23.03.2017

БАНК КРЕДИТЛАРИ

аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини яхшилашда муҳим ўрин тутади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши «Алоқабанк» акционерлик тижорат банки вилоят филиали билан ҳамкорликда Самарқанд туманида «Аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини яхшилашда кредитлаш тизимининг аҳамияти» мавзусида семинар ўтказди. Унда партия вилоят кенгаши ҳамда банк масъул ходимлари иштирок этишиб, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритишди.

— Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли, кўпгина соҳалар, жумладан, чорвачилик, асаларичилик билан шуғулланиш, иссиқхона барпо этиш, ҳунармандчилик ва замонавий хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга иштиёқманд йигит-қизлар кўпайиб бормоқда, — деди ЎзХДП вилоят кенгаши раи­си вазифасини бажарувчи Ҳабибулло Тиркашев. — Уларни қўллаб-қувватлаш, йўл-йўриқ кўрсатиш партиямизнинг асосий мақсадларидан ҳисобланади. Тижорат банк­лари билан биргаликда тадбирлар ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, микрокредитлар ажратишда кўмаклашиш партиямизнинг Сайловолди дастурига тўла мос келади. Бугунги тадбир айнан шундай вазифаларнинг амалга оширилишида катта аҳамиятга эга. Бундай ҳаракатлар манзилли ижтимоий ҳимояни амалга ошириш механизми бўлиб, ёшлар, хотин-қизлар ва кўп болали оилаларни ташаббус кўрсатишга ундайди, бизнес ғоялар рўёбга чиқиши учун ҳаракатни кучайтиради.

АТ «Алоқабанк» Самарқанд филиали вакили Алишер Мирзаев хонадонларни ўрганиш ва аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, тақдим этилган лойиҳаларни ўз вақтида кредитлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида банк муассасаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Таъкидланишича, банк ходимлари тумандаги уч қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 27 маҳалла аҳолиси билан мулоқот ўтказишган. Барча маҳалла идораларида тадбиркорлар бурчаги ташкил қилиниб, улар тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва банк кредитларидан фойдаланиш тартиблари ҳамда давлатимиз томонидан яратилиб берилган имтиёзлар хусусидаги маълумот ва ахборотлар акс эттирилган стендлар билан тўлиқ таъминланган.

Тадбир давомида йиғилганларга соҳа мутахассислари томонидан бугунги кунда ўз мустақил фаолиятини бошлаш истагида бўлганлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар, шарт-шароитлар, бошланғич сармояни шакллантириш, улар фао­лиятининг ҳуқуқий асослари, бизнес ғояни молиялаштириш, микрокредитлар олиш қоидаларига оид тушунчалар, бизнес-режалар тузишда кўмаклашиш юзасидан зарур йўналиш ва маслаҳатлар берилди, оилавий тадбиркорликни йўлга қўяётганларга банк сертификатлари топширилди.

Тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида банк кредитларини олиш бўйича сертификатларга эга бўлган Исроил Боқиев, Тўхтасин Абдиев, Матлуба Бобожонова, Маъруф Каримов каби фуқаролар мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, кредитлар ажратиш борасидаги ишлардан мамнун эканликларини таъкидлашди.

— Узоққа бормай, ўз хонадонимда меҳнат қилиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман, — деди Амри Хўжанов. — Кўпдан буён ҳовлимда иссиқхона ташкил этишни режалаштириб юрардим. Аммо маблағим етишмаслиги боис, орзуим орзулигича қолиб келаётганди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман кенгаши вакиллари бу борада менга тўғри йўналиш беришди. Уларнинг ёрдамида банк кредитига эга бўлдим. Ана энди қишин-ёзин ҳовлимда турли хил кўкатлар, помидор, бодринг, лимон етиштиришни йўлга қўяман.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси манзилли ижтимоий ҳимояни амалга оширишда, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг, айниқса, ёшларнинг иқтисодий фаоллиги ва ташаббускорлигини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишларни амалга оширмоқда, — деди Алишер Абдураимов. — Шу боис ҳам мазкур партияга эргашамиз, унинг ғояларига хайрихоҳмиз. Мен партия кўмагида тадбиркорликни йўлга қўйиш учун банк кредитига эга бўляпман. Бугун унинг сертификати қўлимда. Энди чорвачилик билан шуғулланаман. Ўйлайманки, банкдан ажратилаётган бошланғич маблағ ишларимнинг юришиб кетишига йўл очади.

Тадбир савол-жавобларга бой бўлди. ЎзХДП вилоят кенгаши ва АТ «Алоқабанк» вилоят филиали масъул ходимлари берилган саволларга жавоб қайтаришди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.