Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
04.03.2017

НАВРЎЗ — АСРЛАРНИ МУНАВВАР АЙЛАГАН АЙЁМ

Президент Шавкат ­Мир­зиёев­нинг Наврўз умумхалқ байрамини ­ўтказиш тўғрисидаги ­қарори билан мамлакатимизда Наврўзи олам тараддуди бошланиб кетди.

Халқимиз қалбида эзгулик, меҳр-оқибат, инсонийлик туйғуларини уйғотадиган асл миллий байрам ҳисобланган Наврўз бу йил халқ сайли тарзида нишонланади.

Барча шаҳару қишлоқларимизда Наврўз айёмини муносиб кутиб олиш, ҳудудларнинг ўзига хос анъана ва урф-одатларини намойиш қилиш, маънавий меросимизни аждодлардан авлодларга ўтиши ва янада сайқал топишини қўллаб-қувватлаш мақсадида байрам тадбирларига тайёргарлик ишлари аллақачон бошланиб кетди.

Наврўзи — оламнинг қадами она-Ватанимизга қутлуғ келган бўлсин.

«Яхши одам кўзидан, яхши йил ­Наврўзидан» маълум деган мақол бор халқимизда. Миллати, тили, динидан қатъи назар бир тану бир жон, ягона халқ бўлиб яшаётган юртдошларимизнинг барчаси бирдек юксак кўтаринкилик, чинакам шодиёна билан кутиб олаётган бу йилги Наврўз ўлкамизга ўзгача бир шукуҳ билан кириб келмоқда.

Ҳар бир халқнинг ўзига хос шундай қадриятлари ва анъаналари бўладики, у миллатнинг борлигини, улуғлигини намоён этиб туради. Миллат билан бирга яшайди, бирга тараққий топади, бирга улғаяди. Халқимиз тарихи ва маданиятининг бир бўлаги — Наврўз ҳам қадимий бўлиши билан бирга, ҳар йили биз билан бирга янгиланиб бораётган улуғ ва навқирон байрамдир.

Наврўз ҳақида жуда кўплаб адабиётлар ва тадқиқотлар мавжуд бўлса-да, бироқ унинг қачон пайдо бўлганлиги аниқ тарихий фактлар асосида далиллаб берилган эмас. Шу кунгача сақланиб қолган миф, афсона ва ривоятлар, қўшиқлар таҳлилига суяниб шуни айтиш мумкинки, бу анъана қадим даврлардаёқ халқимиз ҳаётидан мус­таҳкам ўрин эгаллаган, ўша қадим даврлардаёқ элнинг, улуснинг улуғ кунига айланиб улгурган.

Маҳмуд Кошғарий, Беруний, Умар Ҳайём, Алишер Навоий, Наршахий, Ҳафиз Таниш Бухорий каби алломаларнинг асарларида, бошқа турли тарихий, адабий манбаларда Наврўз байрамининг ўтиш тартиби, у билан боғлиқ урф-одат ҳамда халқ ўйинлари ҳақида кўплаб маълумотлар берилган. Улуғ бобоколонимиз Абу Райҳон ­Беруний ўзининг «Қадим халқлардан қолган ёдгорликлар» деб номланган асарида бу байрам хусусида қизқарли маълумотларни ёзган. Жумладан, қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ­ойининг биринчи куни Наврўз эканлигини кўрсатган.

Қайси бир даврни олиб қарамайлик, бу Кошғарий даврими ёхуд Амир Темур даври, Наврўз катта майдонларда, сайлгоҳларда зўр тантана билан нишонланганининг гувоҳи бўламиз. Фақат шўролар замонидагина бу байрам қувғунга учради, миллат ҳаёти ва хотирасидан буткул ўчириб ташлашга ҳаракат қилинди. Мустақилликдан сўнг Наврўз ҳаётда яна ўз ўрнини топди, янгича мазмун ва моҳият кашф этди. Чинакамига халқ сайли шодиёнасининг тантанасига айланди.

