11.03.2017

УНАБИ — КОНИ ФОЙДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюрганида унаби (чилонжийда) ва ёнғоқзорларни кўпайтириш, лимон етиштиришга эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Унаби қандай етиштирилади? Қайси касалликларга даво?

Шу каби саволлар билан академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот инс­титутига қарашли Сурхондарё илмий тажриба станцияси илмий ходими Неъматулло Астанақуловга мурожаат қилдик.

— Аввало унаби ҳақида қисқача маълумот берсангиз...

— Унаби — субтропик ўсимлик бўлиб, чилонжийда ёки «Хитой финики», деб ҳам юритилади. Асосан Ўрта Осиё, Кавказ ва Украинада кенг тарқалган. Унинг 20 дан ортиқ нави бор. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида учрайдиган чилонжийда тез ўсувчан бўлиб, 1-2 йилда мева беради. Тўлиқ ҳосил бериш даври — 8-10 йил. Бир дарахтдан ўртача 35-40, ҳатто 120-160 килограммгача мева олиш мумкин. Қуруқ ва иссиққа чидамли, 30 даражали совуққа ҳам чидайди. Мевасининг таркибида 21-25 фоиз қанд, 0,5-1,3 фоиз кислота ва кўплаб витаминлар мавжуд. Темир, кобальт ва йодга тўйинган чилонжийдани ҳўл ва қуритилган ҳолда истеъмол қилиш мумкин. У нафақат соғлик гарови, балки бойлик манбаи ҳамдир.

Чилонжийда уруғидан ҳамда пайвандлаш йўли билан кўпайтирилади. Уруғлар 3-4 кун сувда ивитилиб, нам қумда 40-60 кун сақланади. Февралнинг охири ва март ойининг бошларида эса эгатларга экилади. Ўсимлик кўчати экилаётганда ерости сувлари 2-3 метр пастда бўлиши керак.

Ўзбекистон шароитида 1 гектар майдонга ўртача 400-600 дона кўчат (5х5 метр) экиш мақсадга мувофиқдир. Сув кам бўлган ҳудудларда эса 4х3 метр тавсия қилинади. Ниҳолларни 20 мартдан 1 апрелга қадар экиш фойдалидир. Унабини 5-7 марта суғориш мумкин. Қумли ва қаттиқ ерларда эса буни яна кўпайтириш мумкин. Чилонжийдалар апрель-май ойларида, ҳаво ҳароратининг 10-12 даража илиқ бўлиши билан гулга киради. Мевалар сентябрь-октябрь ойларида пишиб етилади.

— Боғ парваришида нималарга аҳамият бериш керак?

— Бир гектарли боққа учинчи йилдан бошлаб 120 килограмм азот, 90 килограмм фосфор, 60 килограмм калий ва меъёрида маҳаллий ўғит бериш фойда беради. Майда қумли ёки тупроқли майдонда 180 килограмм азот, 120 килограмм фосфор ва 90 килограмм калий тавсия қилинади. Дарахтларга ўз вақтида ва тўғри шакл беришни ҳам унутмаслик керак.

Мевалар чилонжийда паш­шаси билан зарарланиши мумкин. Бунинг олдини олишда эрта ­баҳорда дарахтларга «инсектецид» кимёвий дориси билан ишлов берилса, албатта кўзланган мақсадга эришилади.

— Ўзбекистон шароитида қайси навларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайсиз?

— Мамлакатимизда «Та-ян-цзю», «У-син-хун» «Даргом», ­«Юбилейний» ва бошқа навлар етиштирилади. 1-2 йилдан кейин ҳосилга кириб, 6-йили ўртача 20 килограммгача мева тугади. Уни 70 фоизли шакар қиёмида қуритиб, майиз ҳам олиш мумкин. «У-син-хун» навли унабининг меваси катта бўлиб, оғирлиги 18-25 граммгача келади. «Даргом»нинг меваси ҳам йирик, энг муҳими, 1-2 йилдаёқ ҳосилга киради.

Айрим чилонжийда дарахтлари тиканли бўлади. Бу эса териб олишда эҳтиёткорликни талаб қилади. 1 гектар чилонжийдадан бир йилда ўртача 10-20 миллион сўм соф фойда олиш мумкин.

— Унабининг соғлиққа фойдаси хусусида ҳам маълумот берсангиз...

— У бош оғриғининг олдини олади. Нафас йўллари хасталикларига барҳам беради. Меъдага қувват бахш этади, сафрони ­ҳайдайди. Қон босимини меъёрида ушлайди. Юрак фаолиятини мўътадиллаштиради. Буйрак шамоллашига чек қўяди. Умуман, унабининг 20 дан ортиқ хасталикка шифобахшлиги аниқланган.

— Маҳаллий шароитда унабидан шарбат тайёрланаётган экан. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

— Аввало, шарбатнинг фойдалари ҳақида тўхталмоқчиман: Меванинг ошқозонда ҳазм бўлишига тахминан 40-50 дақиқа кетса, сабзавотлар учун тўрт соат сарфланади. Шарбатлар эса хоҳ меваники, хоҳ сабзавотники бўлсин, бир неча дақиқадаёқ танага сингади. Қолаверса, мевадаги барча витаминлар, маъданли тузлар, аминокислоталар, ферментлар ва майдаланган ҳужайрачалар ҳам шарбатга чиқади. Хуштаъм ширинлик организмдан барча хилтларни ҳайдайди, яллиғланишни бартараф қилиб, ичак тизими фаолиятини яхшилайди.

Момою боболаримиз чилонжийдани «қизил қопчадаги ун»га қиёслайди. Ундан хуштаъм шарбат тайёрлаш мумкин. Бунинг учун ярим килограммдан ортиқ чилонжийдага тахминан 2 литрча қайноқ сув ва таъбга қараб шакар (нов­вот қўшилса яна яхши) қўшилади. 1-2 соат тиндирилгач, истеъмол қи­лиш мумкин. Ётишдан аввал 1-2 пиёла чилонжийда шарбатини ичсангиз, мириқиб ухлайсиз. Асаб тизими меъёрида бўлади.

Унаби нафақат соғлик гарови, балки даромад манбаи ҳамдир. Шундай экан, унаби боғларини кўпайтирайлик!

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Абдумалик ҲАЙДАРОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.