23.03.2017

ЖИНОЯТ ИШИ ВА МАЪМУРИЙ ЖАЗО

Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ва фуқаролар манфаатини ҳимоялаш самаралари

Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судида яқинда бир гуруҳ тадбиркорларга нисбатан жиноят иши кўрилиб, Ҳукм ўрнига Ажрим чиқарилди. Масъулияти чекланган жамият (МЧЖ)нинг икки нафар раҳбар шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 84-моддаси 1-қисмининг 8-бандига (етказилган зарарни бир ой ичида қоплагани сабабли) асосан жиноят иши айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб ҳаракатдан тугатилди.

Мазур жиноят иши бўйича айбдор деб топилган яна 8 нафар тадбиркорга нисбатан эса етказилган зарар кўп миқдорни ташкил этиши далиллар билан асосланмаганлиги туфайли жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 83-моддаси 2-бандига (ҳаракатида жиноят таркиби бўлмагани учун) асосан ҳаракатдан тугатилди ва уларнинг ҳаракатида мавжуд маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материаллар алоҳида иш юритувига ажратилди.

Мақолани нега бу мисол билан бошлаяпмиз? Сабаби, бу ҳолат — бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кейинги қисқа даврда ва ҳаётда ўз аксини топа бошлаётган суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, тадбиркорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги ва бошқа фармон ҳамда қарорларининг самараси эканлигини таъкидлашдир.

Президентимиз имзолаган қатор тарихий ҳужжатлар мамлакатда тадбиркорларнинг қўл-оёғидаги кўзга кўринмас айрим кишанларни ечиб ташлаш баробарида уларга қанот бағишламоқда, қалбларини Ватан тараққиёти учун янада белни маҳкам боғлаб хизмат қилиш фахру шижоати билан тўлдирмоқда. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ривожланиш йўлидаги ғовларни тезроқ бартараф этиш учун хизмат қилмоқда.

Масалан, тадбиркорлик субъектларида бўлар-бўлмас турли хил текширувларга чек қўйилиши, тадбиркор бўламан, деган одамнинг ишини бир-икки кун ичида ҳал қилиб берадиган «Ягона дарча» хизматининг ташкил этилиши, тадбиркорликни янги бошлаётганлар учун солиқ тўлови имтиёзлари, билиб-билмай хатога йўл қўйган тадбиркорларга нисбатан дарров жиноят иши қўзғатавермай, у етказилган зарарни бир ой ичида қоплаган тақдирда уни жиноий жавобгарликдан озод этиш ва бош­қа шу каби инсонпарварлик намуналари, яратилаётган янгиликлар жамият тараққиётини янада жадалроқ ривожланишга олиб бориши шак-шубҳасидир.

Дарҳақиқат, 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида туб бурилиш ясайдиган тарихий ҳужжатдир. Хусусан, қўшимча терговга қайтариш институтини бартараф қилиш, оқлов ҳукм­лари чиқарилишини таъминлаш, қамоқ тарзидаги жиноий жазонинг тугатилиши, жиноятни содир этишда гумон қилинувчи шахсларни ушлаб туриш муддатини 72 соатдан 48 соатга қисқартирилиши ва айниқса, судьяликка биринчи маротаба беш йил муддатга, кейин ўн йил муддатга, ундан кейин эса муддатсиз тайинлаш (сайлаш) каби туб ўзгаришлар судьяларнинг Конституциямизда белгиланган мус­тақиллигини, улар фақат қонунга бўйсуниши тамойилини мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилади, албатта.

Олмалиқда ҳам тадбиркорлар сафи кенгайиб, уларнинг шаҳар иқтисодиётидаги ҳиссаси ошиб бормоқда. Жумладан, 2016 йил июлда саноат-ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ, транспорт хизмати соҳаларида 90 та кичик бизнес субъекти рўйхатга олиниб, 354 та иш ўрни яратилди. Бунга қўшимча равишда ўтган йили 22 та хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятини тиклаб, қайтадан иш бошлади.

Хулоса шуки, бугунги давлат сиёсати тадбиркорликни ноқонуний назорат қилиш каби иллатларга чек қўйиб, қонуний ёрдам беришни кучайтиришга қаратилган. Бунинг учун эса Президент фармон ва қарорлари, қонунлар ва қонуности ҳужжатлари асос бўлмоқда.

Бунинг аниқ тасдиғи сифатида юқоридаги маъмурий ишга ўтказилган жиноят иши бўйича батафсилроқ тўхталиш жоиз кўринади. Яъни, суд терговида аниқланишича, 1986 йилда Оҳангарон шаҳрида туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Юсупов Шерзод 2015 йил 24 февраль кунидан бошлаб Олмалиқ шаҳридаги «FORD GAZEL» МЧЖга таъсисчи бўлиб, ушбу корхона директори, 1975 йилда Оҳангарон туманида туғилган Абдуллаев Равшан билан жиноий тил бириктириб, МЧЖга қарашли «Дамас» автомобилларининг маълум йўналишлар бўйича йўловчиларни ташиш фаолиятидан тушган нақд пул маблағларини банк орқали жамият ғазнасига инкасса қилмай, жиноий ҳаракат содир этганлар.

Шунингдек, улар қатор шахсларнинг лицензия олмасдан туриб, ўзлари раҳбарлик қилаётган корхона паноҳида муайян йўналишларда йўловчи ташиш билан шуғулланишига шароит яратиб беришган ва бундай фаолиятни амалга оширган 8 нафар ҳайдовчи ҳам жиноий жавобгарликка тортилган.

«Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, Жиноят кодексининг 190-моддаси 1-қисмида лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланиш кўп миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлган ҳолда содир этилган ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган.

Иш ҳужжатларига кўра, Қ.Абдиев, Д.Турсунов, М.Газибеков, И.Исломходжаев, А.Абдуваҳобов, М.Хакимов, Т.Наренов, С. Газибековлар юқоридаги корхона тасарруфидаги йўналишларда лицензиясиз фаолият юритганлар. Бироқ иш ҳужжатларида уларнинг айнан «кўп миқдорда» даромад топганлигини исботловчи далил-ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли, уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳаракатдан тугатилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­нинг 176/1-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини муҳокама қилиш учун материаллар алоҳида иш юритувга ажратилди.

Шунингдек, жиноят ишининг Юсупов Шерзод ва Абдуллаев Равшанга оид қисми Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси 1-қисмининг тадбиркорликни янада ҳимоялаш бўйича киритилган ўзгаришга оид 8-бандига (кўп миқдорда бўлмаган етказилган зарарни жиноят аниқланганидан кейин бир ой ичида қопласа, жиноий жавобгарликка тортилмайди) асосан ҳаракатдан тугатилди. Чунки улар солиқ тўлашдан бўйин товлаш оқибатида тўланмаган 24 миллион 445 минг 900 сўм маблағни 10 кун ичида шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг ҳисоб рақамига тўлаб, зарарни қоплаган эдилар.

Тўғрисини айтганда, кўрилаётган бу чора-тадбирлар инсонни қадрлашга, ҳақ-ҳуқуқини таъминлашга, тадбиркорликни имтиёзлар асосида эмин-эркин юритишга хизмат қилади. Бунинг натижасида одамлар бойийди, турмуши обод бўлади, мамлакат иқтисодиёти мустаҳкамланади, тараққиёти тезлашади.

 

Орифжон НИГМОНОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Олмалиқ шаҳар суди раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: