23.03.2017

ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛ НАТИЖАЛАРИ

сессияда кўриб чиқилди

            Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари ҳар ойда шаҳар ва туманларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда. Жойлардаги ҳақи­қий аҳвол, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолияти пухта ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда, шу асосда тегишли хулосалар бериб бориляпти. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат раиси иштирокида тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартиби ҳам кенг жорий этилмоқда.

Парламент аъзоларидан таркиб топган ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўрганилди. Депутатлар аҳоли хонадонлари, мактаб, коллеж, тиббиёт муассасалари, меҳнат жамоаларида бўлишиб, ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишиб чиқишди. Муаммоларни ҳал этиш, тараққиёт режаларини амалга ошириш юзасидан ўз мулоҳазалари, таклифларини билдиришди. Шунингдек, туман аҳолиси, тадбиркорлар, фермерлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари вакиллари ҳамда фаоллари билан учрашувлар ўтказилди.

— Учрашувлар давомида ҳудудда «Назархон», «Бештом», «Қип­чоқ», «Тўлқин», «Чой­кўл», «Киличбой», «Хизир эли», «Олмазор», «Гулзор», «Дўстлик» фуқаролар йиғинларидаги 200 дан ортиқ хонадонда тўғридан-тўғри мулоқот олиб борилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Салауатдин Худайбергенов. — Жойларда ечимини кутаётган масалалар юзасидан фуқароларнинг фикрлари эшитилди. Шунингдек, мулоқот доирасида 135 оғзаки мурожаатлар тушди. Уларни ижобий ҳал этиш бўйича фаол иш олиб борамиз.

Шу куни депутатлар билан суҳбатлашганимизда, улар халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг сайловчилар олдидаги маъсулиятини, пар­тия гуруҳлари, доимий комиссияларнинг ташаббускорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни Кенгаш йиғилишларида тизимли равишда муҳокама қилиб бориш зарурлигини таъкидлашди. Депутатлик назоратини кучайтириш ва уларнинг сайловчилар билан ишлаш жараёнини янада яхшилаш кераклиги айтиб ўтилди. Демак, ушбу масала бугун кун тартибидаги энг асосий вазифалардан ҳисобланади.

— 5-Беруний сайлов округидан сайланганман. Ҳудудда 3000 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан бирга сайловчилар билан мулоқотлар ўтказдик, — дейди халқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Санобар Хўжамуратова. — Учрашув чоғида қора мол, парранда, қуён боқиш, балиқчиликни ривожлантириш бўйича кредитлар олиш, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш масалалари кўтарилди. Биз нафақат ҳудудда учраётган муаммоларни ўргандик, балки уларни ҳал этиш юзасидан аҳолининг фикрларини эшитдик. Туманимиздаги 7 та қишлоқ врачлик пунктини поликлиникага мослаштириш, дорихоналар ташкил қилиш ва ҳар бир поликлиникани биттадан тез ёрдам автомашинаси билан таъминлаш ишлари тез кунда ўз ечимини топади.

Туманни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилди. Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, парламент аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Танқидий таҳлиллар асосида тегишли қарор қабул қилинди. Унга кўра, аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган барча муаммолар ўрганилиши ва мутасадди ташкилотлар иштирокида бос­қичма-бос­қич ҳал этилиши юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.