23.03.2017

ҲАЁТ — БЕБАҲО НЕЪМАТ

Баҳор ўлкамизга яшиллик, кўнгилларимизга илиқлик олиб келади. Бутун олам чирой очаётган бундай хуш дамда қалбимизда ажиб туйғулар мавж уради. Бу — соғинч, бу — меҳр, бу — ҳаётга муҳаббат, бу — қадр!

Кўклам — байрамлар дебочаси. Халқимиз шу кунларга етказганига шукр айтиб, бир-биридан хабар олади, қутлайди, эзгу тилаклар билдиради. Шу ниятда Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима
ХУДОЙБЕРДИЕВА хонадонида бўлиб, баҳор байрамлари билан қутладик, ижод ва ҳаёт ҳақида суҳбатлашдик.

— Сиз ҳаётнинг кўп синовларидан мардона ўтган аёлсиз, шоирасиз, онасиз. Шу боис суҳбатимизни ҳаёт ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак, дегандим. Бир шеърингизда айтгансиз:

Тўрт ёндан қарасанг,

                        тўрт турлик ҳаёт,

Йиғласанг, қувонсанг,

                        арзирлик ҳаёт...

Инсон учун ҳаёт фалсафаси, ҳаёт сабоқлари нималардан иборат, деб ўйлайсиз?

— Раҳмат, қизим. Баҳор барчамизга муборак бўлсин!

Албатта, ҳаёт — бебаҳо неъмат. Ҳаётга келдингми, уни шунчаки яшаб ўтишинг керак эмас. Ортингдан из қолиши, ҳалол меҳнат қилиб, яқинларингга яхшилик, меҳр улашиб яшашинг керак. Инсон умри давомида ўз ҳаётидан, атрофдагилар ҳаётидан, умуман ҳаётнинг ўзидан сабоқ олиб ўтади. Болаликдан бошлаб кўрган кечирганларимиз, ҳаётимизга мазмун бериб, бир-бирини тўлдириб келавераркан.

Кечагидек ёдимда, беш-олти ёшдаги қизалоқ эдим. Уйимизда отамнинг дўсту биродарлари ҳафтада, ўн кунда тўпланиб, китобхонлик қилишарди. Достону қасидаларни асосан отам ўқирди, қироати чиройли эди. Пайт пойлаб, мен ҳам уларнинг ораларига кириб олардим. Улар ўзларининг суҳбатлари билан машғул, менинг хаёлим эса отам ўқиётган достонда бўларди. Воқеалар тасвирини кўз олдимга келтириб ўтирардим. Ҳазрати Али миниб кетаётган отининг ёлларигача бола шууримда намоён бўларди. Буларнинг барчаси менда китобга, адабиётга, шеъриятга, ёзишга иштиёқ, меҳр уйғотди.

Ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасини қадрлаш, уни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилишда устозларимиз, ўқитувчиларимизнинг бизга берган таълим-тарбияси, ўгитлари ҳам муҳим рол ўйнайди, деб ҳисоблайман. Биз улардан миннатдор бўлишимиз керак.

— Қадим ҳаёт йўлларида

Кўпдир зоти — аёл, бас.

Тўмариснинг қўлларидан

Туғ олмаган аёлмас...

Бу сатрларингизни бугун шар­ҳлаб, нималар дейишингиз мумкин?

— Аёл зотига баҳони «Жаннат оналар оёғи остидадир», ҳадисининг ўзиданоқ чуқур англашимиз мумкин. Аёл — бу фидойилик, аёл — бу гўзаллик, аёл — бу туганмас меҳр! Буларнинг барчасини ўзбек аёллари тимсолида кўришимиз мумкин. Жамиятимизнинг ҳар бир жаб­ҳасида бугун хотин-қизлар ўз фаолликлари, ташаббусларини намойиш қилишяпти. Уларнинг ютуқларини кўриб ҳавасингиз келади. Болаларини ўқишга, ёрини ишга меҳр билан кузатаётган келинларимни кўриб қувонаман. Ўзбегимнинг аёли шундай: ўзидан олдин турмуш ўртоғини ўйлайди, ўзидан олдин фарзанд­ларининг ҳаёти учун қайғуради. Жуфтига қанот бўлади.

