01.04.2017

ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ

Халқ билан мулоқот... Бугун ёшу-қари, катта-ю кичик раҳбарлар, умуман, ҳаммамиз учун бу сўзлар чуқур маъно ва мазмунга эга. Халқ билан мулоқот қилишнинг аҳамияти ва масъулиятини тобора чуқурроқ тушуниб етмоқдамиз. Натижада одамларда келажакка умид ва ишонч янада мустаҳкамланмоқда. «Инсон ман­фаатлари ҳамма нарсадан устун», деган эзгу ғоя ислоҳотларнинг устувор йўналишига, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланмоқда.

Президентимиз томонидан 2017 йил юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинганида аҳоли билан ­доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш кераклиги алоҳида уқтириб ўтилди. Бу барча даражадаги раҳбарлар, депутатлар олдига янги талабларни қўйди. Ишни тубдан кучайтириш, инсон манфаати ҳамма нарсадан устун деган тамойилни фаолиятимизнинг бош мезонига айлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. 2017-2021 йилларга мўлжалланган ­Ҳа­ракатлар стратегиясида бу борадаги устувор йўналишлар аниқ ва равшан ўз ифодасини топди.

Мана шундай муҳим паллада қайси соҳада ишлашимиздан қатъи назар, ҳар биримиз даставвал узоқни кўзлаб фикр юритишимиз, масъулиятни кучайтиришимиз, энг ­муҳими, ўзимизга ва бир-биримизга нисбатан талабчанликни оширишимиз ҳаёт тақозосига айланмоқда. Ушбу жараёнда, айниқса, сиёсий партиялар етакчилари, депутатлар — халқимизнинг парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги вакиллари бош­қалардан бир қадам олдинда бўлиб, кўпчиликка ўрнак кўрсатиши муҳимдир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ­Марказий Кенгашининг кеча пойтахтимизда бўлиб ўтган VII пленумида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгеси депутатлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари раҳбарлари, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари ва фаоллар ана шу фикрни илгари суришди.

Пленумда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар таҳлилий-танқидий руҳда атрофлича муҳокама этилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари ­Хатамжон КЕТМОНОВ шу ҳақда ­маъруза қилди.

Бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантириш, ҳаётимизга умум­эътироф этилган демократик қоида ва талабларни изчил жорий қилиш, инсоннинг устувор ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз, — деди партия етакчиси. — Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси бу борада долзарб ҳаётий аҳамиятга эгадир.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, мамлакатимизни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга қаратилган эзгу мақсадлар белгиланган.

Жорий йилга мўлжалланган Давлат дастури қабул қилинганига қисқа вақт бўлганига қарамасдан, унинг ижросини таъминлаш борасида партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ва минтақавий партия ташкилотлари ­фаолиятида ҳам бир қатор ижобий натижалар кўзга ташланмоқда.

Энг аввало, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида партиямиз томонидан тақдим этилган 12 та таклиф инобатга олинганини таъкидлаш жоиз. Бу таклифлар бевосита партиямиз электорати манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни ўз ичига олган.

Давлат дастуридан келиб чиқиб, партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурининг 45 та бандига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу асосда партиямиз тизимида, ҳудудларда бир қатор амалий ишлар ҳаётга татбиқ этила бошлаганлиги кўпчилигимизда мамнуният туйғусини уйғотади, албатта.

Давлат дастурининг депутат ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, давлат ҳокимия­ти органлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиши ҳамда тегишли хулосалар беришига оид банди ижроси парламентимиз фаолиятидаги янги бос­қични бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Бу жараёнда нафақат Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, балки маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ҳам фаол иштирок этмоқда.

Халқ ичига кириб бориш, одамлар билан мулоқот қилиш мақсадида партия ташкилотлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналарида мурожаатларни ҳал этишнинг замонавий ва тезкор усулларини жорий этиш ишлари тубдан такомиллаштирилди.

