30.03.2017

БАБАЯННИНГ ИСТЕЪФОСИ

ҳақидаги гапларни йўққа чиқарган ғалаба

2018 йилда Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида қатнашаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 28 март куни «Бунёдкор» стадионида Қатар терма жамоасини қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйиндаги ягона гол 66-дақиқада киритилди. Игорь Сергеевга нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг ҳакам рақиб дарвозаси томон жарима белгилади. Тўп ёнига яқинлашган Одил Аҳмедов кучли зарба йўллаб, ҳисобни очди.

Энди терма жамоамизни сафарда Эрон ва Хитойга қарши ўйин кутиб турибди. Охирги турда ўз майдонимизда Жанубий Кореяни қабул қиламиз. Мана шу ўйинларда максимал натижа қайд эта олсак, жаҳон чемпио­натида иштирок этамиз.

Самвел БАБАЯН, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи:

— Бугунги ўйинда ғалаба қозонишимиз жуда муҳим эди. Учрашув оғир кечди. Рақиб яхши ҳимояланди. Биз ўйин суръатини ўзгартиришга ҳаракат қилдик ва юзага келган имкониятдан унумли фойдаландик. Бизни қўллаб турган ишқибозларга раҳмат. Бугунги ғалабада уларнинг ҳиссаси катта.

Азиз ҲАЙДАРОВ, терма жамоа ярим ҳимоячиси:

— Ўйин жуда қийин бўлди. Буни ҳамма кўрди. Рақиб билан кучимиз тенг эди. Лекин бизга ғалаба керак эди. Мен мухлислардан натижага эътибор беришларини сўрардим. Биз уч очко олдик. Энг муҳими — шу.

Бу ўйинда ҳаммамиз бирлашдик. Мухлислар, мураббийлар, футболчилар... Бу халқимиз интизорлик билан кутган муҳим ғалабамизни таъминлашга хизмат қилди.

Сервер ЖЕПАРОВ, терма жамоа ярим ҳимоячиси:

— Бугун биз бор кучимизни сарфладик. Бунга ўтган турдаги мағлубиятимиз ҳам сабаб бўлди. Ўйинимизни кўриш учун минглаб ишқибозлар келди ва улар кўз ўнгида ғалаба қозонишимиз керак эди.

Кейинги турда Эрон билан ўйнаймиз. Мухлисларнинг ҳам, футболчиларнинг ҳам руҳи баланд. Бу ўйинда албатта ғалаба қозонамиз.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

«A» гуруҳи

№      Жамоа                 Ў       О

1        Эрон                    7        17

2        Жанубий Корея  7        13

3        Ўзбекистон         7        12

4        Сурия                  7        8

5        Хитой                  7        5

6        Қатар                   7        4



DB query error.
Please try later.