Аввалги замонлар билан таққослаганда, бугун хотин-қизларнинг меҳнати қадрланаётгани, аёл зоти улуғланаётганини ҳис қиламиз. Улар учун яхши шароитлар яратиляпти. Аёл тадбиркор бўладими, ўқитувчи, шифокорми, ҳамма-ҳаммаси давлатимизнинг ғамхўрлиги, эътиборида.

Ҳар бир ижодкорнинг қурби, услуби, асосий мавзуси ҳар хил бўлади. Ижодга муносабати ҳам. Бир шеърингизда шоир масъулияти ҳақида жуда юксак талаб қўйгансиз:

Шунчаки ёзмоқ-чи, кўнгил тўлмайди,

Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.

Шунчаки ёзганга чидаб бўлмайди.

Шунчаки ёзмоқ бу — шоирга ўлим!

— Шоир қандай бўлмоғи, қандай яшамоғи керак?

— Шоирлик Оллоҳнинг инъоми. Демакки, у шунчаки яшамоғи, шунчаки сатрлар қораламоғи мумкин эмас. У халқ дарди билан яшаши, ёниб-куйиши керак. Ўз дардини бошқаларда ҳам кўролса, у ёзади. Бошқаларнинг андуҳини, кўнгил оғриқларини ҳис эта олса, у ёзади. Шоир ўзгаларнинг-да ҳасратли, қувончли кунларига бефарқ қарай олмайди. Ўтли сўзлари, теран фикр­лари ила қалбларда ҳаётга, Она Ватанга муҳаббат ҳиссини алангалатиб яшайди. Бўлиб ўтган, ўтаётган ҳар бир жараёнлар унинг юрак торларида акс садо беради.

Ватан ҳақида ёзмаган шоир дунёда йўқ. Аммо сизнинг Ватан ҳақидаги сатрлар­ингиз самимийлиги, табиийлиги, гўзал­лиги билан кишини ҳаяжонга солади, чуқур ўйга толдиради. Масалан, «Бу Ватан...» деб номланган шеърингизда шундай сатрлар бор:

Мен Ватан сўзини қандай нафас билан айтаман.

Бу йўлда қайдан бошлаб, қай нуқтадан қайтаман.

Ватанни шеърий сатрларсиз қандай таърифлаган бўлардингиз?

— Чиндан ҳам, Ватан сўзини таърифлашга қалам-да, тил-да ожиз. Ватан ўз номи билан Ватан! У — биз туғилган тупроқ, бизни ардоқлаган маскан, бизга меҳр улашган замин! Ҳеч иккиланмай жон фидо қилишга арзирлик гўша! Уйимиз — Ватан, оиламиз — Ватан, ҳатто уриб турган юрагимиз-да Ватандир. Унга бўлган меҳримизнинг поёни йўқ. Унга аталган изҳорларимизнинг нисбати йўқ. Уни фақат севиш ва қадрлаш керак!

— Ёш ижодкорларни фидойи­ликка, халқ дарди билан яшашга ундаб келасиз. Ёш шоирлар, шогирдларингиздан бугун нималар кутяпсиз?

— Ҳали айтиб ўтганимдек, ижодкорлик — фидойиликдир. Шоирлик ўзни унутиш, ўзгалар дарди билан яшаш, дегани. Ёш ижодкорларни кузатиб бораман. Уларнинг кўпчилигида ана шу зийраклик, дардкашлик ва хал­қона оҳангларни кўраман. Мен улардан ўзимдан кутаётган нарсани кутаман: яъни шиддат, завқ ва ҳайрат... Юраклари ҳамиша туғ­ён уришини, кўнгил дарёлари тўфон кўтаришини, сўзлари ўтли, қалами ўткир бўлишини истайман. Ватанга, жамиятга, халқига нафи тегсин, дейман!

Қалбларда баҳор ўйлари... Байрамлар шукуҳи тўлиб-тошган шу кунларда юртдошларимизга қандай тилаклар билдиришни истайсиз?

