30.03.2017

МЕҲР-МУРУВВАТ КЎРСАТИЛМОҚДА

Ўзбекистон ХДП фаоллари пойтахтимиздаги имконияти чекланган кишилар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиши ҳақида эшитиб, биз ҳам уларга ҳамроҳ бўлдик.

Мамлакатимизда имконияти чекланган аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилади. Уларнинг соғлиғини тиклаш, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканини ҳис қилиб яшаши учун қулай шароит яратилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки улар кўмакка, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга кўпроқ эҳтиёж сезади. Ҳамма қатори мазмунли, бахтли яшашга интилади.

Дастлаб Чилонзор туман партия кенгаши «Охунжон шифо-фарм» ходимлари билан биргаликда «Навбаҳор» маҳалласида истиқомат қилаётган имконияти чекланган кишилар хонадонида бўлишди. Хусусан, Гултожи Ибрагимова, Эркин ва Солиҳа Норматовлар хонадонларида дилдан суҳбат қуришди.

— Жисмоний имконияти чекланганларнинг кўнглини кўтариш уларга руҳан мадад беради, ҳаётга қизиқишини оширади, — дейди ЎзХДП Чилонзор туман кенгаши раиси Доно Маҳмудова. — Ҳуқуқий демократик давлат, одил фуқаролик жамиятида аҳоли барча қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш асосий мақсад ҳисобланади. Хайрия тадбирлари давомида бунга яққол амин бўлдик. Одамлар билан дилдан суҳбатлашиб, қизиқишлари, ниятлари ҳа­қида сўрадик. Муаммоларга биргалашиб ечим топишга ҳаракат қилдик. Кўнгил сўраш билан бир қаторда зарурий дори-дармон воситаларини бердик.

Шу куни Тошкент шаҳар партия кенгаши фаоллари ҳам Сергели туманидаги эҳтиёжманд инсонлардан кўнгил сўрашди.

Шоҳиста Юнусованинг хонадонига кириб борганимизда китоб жавонига кўзимиз тушди. Хонадон соҳибасининг китобга меҳри бўлакча экан, деб ўйладик. Китоблар ҳақида сўраганимизда, юзидан нур ёғилиб турган онахон қизининг қизиқишлари ҳақида сўзлай бошлади.

—      Қизим китоб ўқишни жуда яхши кўради, улар билан овунади, — дейди онахон. — Лайло соғлиғи сабабли ҳамма қатори мактабга бора олмади. Уйда таълим ола бошлади. Ке­йинчалик қизим мактабда ўқишини хоҳладим, ҳозир ҳар куни мактабга ўзим олиб бораман.

Қизингиз учун уй шарои­тида таълим олиш қулай эмасми, қийналмадингизми, дея сўраганимизда, қизим тенгдошлари билан мулоқот қилишини, атрофдаги ўзгаришларни кўришини истадим, деган жавобни олдик. Онахон қизининг барча қатори ҳаёт кечиришини истаганини тушундик.

ЎзХДП фаоллари шу мавзеда истиқомат қилувчи Гуласал Синдорованинг ҳолидан ҳам хабар олишди. Опанинг уйи саранжом-саришта. Қиз боланинг қўли борлиги сезилиб турарди. Дераза токчасидаги қатор, турфа хил гулларни кўриб, дилимиз яйради.

—      Иккита қизим бор, — дейди опа. — Каттаси бу йил коллежни тамомлайди. Кичиги эса академик лицейда ўқийди. Иккаласи ҳам илмга чанқоқ. Улар билан фахрланаман. Ҳозир қизларимга тикувчиликни ўргат­япман. ЎзХДП фаоллари оилавий тадбиркорлигимизни бошлашимиз учун керакли маслаҳатларини берди. Амалий ёрдам кўрсатишларини айтди. Насиб этса, қизларим билан бирга тикувчилик цехини очиш ниятимиз бор. Уларнинг ҳам илмли, ҳам ҳунарли бўлишларини орзу қиламан. Дунёдаги барча оналар сингари болаларимнинг бахту саодатини кўрай, дейман.

Суҳбатдошларимизнинг орзулари катта, ирода ва матонатлари мустаҳкам- лиги уларнинг сўзларидан билиниб турарди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА



DB query error.
Please try later.