Яъни, «Жамоатчилик қабулхоналари тўғрисида»ги низом Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонидан келиб чиққан ҳолда, янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Мурожаатларни тизимли равишда ўрганиш ва таҳлил қилиш, шу асосда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш, йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларнинг сабабларини муҳокама қилиш йўлга қўйилди.

Партиямиздан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатларининг масъулиятини, партия ташкилотларининг ижро ҳокимияти органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишга қаратилган тар­ғибот тадбирлари ижтимоий ёрдамга муҳтож кишилар ва оилалар билан елкама-елка туриш, улар билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш, муаммоларни ўрганиш имконини бермоқда.

Аммо Давлат дастурининг кўлами кенг, мазмун-моҳияти беқиёс аҳамиятга эгаки, биз ҳозирча фақат унинг баъзи банд­лари бўйича иш бошладик, холос. Олдимизда бу борада ниҳоятда катта вазифалар турибди, дея таъкидлади партия етакчиси.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида 15 та янги қонун қабул қилиш ва 21 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари ушбу қонунларни қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиши, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар, электоратимиз манфаатларини таъминлашга қаратилган таклифларни илгари суриши керак.

Ҳаммамизга яхши маълумки, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари, кенг жамоатчилик билан муҳокамалар ўтказиш яхши самара беради. Шуни инобатга олган ҳолда, партия ташкилотлари жойларда қонун лойиҳалари муҳокамаларини ўтказиб, аниқ ва асосли таклифларни шакллантириб бориш масаласига жиддий эътибор қаратишлари зарур.

Бундай ёндашув, айниқса, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Давлат хизмати тўғрисида»ги, янги таҳрирдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Яна бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Давлат дастурида жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш борасида аниқ вазифалар қўйилган. Демак, аҳоли билан доимий ва очиқ мулоқотни ривожлантириш, турмуш даражаси сифатини ошириш, моддий фаровонликни янада юксалтиришга қаратилган ижтимоий сиёсатни амалга ошириш жараёнларида партиянинг фаол иштирокини таъминлаш, бунинг учун янги ғоя ва лойиҳалар устида ишлаш талаб этилади.

Хабарингиз бор, ўтган йилларда партиямиз тизимида ёшлар ва хотин-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ло­йиҳалар амалда яхши самара берди. Жорий йилда ҳам партиямиз электорати ҳисобланган ёшлар ва хотин-қизларни ҳақиқий маънода қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган янги ғояларни илгари суришимиз керак. Айниқса, ёшлар орасида тарғибот ишларини кучайтириш, уларнинг диний экстремизм ва терроризмнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида тушунчасини кенгайтириш, ноқонуний меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши курашишга йўналтирилган тадбирларни тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш, ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан изчил алоқаларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Маълумки, Сайловолди дастуримизда илгари сурилган асосий шиорларимиздан бири бу — иқтисодий ислоҳотларга ижтимоий самарадорликдир. Давлат дастурида иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича белгиланган вазифаларда «ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг фаровонлигини таъминлаш учун», деган эзгу ғоя ўз ифодасини топган. Бу борада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, депутатларимиз меҳнат бозорида вазият мураккаб бўлган туман ва шаҳарлардаги ҳақиқий аҳволни маҳаллий давлат органлари билан ҳамкорликда таҳлил қилиши, шу орқали муаммолар ечимига доир асосли таклифларни бериб бориши даркор.

Шунингдек, партия ташкилотлари электорат вакиллари орасида шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этишнинг афзалликлари ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб бориши талаб этилади.

ЎзХДП етакчиси ўз сўзида халқ билан очиқ мулоқотлар уюштириш, уларнинг кундалик турмуши, яшаш тарзидан хабардор бўлиш, муаммоларни ўрганиш кўп жиҳатдан маҳаллий Кенгаш депутатлари фаоллигига боғлиқ эканига ҳам эътибор қаратди.

— Партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурида айнан ушбу йўналишлардаги масалалар қамраб олинган, — деди ­Хатамжон Кетмонов. — Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан 76, таълим тизимини янада ривожлантириш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилашга қаратилган 58, коммунал соҳа, йўл, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш юзасидан 56 ва бошқа соҳаларга оид жами 740 дан ортиқ масалани партия гуруҳлари, ­доимий комиссиялар ва сессияларда муҳокама қилиш белгиланган.

Бу долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари билан партия ташкилотларининг узвий ҳамкорлигини кучайтириш, мутахассис ва экспертларни кенг жалб этиш, шунинг­дек, Ҳаракат дастури асосида қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Партиямиз гуруҳлари қонунчилигимизда назарда тутилган ҳуқуқ ва ваколатлардан самарали фойдалана олиши лозим.

Ҳаракат дастурида белгиланган масалаларни ўрганиш ва муҳокама қилиш билан чекланиб қолмасдан, ушбу муҳокамалар асосида қабул қилинган қарорларнинг ижроси қандай бажарилаётганига етарлича эътибор қаратиш зарур. Бу электорат манфаатлари билан боғлиқ муаммоларга ечим топилишига хизмат қилади.

Шунингдек, жамиятимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат ва бирдамлик руҳини янада мустаҳкамлаш мақсадида юрт тинчлиги, ватан равнақи, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик, аҳилликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказиш, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, партия нашрлари имкониятларидан унумли фойдаланиш, партия ташкилотлари етакчилари ва депутатларнинг фаоллигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Партия етакчиси мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бугунги босқичида сиёсий партиялар зиммасига улкан масъулият юкланаётганини таъкидлаб, барча даражадаги партия ташкилотлари етакчилари ҳамда депутатларни қатъийлик ва ташаббускорлик кўрсатишга чақирди.

Сиёсий партиянинг асосий кучи унинг парламентдаги фракциясидир. Шунинг учун кўп ҳолларда фракция ­фаолиятига қараб, бутун партия­га баҳо берилади.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракция­си аъзоси Хайрулла Рўзметов фракция аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини кучайтириш, электорат манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш борасидаги долзарб масалаларга эътибор қаратди.

— Катта-кичик раҳбарлар, барча даражадаги депутатлар одамларга қанчалик яқин бўлса, улар билан ҳамфикр, ҳамнафас ишласа, фаолиятида аниқ самара кўринади, — деди депутат. — Жойларда давлат ҳокимияти органлари ҳисоботини эшитиш жараёнида депутатлар фаол қатнашиши зарур. Бу парламентда муҳокама этиладиган қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади. Ушбу механизмнинг ҳаётга жорий этилиши қонунларнинг иж­ро ҳокимия­ти томонидан қай даражада амалга оширилаётганини ўр­ганиш, тегишли тартибда баҳо бериш, шу билан бир қаторда, яна қандай қонунчилик ташаббуслари зарурлигини ўрганишга имкон яратади.

Фракциямизнинг давлат бошқаруви органлари фаолиятини чуқур таҳлил қилиш борасидаги фаолиятини янада кенгайтиришимиз лозим. Қонунчилик палатасида ҳукумат вакиллари ҳамда давлат бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг ахборотларини эшитиш, ҳудудларда қонунлар, бандлик дастури ижроси бўйича олиб борилаётган назорат-таҳлил ишларини тубдан кучайтириш бугунги куннинг талабидир.

Шунингдек, ҳудудларда учраётган муаммолар бўйича ижро ҳокимияти олдига аниқ масалаларни қўйиш, уларнинг масъулиятини кучайтириш, ижро ҳокимиятини профессионал кадрлар билан таъминлаш зарур. Зеро, бугунги ислоҳотлар бу масалада ташаббускор бўлишимизни талаб этмоқда. Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда, деди депутат.

