Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
11.03.2017

СУНЬ Лицзе: НАВРЎЗ – ҚАДИМИЙ МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР ТИМСОЛИ, МЕҲР-ОҚИБАТ, САХОВАТ ВА ЭЗГУЛИК РАМЗИ

Йилнинг энг ажиб ва гўзал фасли баҳор кириб келди. Наврўз айёми ҳам тобора яқинлашмоқда. Бу байрам ўзининг тарихи, фалсафаси, гўзаллиги билан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Наврўз арафасида Хитой Халқ Рес­публикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси СУНЬ Лицзе ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Ўзбекистон нафақат ноёб тарихий ёд­горликлари, муқаддас қадамжолари, замо­навий бинолари, балки турфа анъана ва урф-одатлари билан ҳам дунёга машҳур. Ўзбе­кистонда ҳар бир байрам мазмунли, шоду хуррамлик билан ўтади.

Наврўз юртингизда азалдан анъанавий нишонланиб келинаётган байрамлардан би­ридир. Қадимги миллий қадриятлар тимсоли бўлган ушбу байрам халқингизнинг бағ­рикенглик, яхшилик, саховат ва меҳр-мурувват каби олижаноб фазилатларини намоён этади.

Мен Ўзбекистон халқининг кўп асрлик урф-одат, анъана ва қадриятларини чуқур ҳурмат қиламан. Мамлакатингизда миллий қад­риятлар ва анъаналарни қайта тиклаш, уларни чуқур ўрганиш, янада ривожлантириш ва тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эътиборга лойиқдир.

Ўзбекистоннинг баҳор келиши билан ўзгача тус олиб, янада чирой очиши унутилмас таассурот қолдиради. Наврўз арафасида ҳар бир ҳудудда ободонлаштириш ва кўка­лам­зорлаштириш ишлари, ҳашар ўтказилиши анъанага айлангани диққатга сазовордир. Бундай эзгу анъаналар одамларни жипслаш­тириб, жамиятда тинчлик, тотувлик, бағри­кенг­лик ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳ­камлашга кўмаклашади.

Мамлакатингизда Наврўзни кенг нишонлаш гўзал анъанага айланган. Бу байрамни бир неча йилдан буён Ўзбекистон халқи билан биргаликда нишонлаётганимдан хурсандман. Тошкент шаҳридаги майдон ва хиёбонлар, барча шаҳар ва қишлоқларда ўтказиладиган байрам сайилларини интиқлик билан кутаман.

— Элчи жаноблари, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз?

— Жорий йил мамлакатларимиз учун алоҳида аҳамиятга эга йил эканини таъ­кид­лашни истардим. Негаки, бу йил ўзаро дипло­матик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил ва муваффақиятли ривожланмоқда. 2016 йил Хитой ва Ўзбекистон ҳар томонлама стра­тегик шериклик муносабатларини йўлга қўйди.

Мамлакатларимиз ўртасида олий дара­жадаги ташрифлар амалга оширилмоқда, ўзаро ишонч юксалиб, хавфсизлик соҳасидаги самарали ҳамкорлик мустаҳкамланиб бор­моқда. Халқларимиз ўртасидаги алоқалар тобора кенгаймоқда. Давлатларимиз минта­қавий ва халқаро масалаларни ҳал этишда яқин ҳамкорлик қилмоқда ва уларнинг бу борадаги фикрлари кўп жиҳатдан бир-бирига мос келади. Хусусан, 2016 йил июнь ойида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, сўнгги ойларда ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча марта мулоқотда бўлиб, мамлакат­ларимиз ўртаси­даги анъанавий дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истаги муштараклигини билдирди.

Хитой ва Ўзбекистон халқларини азалдан ўзаро савдо муносабатлари, маданиятларни бойитиш ришталари боғлаб келган. Бугунги кунда сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим ва маданият каби турли жабҳалардаги ҳамкорлигимиз янги ривожланиш босқичига кўтарилди.

Шунингдек, Хитой ва Ўзбекистон муноса­батлари ШҲТ доирасида ҳам жадал ривожлан­моқда.

Мамлакатларимиз қатор йирик инвестиция лойиҳаларини биргаликда ҳаётга татбиқ этмоқда. 2013 йили «Жиззах» махсус индус­триал зонаси шаклида ташкил қилинган юқори технологиялар саноат парки бунга ёрқин мисол бўла олади. Ушбу эркин иқтисодий зона ва унинг Сирдарё вилоятидаги филиалида мобиль телефонлар, тикувчилик машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ангренда Хитойнинг «Поли Техноложи» компанияси билан ҳам­корликда автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналар ҳамда конвейер ленталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Марказий Осиё — Хитой газ қувури тармоқларининг Ўзбекистон орқали ўтиши ёқилғи-энергетика соҳасидаги улкан салоҳият ва ўзаро манфаатдорликдан далолат беради. Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) мамлакатингиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Муборак газ-кимё маж­муасида табиий газни қайта ишлаш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасида маданият, фан, таълим, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. «Ўзбекистон — Хитой» ҳамда «Хитой Халқ Республикаси — Марказий Осиё мамлакатлари» дўстлик жамиятлари бу борада муҳим ўрин тутмоқда. Сўнгги йилларда талабалар алмашиш, хитой тилини ўқитиш, минтақалараро алоқалар, қўшма археологик экспедициялар ўтказиш, бадиий асарларни ҳар икки тилга ўгириш бўйича янги ютуқларга эришилди. Маданий-гуманитар ҳамкорлик эса мамлакатларимиз халқларининг қалбига ўзаро ҳурмат туйғуларини чуқур сингдирмоқда. Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда ташкил этилган Конфуций институтини сўнгги 12 йилда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган 3 мингдан зиёд мутахассис битирди. Хитой қадимги маданият ёдгор­ликлари ишлари бўйича давлат бошқармаси, Хитой ижтимоий фанлар академияси, Хитой Шимоли-Ғарбий университети мутахассис­лари ўзбе­кистонлик ҳамкасблари билан археологик тадқиқотлар олиб бориш ва тарихий обидаларни реставрация қилиш бўйича ҳамкорликда ишламоқда, Буюк ипак йўлини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йили хитойлик машҳур ёзувчи Лао Шэнинг «Мушуклар шаҳри хоти­ралари» асари ўзбек тилига таржима қилинди.

Шу билан бирга, Хитой Ўзбекистонга минтақавий транспорт узели сифатида алоҳи­да эътибор қаратади ва бу борада ўзбекис­тонлик шериклар билан ҳамкорликни мустаҳ­кам­лашдан манфаатдор. Барча соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик Хитой ва Ўзбекистон халқ­лари фаровонлиги йўлида янада мустаҳкам­ланишига ишонаман.

— Жаноб элчи, Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижа­ларини қандай баҳолайсиз?

— Ўзбекистон улкан иқтисодий салоҳиятга эга давлат. Хитой Халқ Республикаси Ўзбе­кистон Республикасини ишончли ҳамкор, деб билади. Биз Ўзбекистон халқининг миллий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда танлаган тараққиёт йўлини, мустақилликни мустаҳкам­лаш, суверенитети ва ҳудудлар яхлитлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳурмат қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистон фуқароларининг ҳаёт даражаси муттасил ортиб бормоқда. Мамлакат бозор иқтисодиётига эга ва ижтимоий-сиёсий жиҳат­дан барқарор индустриал ривожланган дав­латга айланмоқда ва бу мустақиликка эришилгандан сўнг сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. Саноат, жумладан, юқори технологияли ишлаб чи­қаришнинг жадал суръатлар билан ўсиб, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилаётган хори­жий инвестиция оқими кўпайиб бораёт­гани ва, айниқса, чет эллик шериклар учун бизнес муҳитининг мунтазам такомил­лаш­тирилаётгани, эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилаётгани бунга ёрқин мисол бўла олади.

Шу йилнинг 7 февралида тасдиқланган

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республика­сини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатни янада ривожлантириш йўналиш­лари аниқ белгиланган.

Стратегияни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонда ислоҳот­ларни илгари суриш, иқтисодиётнинг очиқ­ли­ги­ни ривожлантириш ва рағбатлан­тириш, инвестициялар жалб этиш бўйича қатор аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Мамлака­тингизнинг ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатидан Хитой ҳам манфаатдор.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, иқтисодий тараққиёт йўлида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ички инвестициялардан унумли фойдаланиш самарасида Ўзбекистон келажакда ўз олдига қўйган мақсадларни амалга оширишда юксак марраларга эришади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йил­лигига бағишланган тантанали маросим­даги маърузасида иқтисодиётни барқарор юқори суръатлар билан ривожлантириш инсон ман­фаатларини таъминлашда муҳим аҳамият­га эга эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркин­лик­ларини таъминлаш, давлатнинг халқ билан мулоқоти борасида амалга ошири­лаёт­ган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий да­во­ми­дир.

Бу, ўз навбатида, аҳоли фаровон­ли­гини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Наврўз айёми билан самимий табриклайман. Ўзбекистон ва унинг дўст халқига чин дилдан тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

 

ЎзА мухбири

Нодира МАНЗУРОВА

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: