01.04.2017

ИННОВАЦИОН ИШЛАНМАЛАР КЎРГАЗМАСИ

Пойтахтимиздаги «Ўзкўргазмасавдо» маж­муасида Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар X ярмаркасига тайёргарлик доирасида Тошкент шаҳри, Тошкент ва ­Сирдарё ви­лоятларидаги олий ўқув юртлари талабалари, илмий тадқиқот институтлари олимлари, ёш тадқиқотчилар томонидан яратилган инновацион ишланмаларнинг ҳудудий кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазма тегишли ҳокимликлар, Фанлар ­академияси, Соғлиқни сақлаш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазир­ликлари, «Ўзбекнефтгаз» МХК, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзэлтехсаноат» ассоциацияси, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Савдо-саноат палатаси ҳамда «Камолот» ЁИҲ билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда намойиш этилган ишлар хилма-хил бўлиб, соғ­лиқни сақлаш, таълим, қурилиш, телекоммуникация, коммунал соҳа, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқаришнинг бошқа турли соҳаларига инновацион технологияларни татбиқ этишнинг барча йўналишларини қамраб олган.

— Кўпчилик телефонини қувватланириш масаласида қийинчиликка дуч келади, — дейдиТошкент темир йўл муҳандислари инс­титути қошидаги 2-сон академик лицей ўқувчиси ­Бекзод Султонов. — Кўргазмада намойиш қилаётган қурилмам эса фойдаланувчиларга йўл­да кетаётиб ҳам телефонини қувватлантириб олиш имконини беради. Қурилма пойабзалга ўрнатилади ва ҳаракатланаётган вақтда электр энергияси йиғади. Ушбу тўпланган энергия телефонингизни симсиз қувватлантириш имконини беради. Аккумулятор тўлиқ қувватлантирилганда 5-6 соатгача етади. Ҳозирда ло­йиҳамни янада такомиллаштириш устида ишлаяпман.

Шунингдек, кўргазмада халқ хўжалигининг турли соҳаларига — темир йўл транспорти, қурилиш, қиш­лоқ хўжалиги, ёнилғи-мойлаш материалларидан фойдаланиш самарасини ошириш, тиббий хизмат кўрсатиш, доривор воситалар ишлаб чиқариш, ўқув жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга қаратилган турли ишланмалар ҳам намойиш этилди.

— Ярмаркада намойиш этаётган қурилмаларимиздан бири — бу дунёда аналоги йўқ экскаватор бўлиб, у «Труба пайвандловчи» деб номланади, — дейди Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети 4-босқич талабаси Фирдавс Неъматзода. — Унинг афзаллик томони, исталган диаметрдаги трубани, масалан, магистраль катта трубаларни инсон иштирокисиз ўзи пайвандлаб беради. Баъзи бир ҳолатларда газ қурилмаларидан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш оқибатида турли хил кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлади. Биз буни бартараф этишнинг арзон йўлини ўйлаб топдик. Бу кўргазмага олиб чиққан иккинчи лойиҳамиз бўлиб, у «Хавфсиз уй» деб номланади. Мазкур «Хавфсиз уй» газ сенсорига ўрнатилади. У газ ҳидини сезганда, автоматик тарзда газни ўчиради ҳамда уйдаги ойналарни очиб, ичкаридаги ҳавони вентеляция орқали ташқарига чиқариб юборади. Шунингдек, мазкур қурилмамиз газ ҳидини сезганда, сигнал бериб, уйда ухлаётган кишини уйғотади ва уй эгасига хабар юборади. Келажакда бундан ҳам мукаммал бўлган дастурлар яратишни мақсад қилганмиз, масалан, газ ҳиди чиқиб, ёнғин хавфи юзага келганда ёнғинни ўчириш ходимларига ҳам сигнал берадиган даражага олиб чиқишини режалаштирганмиз.

Кўргазмада намойиш этилган янги лойиҳалар ва илғор технологиялар Тошкент шаҳрининг 40 та ҳудудий саноат корхоналарида амалга татбиқ этилиши кутилмоқда. Ҳудудий ярмаркада 300 лойиҳа ва улар бўйича 120 тақдимот, 50 дан зиёд эҳтиёжманд инновацион ишланмалар намойиш этилди.

