30.03.2017

КИТОБ — САДОҚАТЛИ ДЎСТ,

дўстни эса сотиб бўлмайди, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Гулора Раҳимова

Таниқли санъаткор илк бора китоб билан дўст тутинган даврларини шундай эслайди:

— Мактабда ўқиб юрган кезларимда қўшиқ айтардим. Юқори синфларда ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган кўрик-танловларнинг вилоят ва республика босқичларида фахрли ўринларни эгаллаганман. Оғир йил­лар эди, чўнтагимиз қуп-қуруқ. Урганч ёки Тошкент шаҳрига борганимизда, отам берадиган уч-тўрт сўмга қизлар қизиқадиган бирор зеб-зийнат эмас, китоб олардим. Китоб билан айрилмас дўст тутинишим талабалик йилларимда бошланган. Урганчдаги педагогика институтида ўқиганимда, ҳар ойда қўлимга тегадиган стипендиянинг ҳаммасига китоб олардим...

 

Шу тахлит ўтган ярим аср давомида унинг шахсий кутубхонасидаги китоблари сони ўн мингдан ошдиГарчи у алоҳида ҳовлида эмас, икки қаватли турар жойда турса-да, хоналарнинг деворига ўрнатилган жавонларга мавзусига қараб тартиб билан терилган китобларни кўриб, ҳайратга тушасиз. Ҳавасингиз келади.

— Турмуш ўртоғим ҳам китобсиз ҳаётини тасаввур қилолмасди. Раҳматли бир умр китоб тўплашда ёрдам берди. У кишини кўпроқ техникага оид китоблар, қўлланмалар қизиқтирарди. Ке­йинчалик ўғлим ва қизим ҳам китобга қизиқди...

Хоналарни айланамиз. Жавонлар узундан-узун. Бунинг устига, улар полдан шифтга қадар бўлганидан излаган китобимизни топиш осон кечмайди. Шу боис қайсидир адибнинг асарлари бор-йўқлигини сўраймиз. «Ана, тўрдаги жавоннинг тўртинчи қаторида», деб опа дарров бизни шу ерга бошлаб боради. Ўн минг нусха китобнинг ҳар бири қайси жавонда, қайси қаторда турганини бу қадар тезкор ва аниқ айтиш осон эмас. Бу аввало қувваи ҳофизага боғлиқ, қолаверса, бу китоблар шунчаки ҳашам ва чирой учун териб қўйилмагани, хонадон соҳиби бу китобларни мунтазам ўқиб боришидан дарак.

Китоб саҳнада ва кинода ролларни маромига етказиб ўйнашда кўмакчи, маслаҳатчи бўлганини у шундай ҳикоя қилади:

— Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги фильмда машҳур саркарданинг онаси ролини ижро қилганман. Ўшанда мўғулларга қарши курашган саркарданинг онаизори сиймосини яратиш осон кечмаган. Бунинг учун ўша даврга оид ўнлаб тарихий асарларни қайта-қайта ўқишимга тўғри келган. Бунда шу китобларнинг аксари ўзимда борлиги юмушларимни осонлаштирди.

Гулора Раҳимова Хоразм вилоят мусиқали драма театрида икки юздан ортиқ турли образларни маромига етказиб ижро қилган, театр мухлислари олқишларига сазовор бўлган. Айни пайтда мумтоз қўшиқларнинг моҳир ижрочиси ҳам. Киноларда яратган образлари ҳам оз эмас.

У таниқли саҳна устаси бўлиб етишишида табиий иқтидордан ташқари, китоблар ҳам катта роль ўйнаганини алоҳида таъкидлайди.

Бугун у умри давомида тўплаган китоблардан фарзанд­лари, қўни-қўшнилар фойдаланишаяпти.

— Бундан беш-олти йил олдин ўша пайтдаги шаҳар ҳокимининг ёнига бордим. Бир-икки сотих ер ажратиб беришини сўрадим. Шахсий кутубхонам учун ихчам бино қурсам, ундан ҳамма баҳраманд бўлса, деган таклифни айтдим. Шунда у: «Қўйинг, бу ташвишларни. Чиқариб, сотиб юборинг!» деса бўладими? Индамай қайтдим, — дейди опа таассуф билан.

Айтганча, вилоят мусиқали драма театрида бўлганимизда, опанинг хонасида жавонга терилган китобларга кўзимиз тушган эди. Опа ҳатто шу мўъжаз хонада ҳам кичкина кутубхона ташкил қилган экан.

Опа умр бўйи тўплаган ва ҳозирда ҳам мунтазам равишда излаб, топиб, харид қилиб кутубхонасини бойитаётган китобларнинг аксари — бадиий асарлар. Санъат соҳасига, театр тарихи, касб маҳоратига оид китоблар, қўлланмалар ҳам оз эмас.

Ўтган йили вилоят марказида йирик «Букинист» китоб дўкони ишга туширилди. Бу ер ҳамиша харидорлар билан гавжум. Эски, нодир китобларни излаб келганлар қанча...

— Бу китоб дўкони очилгани зўр бўлди. Менга ҳам китобларимни топширишни, сотиб беришларини таклиф қилишди. Аввалида майли дедим, аммо уйга келиб, китоб жавонимдан сотилиши мумкин бўлган китобларни излаб тополмадим. Бу китоблар мен учун қадрдон. Садоқатли дўст мисоли. Дўстни эса сотиб бўлмайди...

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.