Наврўз аслида янги кун, янги фасл, янги йил демак. Халқимиз орасида уни йилбоши ҳам деб аташади. Наврўзни биз қайси ном билан атамайлик, у ҳақиқатан ҳам миллатнинг улуғ куни, тозариш, яшариш, янгиланиш, юксалиш байрами бўлиб қолаверади.

Наврўз шунчаки бир байрам эмас. У миллатнинг тарихи, фалсафаси, бадиияти ва санъати, маданияти, мифологик, диний ва ­дунёвий дунёқарашини, илмий тафаккур тарзини ўзида мужассам этган қомусий бир айёмдир.

Наврўз кун билан тун тенг келган кундир. Қадимда йил тақвими, яъни фасллар алмашинуви, унинг қутбларини билиш кишилар фаолиятида муҳим аҳамият касб этган. Аждодларимиз осмон, қуёш, ой, юлдуз каби ёритқичлар ҳаракатини кузатиб улар ҳақида мукаммал билимга эга бўлганлар. Бу уларнинг кундалик, хўжалик, ижтимоий-сиёсий, маданий ва диний ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Аслида Наврўз ҳақидаги мавсумий маросимлар ва қўшиқлар моҳиятида ана шу жараёнлар ҳақидаги тасаввурлар ўз аксини топгандир.

Наврўз байрами қадимда анъанага кўра, тозариш, покланиш, янгиланиш удумидан бошланган. Йилнинг охирги чоршанбасида кўчаларда, маҳалла кўйларда улкан оловлар ёқилган. Ўтганларнинг руҳига бағишлаб ис чиқарилган. Одамлар ўрталаридаги гина-кудуратларни унутганлар, бир-бирларига меҳр-мурувватли бўлишиб, яхши тилаклар билдиришган, гуллар ҳадя этишган, бева-бечораларнинг, беморларнинг ҳолидан хабар олишган, қабристонлар зиё­рат қилиниб, ўтганлар руҳи шод қилинган, ҳашар уюштирилиб уй-маҳалла, юрт обод қилинган, боғларга, далаларга гуллар, кўчатлар экилган.

Бободеҳқоннинг илк бор далага қўш чиқариши ҳам наврўздан бошланган. Далага қўш чиқаришдан олдин у билан боғлиқ турли урф-одат, маросимлар ўтказилган. Қурбонликлар қилиниб, қўшга қўшиладиган ҳўкизларнинг шохи ёғланган. Бу «Шох мойлар» маросимидан мақсад йилнинг қут баракали келишига, тўкин-сочинлик бўлишига умид қилинган.

Юртимизнинг турли жойларида Наврўз байрами турлича нишонланган ва бу шоду хуррамлик бир неча кундан, бир ҳафтагача, ҳатто бир ойга қадар давом этган.

Наврўз асосан махсус сайлгоҳларда, қир-адирларда нишонланган. Байрам куни эрта тонгдан карнай-сурнайлар чалинган, жарчилар одамларни байрамга таклиф этишган. Чавандозлар, полвонлар, қизиқчи масхарабозлар, бахшилар, қўшиқчи ҳофизлар, ўйинчи-раққослар байрам сайлига ташриф буюрганларга ўз маҳоратларини намойиш этишган. Наврўз куни одамлар сайл­гоҳга — қир-адирларга чиқишган. Эрта тонгдан ҳамма уйидан олиб келган пишириқ ва ширинликларини дастурхон ёхуд махсус қозонга солишган. Бу пишириқлар, асосан, сумалак, кўк сом­са, патир нон, қатлама, чучвара, кескан ош, палов, қайнатилган гўштлардан иборат бўлган. Бу қадимдаги «Қозон тўлди» маросимининг шу кунгача сақланиб қолган бир кўринишидир. Қадимда бундай махсус қозонлар муқаддас саналган ва улар тоғлар этагига, ёхуд дарахт остига қўйилган бўлиб, кўклам пайти маросимларда илоҳ — маъбудлардан ҳосилдорлик ва қут-барака сўралиб, ажодларимиз томонидан қурбонлиқ қилиниб, пишириб келтирилган таом ана шу қозонларга қўйиб кетилган. Тарихчи Геродот ўзининг «Тарих» китобида скифларнинг ана шундай муқаддас қозони бўлганлиги ҳақида маълумотни келтиради. Скиф ҳукмдорларидан бири ўз аскарларининг сонини билиш учун, уларга камон ўқининг учини олиб келишни буюрган. Кейин эса тоғдай уюлиб кетган ана шу камон ўқининг учларидан улкан қозон ясалган. Бу улкан қозонда тангриларга қурбонликлар қилиниб, турли хил ­таомлар пиширилганини ёзади. Амир ­Темур даврида ясатилган улкан қозон ҳам бу идишнинг маросимларда муҳим аҳамиятга эга бўлганлигидан далолат беради. Бугунги кунда республикамизнинг турли бурчакларида Наврўз куни пишириладиган «сумалак», «ҳалим», «дарвешона ош» каби махсус таомлар ҳам улкан қозонларда пиширилади. Қозон қанча катта ва унда пиширилаётган таом қанчалик кўп бўлса — йил яхши келиб, ҳосилдорлик, мўл-кўлчилик бўлишидан далолат беради деган тушунча мавжуд. Бу эса қозон тўлди маросими ҳақидаги қадим тасаввурларнинг ҳали ҳамон яшаб келаётганлигини кўрсатади.

Наврўз куни бахшилар ўзларининг севимли достонларини куйлашган. Полвонлар кураш тушишган. Бундай курашлар асосан томоша кураши бўлиб, ғолиблар учун махсус тобоқ (соврин, мукофот)лар қўйилган. Бизнинг назаримизда қадим маросимлардаги махсус қозонлар билан ана шу тобоқлар (қозонга ўхшаш, кўпчилик биргаликда таом ейдиган идиш) ўртасида ҳам қандайдир яқинлик мавжуд.

Кўпкари-улоқ гарчанд қишги мавсумий ўйинлар сирасига кирса-да, бугунги кунда юртимизнинг турли вилоятларида Наврўз куни кўпкари улоқ, пойга мусобақалари ҳам уюштирилади. Ғолиблар бутун йил давомида ўз ютуқлари билан фахрланиб юришади.

Наврўз куни ўйналадиган халқ ўйинлари ҳам кўпчилик иштирокида ўтказилган. Бундай ўйинлар орасида «Оқ теракми, кўк терак», «Оқ суяк», «Чиллик» ўйинлари алоҳида эътиборга моликдир.

«Оқ теракми, кўк терак» ўйинининг келиб чиқиш тарихи ўйинларнинг бошқа турларига қараганда қадимийроқ эканлиги тарихий ва бадиий манбаларда қайд этилган.

«Оқ теракми, кўк терак» ўйини мавсумий ўйинлар таркибига кириб, дастлаб фақат кўклам, баҳор фаслида ўйналган. Бу ўйин баҳор маросимининг таркибий қисми бўлгани учун, фақат маросим пайтида ўйналиб, кейинчалик у катталар, сўнгра болалар ўйинига айланган.

Фольклоршунос олимлар бу ўйиннинг қадим изларини қабилачилик даврлари билан боғлаб, икки томонда турган болаларнинг ўз вакилларини сайлаб юборишлари ҳам қадимий жанг қоидаларига алоқадор, икки томон полвонларининг, қабила ботирлари бир-бири билан яккама-якка жанг қиладиган одатлари, улардан қайси бири енгса, ўзи мансуб бўлган қабила енган ҳисоблангани, енгилган томон товон тўлаши мазкур ўйинда билинар-билинмас из қолдирганини ёзади.

Бизнингча бу ўйин ўзида кун-тун, қиш ва баҳор тўқнашуви ҳақида қадим тасаввурларни мужассам этади. Қиш енгилса, баҳор ғолиб келади, тун чекинса, кун узаяди. Зеро, ўйин фольклори матнида асосий урғу шу нарсага қаратилган.

Наврўз пайти ўйналадиган «Оқ суяк» ўйини ҳам аждодлар руҳига бўлган эҳтиромнинг бир ифодасидир. Бу ўйин ҳақида Алишер Навоий ҳам ўз асарларида маълумот беради. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида бу ўйин бугунга қадар ўйналиб келинмоқда. У асосан эрта кўклам пайти, кечқурин ўйналган. Болалар ўртасидан сайланган бошлиқ қўлидаги суякни узоққа отган. Бошқа болалар уни топишга ҳаракат қилган. Кимки суякни биринчи бўлиб топса, ўша бола ютган ҳисобланган. «Оқ суяк» ўйинининг айнан наврўз пайти ва тунда ўйналишига сабаб, суяк-аждодлар руҳи ёрдамида қиш-тунни ҳайдаб, кунга — баҳорга интилиш бўлган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.        

Қадимда кўклам маросимининг таркибий қисми бўлган бундай халқ ўйинлари кўҳна тарих билан чамбарчас боғлиқ ҳолда асрлар оша анъана тарзида яшаб келаётганлиги халқимизнинг руҳий қуввати ва ижодий салоҳияти бениҳоя юксак эканлигидан далолат беради.

Қадимда Наврўз арафасида аждодларимиз етти хил экиннинг уруғини экканлар ва унинг униб чиқишига қараб йилнинг қандай келишини башорат қилган. Наврўз куни етти хил таом тайёрланган. Булар кўк ­сомса, кўк чучвара, ҳалим, кўк ош, дўлма, сумалак... Етти рақамига урғу берилишининг ўз асоси бор. Чунки қадимда етти рақами муқаддас рақам ҳисобланган.

Сумалак, бойчечак, лола, гул сайллари эса Наврўз сайлларининг асосини ташкил этган. Наврўз куни одамлар кўм-кўк қирларга, адирларга тоғларга сайлга чиқишган, табиат билан юзлашиб, унинг гўзаллигидан, бетакрорлигидан баҳраманд бўлишган.

Сумалак — баҳорнинг шифобахш, тансиқ ва шоҳ таоми ҳисобланади. Уни асосан аёллар тайёрлаб, қозон атрофида суҳбатлар қуришган, чилдирма чалиб ўйин-кулгу, ҳазил мутойиба қилганлар, ўз сўзлари, куйу қўшиқлари билан баҳорни — янги йилни алқаганлар. Сумалак тайёр бўлгач, барчани сумалакхўрликка — сумалак сайлига таклиф этишган.

Айнан кўклам пайтида фасллар алмашинуви, табиатнинг қайта тирилиши, уни жонлантириш билан боғлиқ маросимлар, томошалар бўлиб ўтган. Ушбу маросимлар моҳиятан инсон ҳаётини янада яхшилаш, табиат мушкулотларини енгиллаштириш, келаётган кўклам ва янги йилни қутлаб, унинг қут-баракали ўтишини Яратгандан сўраш, турли ўйин, ҳаракат, қўшиқлар асосида келаётган йилнинг қандай бўлишини чамалаб кўришга хизмат қилган. Ушбу эътиқод ва у билан боғлиқ маросимлар тизими бугунги кунгача сақланиб келинмоқда.

Янги йил, яъни Наврўз қиш ва ёзнинг (икки қутбнинг) ўзаро курашуви ва қиш томоннинг енгилиб, чекиниши натижасида кириб келади деган дуалистик қараш ушбу маросимда энг таянч тасаввур ҳисобланади.