— Ярмаркада марказимиз томонидан маркелларга асосланган селекция технологияси асосида ғўзанинг янги яратилган «Равнақ 1», «Равнақ 2», «Барака» навлари билан иштирок этдик, — дейди Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика марказининг кичик илмий ходими Абдусалом Маҳкамов. — Мазкур ғўза нав­лари анъанавий селекция йўли орқали яратилган нав­ларга нисбатан толасининг сифатлилиги билан ажралиб туради. Унинг иқтисодий самарадорлиги шундаки, хорижга экспорт қилинаётганда толамизнинг нархи 5-10 фоизгача қиммат сотилишига эришилади. Сабаби, олдинги навларимиз толасининг узунлиги 34-35 миллиметргача бўлса, ҳозирги толамизнинг узунлиги 38-40 миллиметрни ташкил этади. Бу каби ярмаркаларда иштирок этиш олимларга фан-техника соҳасида эришган ютуқларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, фан — ишлаб чиқаришга ғоясини ҳаётга татбиқ қилиш имконини бермоқда. Шунингдек, кўр­газмада табобатда катта аҳамиятга эга бўлган унаби кўчатларини етказиб бериш бўйича бир қатор шартномалар имзоладик.

Тошкент шаҳар экспози­ция­си асосан саноат ва коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳудудий корхоналарнинг лойиҳа-тақдимотидан иборат. Хусусан, унда тиббий жиҳозлар, электр қувватини тежаш технологиялари, янги турдаги қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, даволаш воситалари, зараркунанда ҳашаротларга қарши курашда қўлланиладиган экологик хавфсиз препаратлар, косметик ва гигиеник маҳсулотлар, уй газламалари, кўнгилочар ва реклама индустрияси соҳасидаги янги технологиялар ва бошқалар ўрин олган.

— Кўргазмада бир қатор ихтироларимиз билан иштирок этдик, — дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети 3-босқич талабаси Алибек Жуманиёзов. — Хусусан, иштирокчилар орасида Делта шаклидаги 3D принтеримиз катта қизиқиш уйғотди. Принтеримиз турли хил шаклда бўлган деталларни ясаб бериш хусусиятига эга. Мисол учун, маълум шаклдаги ҳайкалчалар, деталь ёки бино макети ва бошқа шу кабиларни чоп этади. Бунинг учун маълум бир деталь компьютерда 3D редакторлари орқали чизиб олинади, сўнгра керакли шаклдаги деталимиз ­программа орқали кодга ўгирилиб, махсус стол устида маълум вақт ичида чоп этилади. Принтеримиз махсус ричаклар ёрдамида ишлатилгани учун бош­қа принтерларга қараганда тезлиги ва сифати бир ярим баравар ошган. Қурилмамизнинг барча эҳтиёт қисмлари ўзимизда ишлаб чиқарилган электроникаси хориждан олиб келинган шунинг учун таннархи бош­қа принтерларга қараганда деярли 10 баравар арзонроқ.

— Биз тавсия қилаётган маҳсулот бу оддий ўсма, яъни уни тиндирилган суви, — дейди «Орион скорпион» МЧЖ ходими Нилуфар Қодирова. — Унга ҳозир янги нано-технология бўйича мис билан рух қўшилган. Маҳсулотимиз соч илдизини мустаҳкамлаш ҳамда турли инфекциялардан қутулишга ёрдам беради.

 Бугунги кунда фермерларимизни кўп қизиқтирадиган соҳа — пахта селекциясида бўлаётган сўнгги янгиликлар билан танишдим, — дейди Сирдарё вилояти Ховос туманидаги «Аҳмадхўжаев» фермер хў­жалиги раҳбари Олимжон Хўжаев. — Бизнинг туманимизга қандай пахта навлари мос тушиши тўғрисида олимлардан керакли маслаҳатлар олдим.

Менинг назаримда, бундай ярмаркалар ишлаб чиқарувчиларга ҳам, технологияларни жорий этувчиларга ҳам катта фойда бўлади.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: