Хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистон Республикасида бўлади. Давлатимиз раҳбарининг ҳисоб бўйича иккинчи хорижий ташрифи ҳам қўшни мамлакатга амалга оширилаётгани Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан яқин қўшничилик муносабатларига устувор аҳамият қаратилиши белгиланган Ташқи сиёсий фаолият концепциясига ҳамоҳангдир. Бу ҳақда мамтакатимиз етакчиси ўзининг сайловолди кампанияси чоғида бир неча бор айтиб ўтган эди.
Маълумки, Қозоғистон Республикамизнинг муҳим стратегик шериги саналади. Марказий Осиёнинг иккала йирик давлати ўртасидаги ҳамкорлик халқларнинг тарихий-маданий яқинлиги, ўзаро манфаатлар асосида изчил ривожланаётган кўп томонлама алоқалар асосига қурилган.
Ўзбекистоннинг ҳақиқий дўсти сифатида Қозоғистон раҳбари мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ҳаётдан бевақт кўз юмган чоғда ўзбек халқининг қайғусига шерик бўлди. 2016 йил 12 сентябрь куни Самарқандда Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирар экан, Президент Нурсултон Назарбоев унинг вафоти бутун минтақа, жумладан, Қозоғистон халқи учун ҳам катта йўқотиш бўлганини алоҳида таъкидлади.
Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги хайрли анъаналарни давом эттирган ҳолда, Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев бир неча бор телефон орқали мулоқотда бўлишди, турли муҳим саналар муносабати билан ўзаро табриклар алмашишди. Бундай суҳбатлар чоғида томонлар Ўзбекистон — Қозоғистон алоқаларининг барча жабҳаларида конструктив, ишончли мулоқотни давом эттиришдан бирдек манфаатдор эканликларини изҳор этдилар.
Давлатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг турли хусусиятларига эга бўлган 182 та ҳужжатдан иборат шартнома ҳуқуқий базанинг шаклланиши мустаҳкам ҳамкорлик ва изчил меҳнатлар натижаларидан бири бўлди. Айни пайтда, 1998 йил 31 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2013 йил 14 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномада икки томонлама алоқаларнинг асосий тамойиллари ўз аксини топган.
БМТ, ШҲТ, МДҲ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ҳамда бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамфикрлик ва доимий мулоқотлар минтақанинг муҳим муаммоларини муҳокама қилиш, уларни бартараф этишда умумий ёндашувни ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳамкорликнинг турли соҳаларидаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш имконини бермоқда.
Айни шу ўринда Ўзбекистон Қозоғистонни 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг муваққат аъзоси этиб сайланишини қўллаб-қувватлаганини таъкидлаш лозим. Дўст давлатнинг муваффақиятли сайланиши муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев табрик мактуби йўллади ва унда жумладан, шундай дейилади: «Биз Марказий Осиё мамлакатлари учун умумий бўлган устувор масалаларни БМТнинг Хавфсизлик кенгашидек ваколатли органи доирасида муҳокама қилиш бўйича Қозоғистон томонидан қабул қилинган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз».
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ШҲТ кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича ёндашувлари бир-бирига яқин ёки ўзаро уйғундир. Таъкидлаш муҳимки, Тошкент Остонанинг ушбу минтақавий тузилмага раислигидаги фаолиятини ва Қозоғистон пойтахтида 2017 йилнинг июнь ойига мўлжалланган саммитнинг муваффақиятли ўтказилишига тайёргарликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Мамлакатимиз Қозоғистон билан МДҲ доирасидаги ҳамкорликка муҳим аҳамият қаратади. Маълумки, Ҳамдўстликнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси шу йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтади. Ўзбекистон томони, ҳеч шубҳасиз, яқин қўшниси ва ҳамкорининг қўллаб-қувватловини ҳис этиб туради.
Шу билан бир қаторда, яқин қўшничилик сиёсати ва икки давлат ўртасидаги ҳурмат — савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантириш, сўнгги ярим йил давомида турли даражаларда бўлиб ўтган учрашувлар эса ушбу соҳадаги муносабатларни фаоллаштириш имконини берди. Жумладан, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Асқар Мамин раҳбарлигидаги Қозоғистон ҳукумат делегациясининг 2016 йил 20-22 сентябрь кунлари Тошкентга ташрифи якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги протокол имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакатнинг фойдаланилмаётган мавжуд улкан салоҳиятини амалга оширишга қўшимча туртки бўлди.
Ўзбекистон делегациясининг ўтган йил октябрь ойида Қозоғистонга амалга оширган жавоб ташрифи чоғида ушбу мамлакат ҳудудида нефть ва нефть маҳсулотлари, кимё ҳамда нефт-кимё, енгил саноат ва фармацевтика корхоналарига маҳсулотлар, мамлакат халқига озиқ-овқат моллари етказиб берувчи савдо уйларини барпо этиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг имзоланиши ривожланиб келаётган мулоқотнинг давоми бўлди.
Мамлакатларимиз бизнес жамоатчилиги Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўтказиладиган йирик халқаро тадбирларда мунтазам қатнашиб келишади. 2016 йил октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган X Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида ҳам Қизилўрда ва Ақтобе вилоятлари вакиллари иштирок этишди. Икки давлат делегациялари чегараолди ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини атрофлича ўргандилар ҳамда агросаноат мажмуасида, автомобилсозлик, тоғ-кон тармоғи, қурилиш материаллари ва электр механикасига оид маҳсулотларни ишлаб чиқариш борасида биргаликда фаолият юритишнинг йўналишларини белгилаб олдилар.
Ўзбекистон шу йилнинг 10 июнидан 10 августига қадар Марказий Осиёда илк бор Остона шаҳрида ўтказиладиган «ЭКСПО—2017» ихтисослаштирилган халқаро кўргазмасида иштирок этади. Кўргазма майдонида Ўзбекистоннинг миллий павильонини жойлаштириш учун 600 квадрат метрдан зиёд жой ажратилган.
Давлатларимизнинг минтақалараро алоқаларни ўрнатиш механизмларини йўлга қўйиш тарафдори эканлиги ўтган йил 22-23 декабрь кунлари Тошкент шаҳар ҳокими раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегациясининг Олмаотага ташрифи чоғида ҳам намоён бўлди. Сафар дастури ҳам шаҳар маъмурияти, компаниялар ва банклар вакиллари билан учрашувлар ва музокараларга бой, мазмунли бўлди. 2017 йил январь ойида Қизилўрда вилояти ҳокими Кримбек Кушербаев раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизнинг Навоий вилоятига келди. Сафар чоғида Қозоғистон вакиллари вилоятдаги «Айтеке Би» ва «Чашма» меъморий мажмуалари ва йирик корхоналарида бўлишди, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида самарали учрашувлар ўтказишди.
Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолияти савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожига бевосита ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Комиссиянинг жорий йил 23 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви якунларига кўра турли йўналишлардаги муносабатларни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди, хусусан, томонлар «GM Uzbekistan» компанияси автомобилларини Қозоғистондаги Аллюр компаниялар гуруҳи ишлаб чиқариш негизида йиғилишини йўлга қўйишга келишдилар.
Таъкидлаш жоизки, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривож-лантириш борасидаги улкан хизматлари, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси, минтақалараро лойиҳаларни амалга оширишдаги фаол иштироки учун А.Мамин Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 7 февралдаги фармонига асосан «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
Иккала стратегик шерик давлатнинг муносабатларида маданий-гуманитар алоқалар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қиладиган юз минглаб қозоқ миллатига мансуб аҳоли халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг давомийлигида бевосита муҳим ўрин тутади. Уларнинг ўз қадрият ва анъаналари ҳамда ўзига хослигини ривожлантириш мақсадида қозоқ маданият марказлари, театрлари, фольклор ва эстрада гуруҳлари фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ушбу миллат ёзувчи ва публицистларининг 50 дан зиёд китоблари чоп этилди. Шу ўринда мамлакатимизда қозоқ тилида республика аҳамиятига молик бўлган «Нурлы жол» газетаси нашр этиб келинишини қайд этиш лозимдир.
Ўзбекистоннинг 386 та мактабида қозоқ тили ўқитилади, улардан 164 тасида таълим қозоқ тилида юритилади. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон давлат университети ва Ўзбекистоннинг бошқа қатор олий ўқув юртларида қозоқ тили ва адабиёти кафедралари ташкил этилган, таълим ана шу тилда олиб борилади.
Қозоғистон халқлари ассамблеяси делегациясининг Ўзбекистонга 2017 йил февраль ойидаги илк ташрифи икки томонлама маданий-гуманитар алоқалар чуқурлашиб бораётганининг яққол тасдиғи бўлди. Ташриф чоғида Республика байналмилал маданият маркази, ўзбек илмий-академик доиралари ва Тошкентда истиқомат қилувчи қозоқ миллатига мансуб аҳоли билан учрашувлар бўлиб ўтди. Меҳмонлар кўпмиллатли мамлакатимиз халқининг жипслигини намоён қилган самимият муҳитидан баҳра олдилар.
Ушбу мулоҳазалардан шундай хулоса келиб чиқадики, Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга ташрифи бугунги кунда икки давлат етакчилари ўртасида ҳам, бизнес ҳамжамияти ва халқлари ўртасида ҳам амал қилаётган конструктив ва очиқ мулоқотнинг мантиқий давоми бўлади. Остона шаҳридаги учрашувлар ва эришилган келишувлар ҳамкорлик салоҳиятининг янги уфқлари очилиши ва улардан янада самарали фойдаланилишига хизмат қилади.
Г.НУРЖАНОВА тайёрлади,
«Жаҳон» АА.
|