23.03.2017

МИРИШКОРДА НАВРЎЗ САЙЛИ

Қарши чўлидаги Миришкор тумани аҳли Наврўзни янги-янги режалар, мақсадлар

билан кутиб олди

Наврўз сайлида илк суҳбатдошим «Янгиобод» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Нортож Умаров бўлди:

— Биз туркманлар қадим-қадимдан ўзбек, араб, тожик ва бошқа миллат вакиллари билан дўст-иноқ яшаб келаяпмиз. Тўйимиз, орзу-умидларимиз муштарак. Яқинда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркманис­тонга давлат ташрифини телевизор орқали ҳаяжон билан кузатдим. Қўшни давлатда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига ёдгорлик ўрнатилганига роса қувондим. Наврўз кунларида азалий дўстлигимиз, ҳамкорлигимиз абадий бўлсин, деб юрак-юракдан ният қилдим. Барча юртдошларимизни баҳор байрами билан қутлайман...

Чўлга баҳор эрта келади. Илк бор Навруз сайли қирлар бағрида ўтаётган экан. Юқоридаги суҳбатимиз туркман элининг кайвонилари қуршовида, турли баҳор таомлари тортилган дастурхон устида бўлиб ўтаётган эди. «Янги­обод» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Нортож Умаров бугунги байрамда 15 нафар эҳтиёжманд оилага кўмак берилгани, 5 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилаётгани ҳақида ҳикоя қилади.

— Қизимнинг қувончи чексиз, — дейди меҳнат фахрийси Уйғун Примов. — Кайвониларга раҳмат, набирам Ойбекжоннинг суннат тўйини ўтказиб беришаяпти. Илоҳим, дилимизни, элимизни меҳр-оқибат, саховат тарк этмасин...

— Ўзбек, туркман, рус, татар ва бошқа миллат вакиллари билан дўст-биродар, аҳил яшаб келаяпмиз, — дейди «Жейнов» ҚФЙ раиси, ЎзХДП фаоли Рўзибой Тошев. — Қаранг, қандай бепоён макон. Ўзбекистонимизнинг бағри бундан-да кенг ва меҳрга тўла. Бош­қа элатлар қатори биз женовлик араблар ҳам тенг­лар ичра тенгмиз, бахтлимиз, тўқ-фаровонмиз. Инсонга яна нима керак? Қаранг, одамларнинг юз-кўзида, гап-сўзида алоҳида фарқ борми? Йўқ, барчамиз шу улуғ юртнинг фуқаросимиз. Менинг умр йўлдошим Матлуба Тўраева китоблик, ўзбек, ҳозир икки нафар фарзандимиз бор. Менинг ўзим фермер хўжалиги раҳбариман, 90 гектар ерда деҳқончилик қиламиз.

Ишимиз яхши. Ўтган йили шарт­нома режасидан 40 фоиз ошириб пахта топширганимиз учун мукофотга «Каптива» машинаси берилди. Мана, бу ранго-ранг гиламларни ким тўқиган дейяпсизми? Ҳа, чеварларимиз-да! Бу — араби гилам. Тўла йигирилган жундан тўқилган. Биттасини 700-800 минг сўмдан сотиш мумкин. Кўп жойдан, масалан, Бухородан келиб, харид қилишади. Ҳунарманд­лар кўпми деяпсизми? Албатта, аёлларимизнинг бари чевар. Рафиқам Матлубахон ҳам гилам тўқийди...

— Минг шукр, турмушимиз яхши, — дейди уй бекаси Холида Шомуродова. — Президентимизга раҳмат, тинмай ғамхўрлик қилаяпти, арзон уйлар қуришга кўрсатма бераяпти. Оиламиз билан ўтган йили намунали уйлардан бирига кўчиб кирдик. Қўшним, туркман аёли Сайёра Ҳотамова билан иноқмиз, бугунги сайлга ҳам бирга чиқдик.

— Қаранг, қандай ажойиб халқимиз бор, — дейди Миришкор туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, ҳоким ўринбосари Навбаҳор Нурёғдиева. — Туманимиз аҳолиси 112 минг кишидан зиёд, шундан 55 мингини хотин-қизлар ташкил қилади. Улар орасида турли касб эгалари бор. Масалан, 1000 дан ортиқ аёлларимиз якка тартибда фаолият кўрсатаяпти. Тадбиркорлик, уй ҳунармандчилигини ривожлантиришда бу ниҳоятда муҳим. Янги ҳокимимиз эҳтиёжманд оилалар фарзандларидан 10 йигит-қизнинг никоҳ ва 40 боланинг суннат тўйини алоҳида ўтказишни таклиф қилди. Ҳозир шунга тайёргарлик кўраяпмиз. Бу яхши ният Наврўз нафаси кезиб юрган қутлуғ кунларнинг бирида амалга ошади...

Ҳа, байрам сайлда кўпчилик туман етакчиси ўзгаргани, унинг ниятлари, ўзларининг орзулари ҳақида гапирар эди. ЎзХДП туман кенгаши раиси Ўткиржон Усмонов сайилгоҳни айлантириб, туман аҳли, фаоллари турли касб эгалари билан таништирди. Асли касби қурувчи бўлган Ўткиржон туман бош меъмори, сув таъминоти идораси бошлиғи бўлиб ишлаган, бир йилдан буён партиямиз етакчиси.

Шу йилнинг 2 март куни халқ депутатлари Миришкор туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев қўлга киритилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар хақида гапириб, туманга Равшан Комиловни ҳоким этиб тайинлади. Бугун орадан ўн беш кун ўтиб, янги ҳоким Наврўз сайлини уюшқоқлик билан ўтказмоқда. Илгари ўйингоҳда ўтадиган тадбир илк бор қир-адирлар бағрига кўчирилди.

— Мен сессияда қатнашдим, — ҳикоя қилади Қашқадарё вилоят уруғчилик инспекцияси бошлиғи, Миришкор туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Азамат Сариқов. — Камчиликлар ҳам, ютуқлар ҳам очиқ айтилди. Биласизми, Равшан Комиловни анчадан буён танийман. Бир пайт­лар у Шаҳрисабзда, мен чўлда хўжалик раҳбари бўлганмиз. Ке­йин у Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида масъул лавозимларда меҳнат қилди. Ўтган йили, Чироқчи туманида ҳоким бўлиб турганида бордим. Рости, обод бозор, кўркам истироҳат боғи ва бош­қа яхши ишларни кўриб ҳавас қилгандим. Мана, энди Қарши чўлидаги йирик, аммо иқтисоди анча оғир ва мураккаб туманни бошқаришни зиммасига олди. Ўйлайманки, эплаб кетади.

— Мен сессияда ҳокимимизнинг режаларини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, — дейди ЎзХДПдан туман Кенгаши депутати, Денов қишлоғидаги шифохона бош ҳамшираси Шарват Абдиназарова. — Биласизми, нега? Чунки ҳоким «Сизларнинг орзуингиз — менинг орзум, яхши ишларни биргаликда амалга оширамиз», деди. Касалхонамизни бир вақтлар Ўзбекистон Қаҳрамони Муродулла Саидов қуриб берганди. У кишининг хотирасини, яхши ишларини ҳеч ким унутгани йўқ. Миришкорни обод қилиш бир кишини қўлидан келмайди. Ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳокимимизни қўллаб-қувватлаб туманимизни энг чиройли, энг илғор, энг намунали гўшага айлантиришимиз керак.

Дарҳақиқат, Миришкор — Қарши даштидаги энг йирик туман. 2003 йилда икки туман қўшилишидан ташкил топган. Маркази — Янги Миришкор шаҳарча аталса-да, ҳали кўп ишлар қилиш керак. Жами 312 минг гектар ернинг 55 минг гектардан ортиғи суғориладиган ер ҳисобланади. Бу майдонларда асосан пахта ва ғалла етиштириб келинмоқда. Кейинги йилларда бу тармоқлардаги режаларни уддалаш қийинлашиб бораяпти. Тупроқ унумдорлигини ошириш, сув таъминотини яхшилаш, иссиқхоналар, янги саноат корхоналари қуриш, чорвачиликни ривожлантириш борасида ўнлаб муаммоларни ечиш талаб қилинади.

— Бу кенгликлар «Обод» қишлоқ фуқаролар йиғини худуди, — дейди фермер Суннатулло Эргашев. — Ўзимдан қиёс, раҳбарлик осон эмас. Ана, ҳув, наридаги 114 гектар ер хўжалигимизга тегишли. Шу ернинг суғориладиган 68 гектарида пахта, ғалла етиштириб келаяпмиз. Ҳокимни талабчан, деб эшитганмиз. Биз ҳам янги режалар ҳақида ўйлай бошладик. Бу йил 2 гектар боғ яратмоқчимиз. Паррандачиликни ҳам йўлга қўйсак дейман. Қаранг, анча жойни ковлаб, ҳовуз қилаяпмиз. Балиқ боқамиз. Хуллас, режамиз кўп.

Суннатулло каби янги режаларни пишитаётганлар бисёр. Улар билан суҳбатлашиб, туман янада юксалишига ишондим. Аммо Наврўз сайли эсда қоларли бўлди. Чавандозлар елишди, кўпкарида улоқ тортишди. Туманда сара отлар кўп экан. Менга кураш мусобақаси маъқул тушди. Кенг майдонда, кураш гилами устида полвонлар куч синашди. Ҳакам Чори Қулатовнинг айтишича, туманда 5 спорт мактаби бўлиб, бошқа турлар қатори, 500 ёш кураш сирларини ўрганаётган экан. Шу пайт 2010 йилда Францияда ўзбек миллий кураши бўйича ўтган халқаро мусобақада совриндор бўлган Дилфуза Мейлиқулова ёдимга тушди. Айтишларича, Наврўз сайлида 200 дан ортиқ полвон қатнашибди.

— Қаранг, қандай соғлом, илм­ли ёшлар камолга етаяпти, — дейди меҳнат фахрийси Малика Абдираҳимова. — Анча йил мактабда ўқувчиларга математика фанидан сабоқ бердим. Минг­лаб шогирдларим бор. Оилада 7 ўғил ва бир қизни улғайтириб, элга қўшдик. Президентимиз амалга ошираётган ишлардан қалбим фахрга тўлади, кексаларга қилаётган ғамхўрликларини айтиб адо қилолмаймиз. Илоҳим, халқимиз бахтига соғ-омон бўлсин. Ниятлари ижобат бўлиб, одамлар у кишининг ишидан рози бўлсин!..

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.