, қувонч билан гапира кетди.

— Бу кўприк ва кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун ер усти ўтиш йўлаги бунёд этилгани учун раҳмат айтмоқчиман, — деди у. — Уйимиз ушбу катта йўлнинг яқинида жойлашган ва ҳар куни болаларимни йўлнинг иккинчи томонида жойлашган боғчага олиб бораман. Ушбу янги кўприк ва ер усти ўтиш йўлаги қурилмасдан олдин жуда қийналар эдим. Ёзнинг иссиғию, қишнинг қировли кунларида фарзандларимнинг қўлидан маҳкам ушлаб, минг хавотирда кўчадан ўтиб қайтардим.

Энди кўнглим хотиржам. Бу каби қўлайликлардан жуда мамнунмиз.

Рифат Зайдулин, ҳайдовчи:

— Ўттиз йилдан буён ҳайдовчилик қиламан. Пойтахтимизда транспорт воситалари кўпайиб бормоқда. Аслини олганда бу одамларимизнинг турмуш даражаси юксалаётгани, юртимиз йилдан-йилга фаровонлашаётганидан далолатдир. Бироқ чорраҳадаги тирбандлик биз каби ҳайдовчиларга қийинчиликлар туғдирарди. Айниқса, эрталаб ва кечки пайт йўлга машиналар сиғмай кетарди. Кимдир ишга, кимдир ўқишдан кеч қоларди.

Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳада кўприк қурилганидан биз ҳайдовчилар бошқалардан кўра кўпроқ хурсандмиз. Ўзим ҳар куни ушбу чорраҳадан кунига 8-10 марталаб ўтаман. Олдинлари 40-50 минут сарф қилган масофага ҳозир 15-20 минут кифоя қилмоқда. Ҳар доим уш­бу янги кўприк устидан ўтганимда завқланаман, бу хайр­ли ишлар бошида турган кишилардан миннатдор бўламан.

Нилуфар ЮлдашеваЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:

— Янги кўприкнинг қурилиб фойдаланишга топширилиши пойтахтимиз аҳолиси учун Наврўз байрамига муносиб туҳфа бўлди. Ушбу кўприк автомобиллар тирбандлигини ­камайтириш, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт ва маблағ йўқотишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Йўловчи сифатида ҳар куни мана шу янгидан бун­ёд этилган кўприк устидан ўтар эканман, кўнглимни фахр-ифтихор ҳисси чулғаб олади. Чунки олдинлари мана шу йўлдан ишга бориш учун камида 40-45 минут вақт кетар эди.

Бундай замонавий кўприклар пойтахтимизда кўпайиб бораётгани мамлакатимиз жадал ривожланаётгани, халқимиз улкан ютуқ ва марраларга эришаётганлигининг ёрқин исботидир.

Зубайда Тўйчиева, «1-Чарх-Камолон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ЎзХДП аъзоси:

— Президентимиз шаҳар қиёфасининг ўзгаришида бу каби муҳташам кўприкларнинг аҳамияти ҳақида тўхталаркан, экология нуқтаи назаридан ҳам бу муҳимлиги, автомобиль ёнил­ғисининг кўп ишлатилиши атроф-муҳит мусаффолигига салбий таъсир қилишини ҳамда бир жойда транспорт тиғизлиги юз берса, бошқа жойга ҳам таъсир кўрсатишини таъкидлади. Кўприклар мана шу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилишини тушунтирди. Маҳалламиз янги бунёд этилган кўприк яқинида жойлашгани боис, бу сўзлар нечоғли ҳақиқат эканлигига ҳар куни гувоҳ бўлардик.

Тўғриси, баҳор ва ёз фаслида автомобилларнинг тирбандлиги, улардан чиқаётган тутунларнинг ҳиди ҳатто кўп­қаватли уйда яшаётганларнинг ҳам димоғига уриларди. Бу ҳам етмагандек, транспорт воситалари эгалари бир-бирига йўл бермай кетма-кет сигнал беришлари асабингизга тегарди. Эндиликда бу каби ҳолатларга ҳам чек қўйилди. Бундан маҳалладошларимиз жуда хурсанд. Биз аҳолини тинч ва осуда ҳаёт кечиришини таъминлаётган ­Президентимиздан чексиз миннатдормиз...

Ким билан, қайси касб эгаси билан суҳбатлашмайлик, яратилган бу имкониятлар, инсон манфаати учун қилинаётган бу ишлардан мамнунлигига гувоҳ бўлдик. Энг муҳими, одамлар эътибордан, муаммоларга ечим топилаётганидан хурсанд.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.