Кун тартибидаги масалалар бўйича Марказий Кенгаш аъзолари, маҳаллий партия ташкилотлари етакчилари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Ижтимоий соҳадаги ислоҳотларда янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори инфратузилмасини мутаносиб ривожлантириш долзарб аҳамият касб этади, — деди Шайхонтоҳур туманидаги 220-мактаб директори, ЎзХДП ­Марказий Кенгаши аъзоси Шаҳноза ­ҚОСИМОВА. — Пойтахтимизда енгил саноат, ­чармпойабзал, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва электротехника саноатини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, шу орқали бар­қарор иш ўринлари очиш масаласига эътибор қаратилмоқда. Кичик бизнес субъектларининг барча қулайликларга эга бўлган ҳудудларда фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш мақсадида ­Яшнобод ва Олмазор туманларида инновацион технопарклар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди.

Халқ билан доимий ва очиқ мулоқотни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси, фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий сиёсатдан ҳамма бирдек манфаатдор.

Шундай экан, биз, партия фаоли сифатида аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари, ёлғиз яшовчи кексалар, пенсионерлар, ногиронлар, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашимиз, уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак. Халқ ичига кириб бориб, кундалик ҳаёт билан ҳамнафас бўлсак, аҳолининг талаб ва таклифлари асосида фаолиятимизни такомиллаштириб борсак, одамлар биздан рози бўлади. Бу талаб ва ҳақиқатни асло унутмаслигимиз керак.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дастурида вилоят, туман, шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш вазифаси қўйилгани ни­ҳоятда аҳамиятлидир, — деди ЎзХДП ­Фарғона шаҳар кенгаши раиси ­Алишер УМАРОВ. — Туман ва шаҳарларни, аввало, саноат ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш йўли билан жадал ривожлантириш бўйича пухта ўйланган ишлар олиб бориляпти.

Фарғона вилояти мисолида оладиган бўлсак, Давлат дастурида Осиё тараққиёт банки иштирокида Фарғона, Мар­ғилон шаҳарлари канализация тизимини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш, Фарғона «Саховат» уйининг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, «Олтиариқ» сиҳатгоҳининг 100 ўринли ётоқхонасини қуриш, мавжуд бино ва иншоотларини қайта таъмирлаш каби лойиҳалар ўрин олган.

Албатта, амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишларга ҳисса қўшиш, уларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш масаласига партия ташкилотлари ва гуруҳларимиз катта масъулият билан ёндашиши лозим. Шундан келиб чиқиб, Фарғона шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи чора-тадбирлар режасини тузди. Унинг асосида муайян ишлар бошланди. Мисол учун, аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилишга доир давлат дастурининг ижроси ўрганилди. Ушбу масала партиямиз гуруҳи томонидан халқ депутатлари шаҳар Кенгаши доимий комиссияси муҳокамасига олиб ­чиқилди.

Аҳоли орасида юриб, гувоҳи бўляпмизки, одамларда ўз ишини очиш, ишлаш кайфияти юқори. Бундай пайтда ­сусткашликка йўл қўйишга, расмиятчилик қилишга ҳаққимиз йўқ. Барчамиз ­фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, камчиликларни бартараф этишимиз зарур.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг 2016 йилдаги фаолияти ҳақи­даги ҳисоботни фракция аъзоси ­Абдуғаффор Қирғизбоев ўқиб эшиттирди. Қайд этилдики, ўтган йили 46 маротаба фракция йиғилиши ўтказилиб, уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган 62 та қонун лойиҳалари биринчи ва кейинги ўқишларда кўриб чиқилди. 47 та қонун лойиҳаси бўйича 600 та таклиф берилди.

Ҳисобот даврида сайловчиларнинг 755 мурожаати кўриб чиқилди. Шундан 552 мурожаат маҳаллий давлат органларига, 76 мурожаат эса тааллуқлилиги бўйича республика ташкилотларига юборилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди.

Кун тартибидаги масалалар таклифлар ва мулоҳазалар асосида атрофлича кўриб чиқилди. Ҳудудий партия ташкилотлари ва партия гуруҳлари олдида турган вазифалар белгилаб олинди, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: