23.03.2017

Шошилинч тиббий ёрдам такомиллашади

Инсон саломатлигини асраш, халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини янада ошириш, аҳолига тез ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш соғлиқни сақлаш тизими олдида турган муҳим вазифалардандир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, халқимизни рози қилиш учун, аввало, аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган талабини қондириш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларида тизимдаги мавжуд ҳолат чуқур танқидий таҳлил этилиб, муаммоларни ҳал этиш йўллари белгилаб берилди.

Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони тиббиётнинг муҳим бўғини бўлган шошилинч тиббий ёрдам тизимидаги ислоҳотларни давр талаби ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолига шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўзига хос инфратузилма яратилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошидаги бўлимлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги тез тиббий ёрдам хизмати станциялари ва санитар авиация хизмати халқимиз саломатлиги йўлида фаолият юритаётир.

Шошилинч тиббий ёрдам тизимида йилига 600 мингдан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллиондан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқ бўйича хизмат кўрсатилмоқда.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига 2016 йилда 850 мингдан зиёд чақириқ тушди. Мурожаат қилганларнинг ўттиз фоизга яқини шифохоналарга ётқизилган бўлса, қолганига уйда тез тиббий ёрдам кўрсатилди. Тизимда жаҳон тиббиётининг илғор услубларини жорий этиш, автотранспорт паркини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фармонда шошилинч тиббий ёрдамнинг замонавий, юқори технологик ва самарали тизимини шакллантириш, соҳада илмий, методологик ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, тез тиббий ёрдам фаолиятига илғор технологияларни ва иш услубларини жорий этиш борасида аниқ вазифалар белгиланди.

Шошилинч тиббиёт соҳасида профилактика, диагностика ва даволаш усуллари ва технологиялари самарадорлигини ошириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, тавсияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш асосида шошилинч тиббий ёрдам хизматларининг бошқа вазирлик ва идоралар шошилинч хизматлари билан ўзаро тезкор ҳамкорлиги самарали механизмларини жорий этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш ҳар биримизнинг зиммамизга алоҳида масъулият юкламоқда.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бугунги кунгача Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимида фаолият юритаётган эди. Фармон асосида 2017 йил 1 апрелдан бошлаб муассасамиз юридик шахс мақомини сақлаган ҳолда таркибий бўлинма сифатида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бириктирилди. Бундан мақсад шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигини асраш, шифохонагача бўлган босқичда ва шифохонада тиббий ёрдамни узвий боғлиқ ҳолда ташкил этиш, тиббиёт янгиликларини чуқур ўзлаштириш ва кенг оммалаштиришдир.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси тизимида ҳар куни бир юз олтмишдан зиёд бригада навбатчилик қилади. Яқинда станцияга 20 дан ортиқ янги «Damas» амбуланс машинаси ажратилди. 2017 йил давомида яна ўнта реанимобиль етказиб бериш режалаштирилган.

Фармон асосида тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва сарфлаш материаллари билан таъминлашни молиялаштириш ҳажми 2017 йилда 2 бараварга оширилди. Чунки шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморнинг ҳаётини асраш, саломатлигини тиклашда чақириқ жойига ўз вақтида етиб бориш баробарида дори-дармон ва тиббий технологиялар ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Бу вазифаларни тўлиқ ижро этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи асосида тез тиббий ёрдам хизмати дори қутисида бўлиши шарт бўлган дори-дармон воситаларининг рўйхати қайта кўриб чиқилди ва талаб даражасида такомиллаштирилди.

Тез тиббий ёрдам хизмати сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этадиган яна бир йўналиш – хизмат машиналарининг замонавий алоқа воситалари билан таъминланиши. Ҳозирги пайтда барча тез тиббий ёрдам машиналарида GPS кузатув тизими жорий этилган, рациялар ўрнатилган.

Фармонда ягона маълумотлар базаси ва маълумотларни узатиш тармоғини яратган ҳолда тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштиришни таъминловчи Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Фармонга биноан, шошилинч тиббий ёрдам тизимида замонавий илмий-техник ютуқлар ва ахборот-коммуникация технологиялари янада кенг қўлланилади, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг бошқа вазирлик ва идораларнинг шошилинч хизматлари билан тезкор ҳамкорлигини таъминлаш бўйича замонавий механизмлар татбиқ қилинади, кадрларни тайёрлаш борасида илғор усуллар жорий этилади.

Бу чора-тадбирлар соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг тиббиёт тизимига ишончини ошириш, халқимизнинг розилигига эришишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Даврон Султонов,
Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам
станцияси бош шифокори.

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: