Гулшан АСАТОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири.
— Пойтахтимизда Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирда мен ҳам иштирок этдим. Тўғриси, байрам тадбири бўладиган бинога кираверишда қалбимни ўзгача шукуҳ, ҳаяжон чулғаб олди. Чунки байрам баҳонасида меҳру нафосатга йўғрилган гўзал, бахтиёр опа-сингилларимиз билан дилдан гаплашиш, улар билан бир дастурхон атрофида самимий мулоқот қилиш имкони бор эди. Ҳамма бир-бирини қутлаб, табриклади, дийдорлашди. Бир сўз билан айтганда, бу йил Хотин-қизлар байрами бошқача нишонланди, янада кўтаринки руҳда ўтказилди.
Айниқса, учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев билдирган самимий тилаклардан ниҳоятда руҳландик, кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Давлатимиз раҳбари аёлларнинг жамиятдаги ўрнига юксак баҳо берди, юртимизнинг бугунги тараққиётидаги улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз, дея таъкидлаб ўтганида барча аёллар каби мен ҳам ниҳоятда тўлқинланиб кетдим. Аёллари эъзозланган, ардоқланган ана шундай юртда яшаётганимдан ғурурландим.
Президентимиз нутқида бугунги кунда мамлакатимизда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизи айнан хотин-қизлар экани алоҳида таъкидланди. Чиндан ҳам, бугун аёлларимизнинг нафақат кундалик турмушда, балки барча соҳаларда ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Улар ўзининг билим ва тажрибаси, қобилияти ва малакаси билан кўпгина жабҳаларда фаол меҳнат қилиб келмоқда. Давлат миқёсидаги энг муҳим масалаларни ҳал қилишда ҳам уларнинг алоҳида иштироки борлиги сезилиб туради.
Сайлов тўғрисидаги қонунчиликда сиёсий партиялардан депутатликка кўрсатиладиган номзодлар орасида хотин-қизлар 30 фоиздан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилганлиги уларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 5 нафар, маҳаллий кенгашларда 450 нафарга яқин партиямиздан сайланган депутат аёллар халқ вакили сифатида ҳудудларда учраётган муаммоларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатмоқда.
Партиямиз аъзоларининг 210 мингга яқини, яъни 49 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Улардан 300 нафардан ортиғи минтақавий ва маҳаллий партия ташкилотларида турли лавозимларда фаолият юритади. Ана шу рақамлар мамлакатимиз сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни ва фаоллиги тобора ошиб бораётганини кўрсатади.
Учрашувда ён-атрофимда ўтирган аёлларга назар солдим. Опа-сингилларимизнинг ҳаммаси ҳаётидан хурсанд, бахтиёр эди. Юрагида бир олам шукроналик билан яшаётган хотин-қизларимизга қараб кўнглимдан кўп ўйлар ўтди, хотиралар эсга тушди.
Ўзбек аёлларининг совет замонидаги аччиқ турмуши кўз олдимда гавдаланди. Хотин-қизлар қуёш чиқмасданоқ саҳарлаб далага отланарди. Ёзнинг жазирама офтобида ҳам тиним билмай кетмон чопар, кечга келиб ўчоқ бошида пишир-куйдирдан бўшамасди. Машаққатли меҳнат ортидан косаси ҳеч оқармаган. Уларнинг соғлиғи ҳақида эса биров ўйламаган. Рўзғоридаги кам-у, кемтикликни тўлдирай деб, орзу-умидлари дилидан тилига кўчмаган...
Бугунги аёлларимизнинг турмуши, яшаш тарзи бундан 25 йил олдингисидан тубдан фарқ қилади. Ҳозирги ўзбек аёли ҳамма қулайликларга эга намунавий хонадонларда, янгитдан қурилаётган кўп қаватли уйларда яшайди. Унинг рўзғори бут, оиласида шарт-шароитлар етарли.
Учрашувда давлатимиз раҳбарининг «Қиз бола — бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир» дея берган таърифлари барчага маъқул тушди.
Шундан келиб чиқиб, биз ёшларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш, айниқса, қиз болалар саломатлигини асраш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, улар замонавий билим ва касб-ҳунар эгаси бўлиб вояга етиши, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш учун қатор амалий лойиҳалар ишлаб чиқишни режалаштирдик.
Касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларини битириб чиқаётган ёшларимизни, авваламбор, қиз болаларни, хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида амалга ошириб келинаётган «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари» лойиҳасини, шунингдек, аёллар, қизлар, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида «Аёллар соғлиғи — жамият бойлиги» каби лойиҳаларимизни янада такомиллаштиришни режалаштирдик.
Ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан бирга «Фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни», «Фарзанд камолоти — жамият бахти» мавзуларидаги тадбирларни энг чекка ҳудудларда ҳам ўтказиш, «Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш — бурчимиз!» лойиҳаси асосида хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чоралар белгилаб олдик.
Умуман олганда, хотин-қизларимизнинг оғирини енгил қилиш, турмуш шароитларини янада яхшилашга қаратилган ишларга муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз.
|