30.03.2017

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ САМАРАДОРЛИГИ

долзарб аҳамиятга эга

Маълумки, партиямиз Дастурида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёрдамга муҳтож қатлам манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шунга мувофиқ, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш, қўллаб-қувватлашга муҳтож фуқаролар билан елкама-елка туриш фаолиятимиз асосини ташкил этмоқда.

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши, шаҳар ва туман кенгашлари томонидан «Кучли ижтимоий ҳимоя — асосий мақсадимиз» акцияси жойларда юқори савияда ўтказилди. Тадбирлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, кам таъминланган, ногирон, касалманд, ёлғиз яшовчи, боқувчисидан айрилган кишилар ҳолидан хабар олинди. Мазкур акция давомида 400 дан ортиқ хонадонга кириб борилди. 208 та кам таъминланган, 85 нафар боқувчисини йўқотган ёлғиз яшовчи қариялар ва етим қолганлар, 78 нафар ногиронлар ва касалманд кишилар, 35 нафар кексалар, меҳнат фахрийлари маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланди. Асосийси, ташкил этилаётган тадбирлардан аҳоли вакиллари ғоят мамнун.

Бандликни таъминлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчилари учун иш ўринлари ташкил этиш бугунги долзарб масалалардан ҳисобланади. Партиямиз Сайловолди дастурида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, партиямиз Марказий Кенгашининг пленуми, Ижроия қўмитаси қарорлари ҳамда йиллик иш режада белгилаб берилган вазифаларга асосан маҳаллий партия ташкилотлари ва депутатлар томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида ўтган йил учун 15 масала белгиланган бўлиб, йил давомида 14 масала депутатлик гуруҳларида, 9 масала доимий комиссия йиғилишларида, 5 масала сессияда кўриб чиқилди. Ҳаракат дастуридан ташқари, 10 масала партия гуруҳларида, 8 масала доимий комиссия йиғилишларида, 4 масала сессияда муҳокама этилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши кўрсатмасига биноан Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан тасдиқланган жадвалга асосан ҳар ойда иккита туман, шаҳар кенгашларига чиқиб, уларнинг иш фаолияти ўрганилиб, амалий ёрдам бериляпти. Шунингдек, жойларда Кўчма жамоатчилик қабулхоналари ташкил этиляпти.

Қорақалпоғистон Республикаси, туман ва шаҳар кенгашлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундан коммунал соҳа бўйича 55, ер олиш масаласи бўйича 26, иш билан таъминлашни сўраб 48, моддий ёрдам сўраб 102, соғлиқни сақлаш соҳасига оид 7, таълим соҳасида 2, банк кредит масаласи бўйича 35 ва бош­қа масалалар бўйича 45 мурожаат тушди. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Партия ўзи илгари сураётган позицияни мустаҳкам туриб ҳимоя қилса, одамлар унинг айтаётган сўзига қулоқ солади, ишонади, ортидан эргашади. Ўтган йили партиямиз сафига 2241 нафар аъзо қабул қилинди, шундан 942 нафарини аёллар, 1307 нафарини ёшлар ташкил этади. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича партия аъзоларининг умумий сони қарийб 33 минг нафарга етди.

Ёшларнинг ижтимоий-сиё­сий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Ўтган йили ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори томонидан турли лойиҳалар, тарғибот ойликлари доирасида 250 га яқин тадбир ўтказилди. Натижада 1307 нафар фаол ёшлар партиямиз сафига қабул қилинди. Тадбирларимизда маъруза ўқишдан буткул воз кечиб, ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш масалаларига эътиборни кучайтиришни режалаштирдик.

Жорий йил бошида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилишини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаолиятимизни сарҳисоб қилиб, амалий ишларни янада кучайтириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб олдик.

Шу йил январь ойида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисидаги қарори ижроси ҳақидаги масала Қўнғирот туман Кенгашининг сессиясида кўриб чиқилди. Туманнинг жорий йилга белгиланган бюджет параметр­ларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала Чимбой туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи ва тегишли доимий комиссияда кўрилиб, сессия кун тартибига киритилди.

2017 йил февраль ойида халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳларида мажлислар ўтказилиб, Ҳаракат дас­тури бўйича 2 масала депутатлик гуруҳида кўрилган.

Президентимизнинг тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорининг бажарилиши ҳақидаги масала халқ депутатлари Шуманай ва Тўрткўл туман Кенгашлари доимий комиссияларида муҳокама қилинди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорининг ижроси билан боғлиқ масала Қонликўл туман Кенгашидаги партия гуруҳида кўрилди.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари аъзолари томонидан ижро ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарларига шу кунгача 10 депутатлик сўрови юборилди. Уларнинг қандай натижа бериши назоратга олинди.

Ҳаммамизга маълумки, 2017-2021 йилларга мўлжалланган ­Ҳа­ракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишида ижтимоий соҳани ривожлантириш белгиланган. Бунда аҳоли бандли­ги­ни таъминлаш, фуқаро­ларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг сало­мат­лигини сақлаш, йўл-тран­спорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масала­лари бўйича муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Демак, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар янада кенгаяди, одамларнинг турмуш даражасини ошириш бўйича ишлар кўлами ошади.

Бизнинг олдимизда ҳам масъулиятли вазифалар турибди. ЎзХДП ташкилотлари маҳаллий Кенгашлардаги пар­тия­миз гуруҳлари аъзолари билан ҳамкорликда ушбу муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш бўйича тарғибот ишларини изчил йўлга қўйиши, унинг ижросида ҳар биримиз фаол қатнашишимиз талаб этилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, бирон бир оилага кам таъминланган, деган иборани ишлатмаслигимиз учун уларнинг яшаш шароитини яхшилашимиз, жумладан, пенсионерлар, ногиронлар ва бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож кишиларнинг муаммоларини ҳал қилиб, фаоллигини оширишимиз зарур.

 

Халилла ЕШИМБЕТОВ,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: