Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
04.04.2017

МУЛОҚОТ ВА МАСЪУЛИЯТ

Бугун мамлакатимизнинг қай бир гўшасига йўлингиз тушмасин, ранг-баранг тадбирлар, яхши ниятда ўтказилаётган очиқ-ошкора мулоқотлар, кўнгилли воқеалар устидан чиқасиз. Мурожаатлари эшитилган, саволига жавоб топилган одамларнинг кайфияти кўтарилгани, ўзига ишончи ортгани, кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшилгани яққол сезилади.

Тадбирлар, турли суҳбатлар ва учрашувлар кўлами янада кенгаймоқда, мазмунан бойиб бормоқда. ­Парламент аъзолари ҳудудларга чиқиб, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамроҳлигида уйма-уй юриб, сайловчилар, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ўтказ­япти. Маҳаллий ҳокимлар мутасаддилари қишлоғу маҳаллаларда реал ҳаётни ўрганяпти, натижада ечимини кутиб турган муаммолар ҳал этил­япти, умид билан берилган саволлар жавобсиз қолмаяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан аҳолига ҳисобот бермоқда, профилактика ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Тадбирлар, суҳбату мунозараларда қишлоқлар, маҳаллалар, умуман, ҳудудларни ривожлантириш, муаммоларга ечим топиш, ҳаётимизни янада фаровонлаштириш ҳақида қанчадан-қанча фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда, таклифлар айтилмоқда, хоҳиш-­истаклар изҳор этилмоқда.

Буларнинг барчаси халқ билан очиқ ва самимий мулоқот ўрнатишнинг, одамлардан кўнгил сўраб, уларни қўллаб-қувватлаш ва руҳлантиришнинг аҳамияти, қадри нақадар юксак эканини кўрсатмоқда. Айни пайтда бу борадаги ислоҳотлар ҳар бир ташкилотдан ўз фаолиятини танқидий таҳлил қилишни, қотиб қолган, йиллар давомида ўзгармай келаётган эскича иш усулларидан воз кечишни, «менинг билганим — тўғри», деган хаёл билан ўз қобиғига ўралиб олмасдан, кўпнинг фикри асосида иш тутишни, одамлар билан юзма-юз туриб, амалий мулоқотга киришишни талаб этмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида долзарб ва ҳаётий вазифалар белгиланиши барча даражадаги давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялар ташкилотлари зиммасига ҳам катта масъулият юклади. Чунки бугун сайловчилари, аъзолари, электорат вакиллари, хайрихоҳлари билан самарали мулоқот қилмаган, уларнинг таклиф ва истакларига таяниб ташаббуслар билан чиқмаган партиянинг обрўси кўтарилмайди. Ҳисобот ёки маълумотнома жадвалини тўлдириш, яъни фақат расмиятчилик учун тадбир ўтказадиган партия ташкилоти, «сайлов ўтди, кейинги сайловгача бир гап бўлар» каби хаёлларга берилиб юрган депутат хато қилади, ишончни йўқотади.

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига кўра, сиёсий партиялар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш мақсадида, хоҳиш-иродани эркин билдириш, ошкоралик каби принциплар асосида тузилади ва фаолият кўрсатади. Ушбу қонунга мувофиқ, сиёсий партия ташкил этилишига энг аввало фуқароларнинг шахсий тасдиғи асос бўлади. Демак, сиёсий партия ташкилотлари, етакчилари ва депутатлари ўзини қўллаб-қувватлаган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга, аъзоларининг хоҳиш-­истакларини ўрганишга, айни чоғда уларни рўёбга чиқариш учун интилишга масъул ҳисобланади. Яъни, сиёсий партиялар ўз аъзолари, сайловчилар, умуман, аҳоли вакиллари билан доимий мулоқотда бўлиши, уларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларига таянган ҳолда фаолият юритиши зарур.

 Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналишида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таъбир жоиз бўлса, янги босқичга кўтариш бўйича долзарб вазифалар белгиланди. Хусусан, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш масаласи кўзда тутилган. Унга кўра, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришда, шунингдек, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этишда парламент ваколатлари янада кенгайтирилади. Сиёсий партиялар фаолиятига алоқадор қонунларга киритилиши кутилаётган ўзгартиришлар натижасида партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини кўриб чиқиш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш ҳақидаги таклифларни киритиш ва бошқа ваколатларга эга бўлади.

Шуни ҳар доим ёдда тутишимиз керакки, ваколат кенгайгани сари масъулият ҳам ортиб боради. Кенгаш сессиясига масала киритиш, мутасадди раҳбарнинг ҳисоботини эшитиб, таҳлил қилиш, ҳудудни ривожлантириш учун таклиф бериш йўл-йўлакай, осонлик билан бўладиган иш эмас. Ҳаётий фикр, ташаббус ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бунинг учун маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ҳаётни ўрганиш, одамлар билан юракдан гаплашиш, амалий мулоқотни изчил йўлга қўйиш лозим. Бу масалада маҳаллий партия кенгашларининг ташкилотчилиги, салоҳияти ва қатъиятлилиги, улар ўтказаётган тадбирларнинг самарадорлиги долзарб аҳамият касб этади. Аммо, афсуски, баъзи ҳолларда эскича ишлаб, номига тадбир ўтказиш билан овуниб қолинмоқда.

Одатда зерикарли тадбирлар бир-бирига жуда ўхшаб кетади. Улар бир хил «сценарий» асосида ўтади. Яъни, маълум бир идоранинг залига одамлар йиғилади. Белгиланган мавзу бўйича олдиндан тайинланган икки-уч киши ёзиб қўйган юзаки нутқини ўқиб беради. Кейин ташкилотчи кимда қандай фикр ёки савол борлигини сўрайди. Аксарият ҳолатларда иштирокчилар умумий мавзуларга қизиқмагани учун бу сўровга эътибор билан қарамайди. Шунинг билан тадбир якунланади. Бундай пайтда ўйланиб қоласан, киши: тадбир ўтказишдан, оввора бўлиб одам йиғишдан мақсад нима эди, ўзи?..

Айрим тадбирларда партия сайловолди дастурида ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани, бу борада долзарб вазифалар белгилангани таъкидланади-ю, уларнинг ижроси бўйича ҳудудда партия ташкилоти ёки депутатлар ташаббуси билан айнан қандай амалий иш қилинди, деган савол очиқ қолиб кетади.

Бугун одамлар умумий мулоҳазалардан кўра, фикр юритишга, амалий ва аниқ бир натижага ундайдиган, камчиликларни кўрсатадиган, уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиладиган, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тушунтириб бериладиган тадбирлар, суҳбат ва мулоқотларга муҳтож. Бундай мулоқотларни халқимиз нафақат ёқлайди, балки чин дилдан қўллаб-қувватлайди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши тадбирларни мутахассислар, маърузачилар таклиф қилиб, фойдали ва қизиқарли тарзда ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Лекин қу­йига тушилган сари тадбирларнинг долзарблиги, самарадорлиги паса­йиб бораётгандек. Баъзан бирон сабаб билан одамлар йиғилган даврага кириб, тадбир ўтказиб олиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Яъни, айрим ташкилотчилар учун тадбирнинг самарадорлиги, аудиторияга мослиги кейинги ўринга тушиб қолмоқда. Бундай юзаки ёндашув «нима бўлса бўлсин, тадбир ўтса, маълумот қоғози тўлса бўлди», деган хулосага олиб келади. Бу бора-бора ёмон одатга айланади.

Тадбирлар ҳақида «шунча одам келди, депутатлар, фалон ташкилотлардан вакиллар келди, зал тўлди, ҳеч ким эрта кетиб қолмади, умуман, ҳаммаси зўр бўлди» каби сўзлар билан қаноатланиш ярамайди. Бундай тартибда фикрлаш, ишлаш бугун ҳеч кимга ярашмайди. Тадбирни режалаштириш, жой топиб, одам йиғишдан олдин одамларнинг вақтини олиб қандай муҳим гап ёки фикр айтмоқчи эканимизни, кўриб чиқилаётган масаладан жамиятга, реал ҳаётга қандай наф борлигини обдон ўйлаб кўришимиз талаб этилади.