— Яна сенга етарманми ёки йўқ,

Кўкламойим кўкингдан бер, бир чимдим...

Кўклам келганда Муҳаммад Юсуфнинг ушбу мисралари дамо дам кўнглимизга ажиб ҳис-туйғулар солади. Шундай сатрларни ёзган халқона, севимли шоирларни эслатади бу фасл. Қалбларимизда яшариш, ишонч, меҳр туйғуларини уйғотади бу фасл. Илойим, шу фасл юртимизга, барчамизга, айниқса, баҳор чечакларидек гўзал аёлларимизга ўзининг ёқимли, иссиқ ҳаволари билан иссиқ дийдорли бахтларни олиб келсин! Аёллар ҳамиша кўклам чечакларидай чарақлаб юрсин.

— Охирги ёзган шеърларингиздан айримларини газетамиз учун тақдим этсангиз, хурсанд бўлардик...

Ҳалима опа қўлёзмаларини кўздан кечириб, бизга икки шеър­ини тақдим қилди.

ВАТАНГА АРЗИЙСАН

Толиққанлар кўксингда бургутларинг,

Ўчиб бўлган гуриллаган ўтларинг.

У чақирса... зумда чўғлана олсанг,

Шунда, шунда сен Ватанга арзийсан.

 

Шон бермоқ-чун бир парча чўл, ё тоққа,

Жон бермоқ-чун шу Ватанни олмоққа,

У чақирса... зумда ўқлана олсанг,

Шунда, шунда сен Ватанга арзийсан.

 

Бир кун қабрда ётсанг ҳамки поймолсан,

У чақирса... зумда тиклана олсанг,

Ерсан, аммо учиб, кўклана олсанг,

Шунда, шунда сен Ватанга арзийсан.

 

МЕНДАН КЎНГЛИНГ РОЗИМИ?

Сени минг йилдан буён

Севаманми, билмайман,

Чоҳу чангалзорлардан бирга ўтган сен бўлдинг.

Аёлми ё юк ортган теваманми, билмайман,

Мендан олдин юкларга елка тутган сен бўлдинг.

 

Биз бир-биримиз учун тушган эдик кўклардан,

Эгилмадингми, жоним, елкадаги юклардан?!

 

Яхши хотин бўлмадим,

Баъзан қилмай иложин

Боқсам, кийган кўйлагинг русумдан чиқаёзган.

Кўз ёшимдан сув сепиб, супурги қилиб сочим

Йўлларинг супурганим эсимдан чиқаёзган.

 

Руҳингга кирмай ўзга олам билан оввора,

Болам билан оввора, қалам билан оввора.

 

Эсли хотин бўлмадим,

Эсларингни оғдирдим,

Зўр ишлар қолиб, рўзғор икир-чикирларига.

Бўлар-бўлмасга кўз ёш жолаларим ёғдирдим,

Армонлар кетган чиқар кўнгил чуқурларига.

 

Тоқатингга тош отсам, симлар қоқиб ишингга,

Унутган аёлларинг кирмадими тушингга?!

 

Ёрижон-а, денгизда кемамизнинг сардори,

Мендан олдин гўдаклар кўзларингдан ўпдими?

Сенга юрак дориси топиб қўйдим, зўр дори,

Уни аввал мен, кейин Сен ичасан, бўптими?

 

Аввал бир-бировга гул илинардик. Гул пайти,

Энди дори. Ишқилиб, илинмай кун ўтмайди.

 

Мен ўзимдан норози. Сенинг кўнглинг розими?

Айт, эй кўнглимнинг ёзи, сенинг кўнглинг розими?

Сенга айтар гапимни ёз десам қўлларимга,

Минг бир қайтариб ёзди. Мендан кўнглинг розими?

 

Суякни ёрар оҳим, мендан кўнглинг розими?

Бошимдаги паноҳим, мендан кўнглинг розими?..

«Ўзбекистон овози» мухбири

Гулруҳ ОДАШБОЕВА суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.