Хоразм вилоятида «Ашшадарози ўйини» бугунги кунгача сақланиб қолган. Бу маросим кўклам келганда сумалак пишириш маросими билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади. «Ашшадарози» ёғоч оёқли, чиройли қилиб ки­йинтирилган аёл қўғирчоқ. Ёғоч қозиқ-оёқлар устига чиқиб, ки­йимлар ичига яшириниб олган ижрочи уни ҳаракатга келтириб сайл­га-майдонга олиб кирган. Унинг рақиби эса бўйи нисбатан пастроқ бўлиб, эркак қиёфасида бўлган. Иккаласи майдонда туриб, ўзаро айтишув-мунозара қилганлар.

Айтишув якунида эса аёл қиёфасидаги қўғирчоқ ғолиб бўлган. Бу ўйиннинг айнан кўкламда, сумалак билан боғлиқ ҳолда уюштирилиши унинг қадимий эканлигидан далолат беради. Кўпгина тадқиқотчилар бу ўйинни Сиёвуш номи билан боғлашга ҳаракат қилишади. Аслида бу ­маросимнинг илдизлари ундан ҳам қадимийроқдир.

Бу маросимда қиз қиёфасидаги бўйи баланд аёл қўғирчоқ — Баҳорнинг тимсоли, эркак қиёфасидаги қўғирчоқ эса қишнинг тимсоли бўлиб, мунозара-тортишув қиш ва ёз курашининг рамзий ифодасидир.

Аждодларимиз қиш (куз) ва баҳор (ёз)ни эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик, зулмат ва ёруғлик билан боғлиқ ҳолда жонли, антрапоморфик қиёфада тасаввур қилишган. Фасллар алмашинуви ана шу икки кучнинг кураши-мунозарасидан иборат бўлиб, уларнинг қайси бири ғолиб бўлса, табиатда ўша тантана қилади деб тушунилган. Маҳмуд ­Кошғарийнинг «Девону луғотит-турк» китобининг бир қанча ўринларида Қиш ва ёз тўқнашуви, кураши ҳақида сўз боради.

Қиш ва ёз тўқнашувида қиш ҳар қанча ёзни енгишга ҳаракат қилмасин, охир оқибат қиш мағлуб бўлиб, ёзга енгилганини кўрамиз. Маълумки, маросим шаклида келаётган анъаналар даврлар ўтиши давомида маросим тизимидан узилиб, санъат кўринишини олиши мумкин.

Ўлиб тирилувчи табиат яъни кўкламнинг келиб, қишнинг кетиши билан боғлиқ эътиқодий қарашлар, маросимлар излари «Бойчечак» «Ҳа-ю, читтигул» «Кўпкари» ўйинларида ҳам сақланиб қолган. 

Бу маросим ва ўйинларнинг айнан ­Наврўзда ижро этилишининг ўз сабаблари бор. Чунки ушбу кунда қилинган ҳаракат ва тилаклар эзгу, у албатта рўёбга чиқади деб ишонилган.

Қадимда кўклам маросимининг таркибий қисми бўлган бундай халқ ўйинлари кўҳна тарих билан чамбарчас боғлиқ ҳолда асрлар оша анъана тарзда яшаб келаётганлиги халқимизнинг руҳий қуввати ва ижодий салоҳияти бениҳоя юксак эканлигидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, Наврўз нафақат табиатнинг ўзгариши, яшариши, балки инсон қалби, руҳияти ва тафаккур тарзининг ҳам янгиланишидир. Табитатни англаш ор­қали, ўзлиги, «Мен»лигини кашф этган, қалбида ўзига ишонч, эртанги кун умиди уйғонган. Шунинг учун ҳам Наврўз байрами ҳамма даврларда ҳам тинчлик, осо­йишталик, тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр муҳаббатнинг таронаси, хал­қининг ўз тарихи ва маданиятига бўлган ҳурматининг нишонаси бўлиб келган.

 

Жаббор ЭШОНҚУЛ,

филология фанлари доктори,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили,

адабиёти ва фольклори илмий тадқиқот институтининг етакчи илмий ходими.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: