25.03.2017

ҚАДРИЯТИ ВА РУҲИЯТИ БИР

икки халқнинг яқин қўшничилик муносабатларида янги давр бошланмоқда

Баҳорнинг сарин эпкинлари поёнсиз кенгликларга ажиб бир нашида бахш этиб турган шу кунларда қозоқ даштларидаги кўклам сурурини бир кўз олдингизга келтириб кўринг-а! Бир томонда – яшилланган заминнинг кумуш  мавжларида бамисоли сузиб бораётган тулпорлар уюрлари... Бир томонда – ўтов ташқарисида ўтириб, кўнгил туйғуларини қўлидаги дўмбираси билан оламга ёяётган ўланчи қиз...

Айни пайтда юртимизнинг олис-яқин гўшаларидаги Наврўз лавҳалари ҳам кўз ўнгингизда жонланади. Исириқ тутунидек ҳарир туманга чулғанган гулга ғарқ боғлар... Дошқозонлар теграсидан таралаётган сумалак алёрлари... Болаларнинг ям-яшил қирлар узра қийқириқлари... Иккала ўлкага ҳам хос бўлган баҳор ­нашидасида бетакрор тароват, ҳаётга ­лиммо-лим муҳаббат мужассам.

Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Остонага қилган давлат ташрифи  ва унда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан дўстона ўтказган мулоқотларини телевизор орқали кўриб, тўғриси, кўнглим беҳад қувончга тўлди. Албатта-да, тили, дини, қадриятлари бир бўлган халқни бир-биридан ажратиб бўлармиди?!

Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатларида янги даврни бошлаб берган бу тарихий, шу сўзни яна бир бор таъкидлагим келди — тарихий учрашув икки халқ қалбига янги сурур бахш этди. Мулоқотлар чоғида дўст мамлакатлар ўртасида ҳам савдо-сотиқ, ҳам иқтисодий, ҳам маданий ва адабий муносабатлар борасида янги имкониятлар очилгани алоҳида таъкидланди. Икки мамлакат шаҳарлари орасида транспорт алоқаларининг йўлга қўйилиши, айниқса, бир-бирига қадрдон, қуда-анда юрт одамларини беҳад мамнун қилди.

Мен қозоқ-ўзбек биродарлигини, дўстлигини чек-чегараси йўқ уммонга ўхшатаман. Агар бу ўлка одамларига дўстлик, қардошлик борасида гап бошласангиз, улар қалбидаги зилол булоқ кўзини очиб юборасиз. Улар бир-бирларини тўлиб-тошиб алқайдилар. Чунки ўзбек ва қозоқ дўстлиги азалий ва абадийдир. Ўзбек ҳамиша қозоқ биродарини «жигарим», деб ардоқлаб келади, қозоқ ўзбекни «ўз оғам», дея эъзозлайди.

Аллома шоиримиз ўафур ўулом бир-бирига эш бу икки халқни бир китобнинг икки саҳифасига ўхшатади. Маш­ҳур қозоқ оқини Асқар Тўқмағамбетов эса икки халқ биродарлигини тавсифлаб, ўз шеърида «Бир дарахтнинг сояси тушга қадар меники, тушдан кейин сеники», дея лутф этади.

Мен бундан ўн йиллар муқаддам қозоқ адабиётининг жами авлодларга мансуб 50 шоири ижоди намуналарини таржима қилиб, шеърий антология тузганимда, барча шоирларнинг ижодида ўзбек хал­қига бўлган меҳр-оқибат, самимий муҳаббат туйғуларини ҳис этиб, юракдан тўлқинланган эдим. Ҳа, ўзбек ва қозоқ эли орасида жаҳон халқлари ҳавас қилса, ибрат олса арзийдиган теран аҳиллик, тотувлик шаклланган.

Бир неча йиллар аввал Жанубий ­Корея мамлакатида ташкил этилган адабий анжуманга борганим ва унда иштирок этганим эсимда. Турли миллат вакиллари қатнашган ушбу йиғинда мен Қозоғистондан келган дўстим билан топишдим ва тадбир охирига қадар биз бир-биримиздан ажралмадик. Бизнинг бунчалик биродарлашиб кетганимизни кўриб ҳаваси келганиданми, балки таажжубга ҳам тушгандир, бир чет эл адиби, «Сизлар икки мамлакатдан  келган бўлсангиз, узундан-узун суҳбат қурасизлар, мени ҳайрон қолдиргани бир-бирингларни қандоқ тушунасизлар, ўзи қайси тилда гаплашасизлар?», дея сўраганди. Мен жилмайиб: «Бизлар бир-биримизга яқин, биродар халқ­лармиз, тилларимиз ҳам яқин. Агар овозимни сал кўтариб, оҳанжама қилмай гапирсам, дўстим тилида гапирган бўламан. Агар дўстим тилини бурро қилиб, бўяб-бежамай гапирса, менинг тилимда гапирган бўлади», дея жавоб қайтаргандим.

Бугун икки давлат ўртасида имзоланган шартномалар, келишувлар абадий дўстлигимиз пойдеворини янада мустаҳкамлайди, халқларимиз ҳаёти бунданда фаравонлашувига хизмат қилади.

 

Мирпўлат МИРЗО,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими, шоир.



DB query error.
Please try later.