28.03.2017

Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг юксак самаралари

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташриф доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Бизнес-форумда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан ортиқ ишбилармонлари иштирок этди. Уларнинг якунлари бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган савдо шартномалари ва инвестициявий битимлар имзоланди.

ЎзА мухбирлари бизнес-форум ва кўргазмада қатнашган мамлакатимизнинг компания ва корхоналари раҳбарлари, ишбилармонлари билан суҳбатда бўлиб, мазкур тадбирларда эришилган келишув ва битимларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб беришини илтимос қилди.

Одилхон Рустамов, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси раиси:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 22-23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи бу борадаги вазифалар қанчалик муҳимлигининг яна бир исботидир. Мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва яқин ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бормоқда. 2016 йилда компаниямиз томонидан Қозоғистонга қарийб 500 минг тонна маҳсулот экспорт қилинди. Сабзавотлар, мевалар, узум, полиз маҳсулотлари, қуритилган мева-сабзавотлар шулар сирасидандир.

Жорий йилда режаларимиз бундан ҳам улкан. Январь-февраль ойларида қарийб 16 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилингани ҳам ҳамкорлигимизнинг уфқлари кенгайиб бораётганидан далолатдир. Йил якунига қадар тизимдаги корхоналарда тайёрланган 560 минг тонна маҳсулотни Қозоғистон бозорига етказиб бериш ниятидамиз.

Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмасида мамлакатимиз саноат корхона ва компаниялари ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этди. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси тизимдаги 90 дан зиёд корхона ва уларда ишлаб чиқарилаётган 300 га яқин турдаги мева-сабзавот, қандолатчилик, гўшт-сут маҳсулотлари, турли ичимликлар билан иштирок этди. Кўргазма якунида 300 миллион долларга яқин шартномалар имзолашга эришдик.

Иқтисодиётимизга жалб қилинаётган инвестицияларнинг асосий қисми ишлаб чиқариш объектларини қуриш, уларни энг илғор ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилмоқда. Натижада соҳа корхоналари Австрия, Германия, Польша, Жанубий Корея, Хитой каби 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг энг замонавий технологик ускуналари билан жиҳозланмоқда. Бу юқори сифатли, ташқи бозорларда рақобатдош маҳсулот тайёрлашда қўл келмоқда. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган маҳсулотларимизни дунёнинг 80 дан ортиқ давлатига экспорт қиламиз. Охирги 10 йилда мева шарбатлари экспорти 2, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ўртача 1,5 баробар кўпайди, валюта тушуми 6 маротаба ортди.

Компаниямиз тизимида “Ўзагроэкспорт” корхонаси фаолият юритмоқда. Ҳозир мазкур корхона томонидан Қозоғистонда учта савдо уйи очилган. Бугунги кунда савдо уйлари билан умумий қиймати 40 миллион долларликдан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, савдо уйлари чакана-улгуржи савдо фаолияти юритиш билан бир вақтда янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, маҳсулот етказиб бериш, озиқ-овқат товарларини реализация қилиш, маркетинг сиёсатини олиб бориш, биргаликдаги савдо тармоқлари ташкил этиш, ўзаро манфаатли келишув ҳамда шартномаларга эришиш бўйича хизмат кўрсатмоқда.

Алишер Султонов, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси:

– Президентимизнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида Остонада бўлиб ўтган бизнес-форум улкан аҳамиятга эга бўлди. “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан “Казмунайгаз”, “Казтрансгаз” ва “Казтрансойл” компаниялари билан музокаралар олиб борилди.

Ушбу учрашувлар давомида эришилган келишувлар орасида Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувури тармоғи орқали нефтни қайта ишловчи заводларимизни хомашё билан таъминлашга оид шартномани алоҳида қайд этиш зарур.

Бу келишув яқин истиқболда Россия ёки Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган нефтнинг бир миллион тоннасини Ўзбекистонга етказиб бериш имконини беради. Келгусида ушбу кўрсаткични йилига беш миллион тоннагача етказиш кўзда тутилмоқда. Мазкур истиқболли лойиҳа Жиззах вилоятида барпо этилаётган нефтни қайта ишлаш заводини зарур хомашё билан таъминлашга хизмат қилади. Бу объектни 2020 йил охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Даврон Акбаров, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳузуридаги тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги директори:

– Ўзбекистон енгил саноатчилари билан дунёнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Қозоғистон тўқимачилик ва савдо компаниялари ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ва кооперацион алоқалар изчил ривожланаётир. Мамлакатимиз корхоналари Қозоғистоннинг «Davtex», «RVS Company», «Жетису Маркет», «Azala Textile» каби компаниялари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2015-2016 йилларда Ўзбекистондан Қозоғистонга 18,5 миллион долларлик ип-калава, мато, трикотаж полотноси, тайёр тикув-трикотаж каби тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди. Жорий йилда ушбу кўрсаткич 20 миллион долларга етказилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмасида “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги 25 корхона 70 дан зиёд турдаги маҳсулотлари билан иштирок этди. «Uztex Group», «Истиқлол Текстиль Дизайн», «Urganch Bahmal», «Art Soft Tex», «Sedat Triko Tashkent», «Textile Mill Tashkent», «Мос Ян Текс», «Bofanda», «Jizzah Plasteks», «Favorit Textile», «Mini Max», «Shafak Textile», «Turan Tex», «SAG» каби компаниялар тайёр трикотаж, турли пайпоқлар, эркаклар костюми ва кўйлаклари, пальтолар, ип-калава, болалар кийимлари, гиламлар ва бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотларини намойиш қилди. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари қозоғистонлик шерикларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Остона шаҳрида бўлиб ўтган икки мамлакат ишбилармон доиралари бизнес-форумида “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳузуридаги Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги билан Қозоғистоннинг «Ретайл Инвестмент Астана» компанияси ўртасида янги савдо уйини ташкил этиш бўйича битим имзоланди. Айни пайтда ушбу мамлакатда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарнинг 7 савдо уйи ва ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Мамлакатимизнинг Қозоғистондаги савдо уйлари фаолияти ўзаро савдо-иқтисодий, кооперацион алоқаларни янада ривожлантиришга, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспортини янада оширишга хизмат қилади.

Румия Абайдулина, «Unison Group» масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

– Остона шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмасидаги иштирокимиз ғоят самарали бўлди. Унда биз Қозоғистоннинг кўплаб ишбилармонлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш бўйича музокаралар ўтказиш, икки томон учун ҳам манфаатли бўлган келишувларга эришишга муваффақ бўлдик. Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида компаниямиз Қозоғистоннинг «Agro Max Astana», «Даржан Групп» ва бошқа қатор савдо мажмуалари билан консерваланган ўзбек палови етказиб бериш бўйича қарийб 1 миллион долларлик шартнома имзолади.

Маҳсулотимизга Қозоғистоннинг қатор савдо корхоналари томонидан талаб тобора ортиб бормоқда. Жамғарма маҳсулотимиз рекламасини таъминлаш билан бир қаторда унинг экспортини амалга ошириш учун 250 миллион сўм миқдорида фоизсиз молиявий кўмак кўрсатди. Бу маҳсулотларимизни хорижий ҳамкорларимизга тез ва сифатли етказиб беришга ҳамда улар билан ҳамкорлигимизни янада кучайтиришга замин яратмоқда.

ЎзА


DB query error.
Please try later.