«Аёллар ва жамият», «Инсон ҳуқуқлари ва демократия», «Фарзанд тарбияси ва оиладаги муҳит», «Ижтимоий фаоллик — муҳим масала» каби бир неча йиллар аввал белгиланган умумий мавзуларда, азалдан мавжуд хулосаларни айтиб, ҳамма ҳудудларда бир хил тадбир ўтказиш замони аллақачон ўтиб кетди. Кабинетда ўтириб, тадбирга мавзу белгиланадиган, ҳар хил ло­йиҳалар ишлаб чиқиладиган иш услуби ҳаётга тўғри келмайди. Депутатлар, партия ташкилотлари етакчилари билан одамлар кўпроқ қайси мавзуларда мулоқот қилишни истайди? Уларни қандай масалалар, қанақа саволлар ўйлантираяпти?.. Бошқача айтганда, қайси мавзулар долзарб эканини аввало одамларнинг ўзидан сўраш, бу борада улар билан фикрлашиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бирон туман ёки шаҳарда ёшлар олдида минбарга чиқиб, қонун устуворлиги ҳақида сўз юритаётган депутат ёхуд мутасаддиларнинг қўлида муайян қонуннинг ўша ҳудуддаги ижроси қандай таъминланаётгани хусусида аниқ маълумот, таҳлил бўлиши лозим. Шубҳасиз, қонунларни моддама-модда ўқиб бериш мумкин. Бироқ тадбирга келиб, расмий маърузадан ташқари бирон бир «йилт» этган фикр эшитмаган ёшлар бундан охир-оқибат нимани ўрганади? Бир-икки соат вақт сарф­лаб, қатнашчиларнинг юраги жиз этмаса, бундай тадбир ўтказишдан, ўзи билан қўшиб бошқаларни ҳам оввора қилишдан кимга нима наф?..

Тадбирларда очиқ-ойдин мунозараларни тинглаган ёшлар ҳар томонлама хулоса чиқаради, ўрганади, ўрнак олади.

Баъзи муҳокамаларда маърузачи ёки ташкилотчилар муаммолироқ масалаларни четлаб ўтишга ҳаракат қилади. Лекин одамлар гапга озгина ёлғон аралашса, дарҳол сезади, кўнгли совий бошлайди. Аксинча, ­муаммони очиқ айтиб, уни ҳал қилиш йўллари ва имкониятларини қидирган кишининг ҳурматини жойига қўяди, қўллаб-қувватлайди, керак бўлса, ёнида туриб ёрдам қўлини чўзади.

Энди бир ўйлаб кўрайлик, туманларда, айниқса, қишлоқ жойларда тадбирга келган иштирокчи рас­мият­чилик кайфиятини сезса, ҳаётдан узоқ мулоҳазаларни эшитиб ўтирса, у қандай ҳолатга тушади? Кўнглидан нималар кечади? Семинар ёки ўқувдан ўзини қизиқтирадиган маълумот ёхуд янги ахборот ололмаса, керакли мулоҳаза тингламаса, унда ислоҳотлар ва демократия ҳақида ёрқин тасаввур қаердан, қандай қилиб уйғонади?

 Уч-тўрт одамнинг олдига чиқиб гапиришнинг, фикр билдиришнинг масъулияти катта. Белгиланган мавзу юзасидан жиддий тайёргарлик кўрмасдан, аниқ тасаввур ёки хулосага эга бўлмасдан, кўпнинг эътиборини қозониш осон эмас. Депутат, партия фаолининг ўзи гапирган гаплари, билдирган фикр-мулоҳазалари бўйича шахсий ўрнаги ва намунаси ҳам долзарб аҳамиятга эга, албатта. Бусиз одамларни ишонтириб бўлмайди.

Яхши хабар тез тарқалади. Фойдали гап, мулоҳазали фикр эшитган иштирокчи кейинги тадбирларга тенг­доши, яқинлари, маслакдошларини ҳам таклиф этади.

Умуман, ҳар бир тадбир, ҳар бир учрашувга жиддий тайёргарлик кўриш ҳаёт талабидир. Акс ҳолда, одамлар қуруқ, расмий, мақсадсиз тадбирлардан безиб қолади. Давра суҳбати ёки семинар борлигини эшитса, ўзини четроққа тортишга ҳаракат қилади. Бу эса демократик ислоҳотларнинг устувор принципларига тўғри келмайди.

Жамиятимиз, сиз билан биз тараққиётимизнинг бутунлай янги бос­қичи, таъбир жоиз бўлса, янги даврига кириб бормоқдамиз. Халқимиз депутатлардан, мутасадди раҳбарлар ва сиё­сий партиялар фаолларидан таҳлилий фикрлар, муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ташаббуслар кутмоқда. Жамоатчилик расмий ва бир томонлама гапларни эшитишни эмас, жонли мулоқотга киришишни, реал ҳаёт билан боғлиқ масалалар ҳақида фикр алмашишни, қонуний талаблари, орзу-истаклари рўёбга чиқишини кутмоқда.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.