04.03.2017

АЁЛИНИ АРДОҚЛАГАН ХАЛҚ БАХТЛИ БЎЛАДИ

Бахтли аёлнинг чеҳраси қандай бўлади? Бахтли оналарнинг меҳридарё кўнглини ким қандай тасаввур этади? Бу каби саволлар ҳақида қанча кўп ўйласак, шунча кўп фикр, шунча кўп мулоҳазалар, бедор хаёллар уйғонаверади. Бу ҳақда бир зум ўйлашнинг, бахтли аёл чеҳрасини кўз олдимизга келтиришнинг ўзи ажиб бир саодатдек туюлади.

Шу пайтда беихтиёр яқин ўтмишимизда ғамгусор, муштипар аёлларимиз бошидан кечирган зимистон кунлар, мудҳиш ва бераҳм замоннинг зил-замбил хотиралари кўз ўнгимизга келади. Далаларда бемаврид очилган лола гуллардек юрган қизлар, бир қўлида бола, бир қўлида пахта тўла этак кўтарган аёллар, ўғлини олис юрт­ларга хизматга жўнатиб кўзи тўрт бўлиб ўтирган дили вайрон оналар... Бундай чеҳраларни кўз олдига келтирган одамнинг кўнгли маҳзун тортади. Чунки бундай чеҳраларда қизлар, ёрлар, оналар бахтсиз кўринади, аёл бахтсиз кўринади...

Суратлар алдамайди, ҳақиқатни гапиради. Ўтган асрда олинган суратлардан бирига тикиламиз. Ундаги аёл шу қадар дард билан ­маъюс қарайдики, кўзларида не-не ўй ҳасрат, не-не ушалмаган орзулар акс-садо беради. Гўё бу аёл суратга тушаётиб ҳам кимдандир ёрдам, нажот кутгандек кўринади, илтижо қилиб, ёлвориб тургандай кўринади...

Афсуски, яқин ўтмишда опа-сингилларимиз, аёлларимиз, оналаримиз, момоларимиз оғир меҳнатдан бош кўтармади, косаси оқармади, бир этак болалари билан ғариб кулбаларда кун кўрди, азоб-изтиробларни юрак-юракларига ютиб яшашга мажбур бўлди.

Агар ўтмишдаги суратларга боқсангиз, ўша замондан қолган хотираларга қулоқ тутсангиз, бунга иқрор бўласиз, аёлларнинг нигоҳларида қўрғошиндек қотиб қолган дардлар, аламларни кўрасиз, ҳис этасиз...

Мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинганида аёлларимиз, оналаримиз ҳаммадан кўпроқ қувонган, десак, асло муболаға бўлмайди. Мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг оғир меҳнатини енгиллаштириш, уларнинг соғлиғини асраш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фарзанд тарбияси учун қулай шароит яратиш ва яна бошқа кўплаб ҳаётий масалалар бўйича амалга оширилган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар, рўёбга чиқарилган лойиҳа ва дастурлар аёлларни улуғлашга, қадрлашга қаратилди.

Келинг, шу ўринда айрим мисолларга эътибор қаратсак. Ҳар йили Конституция байрами муносабати билан Янги йил арафасида ўтказиладиган тантанали маросимни юртдошларимиз ўзгача ҳаяжон оғушида кутади. Чунки шу куни демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган долзарб вазифалар белгиланиши билан бирга, келгуси йилга ном берилади. Табиийки, йилга ном беришда давлатимиз ва жамиятимиз учун энг муҳим бўлган масалалар қамраб олинади. Ҳозирга қадар бу ҳақдаги энг кўп қувончли хабарларни аёлларимиз, опа-сингилларимиз, оналаримиз эшитган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз:

«Оила йили» (1998 йил), «Аёллар йили» (1999 йил), «Соғлом авлод йили» (2000 йил), «Она ва бола йили» (2001 йил), «Сиҳат-саломатлик йили» (2005 йил), «Баркамол авлод йили» (2010 йил), «Мустаҳкам оила йили» (2012 йил), «Обод турмуш йили» (2013 йил), «Соғлом бола йили» (2014 йил), «Соғлом она ва бола йили» (2016 йил)... Мустақиллик йилларининг номларидан келтирилган мисоллар давлатимиз, халқимиз учун аёл бахти, оила бахти олий қадрият даражасига кўтарилганини тасдиқлайди, айни пайтда, ҳаммамизни хотин-қизларни ардоқлашга, эъзозлаб-авайлашга даъват қилади.

Аслида барча йиллардаги ислоҳотлар ва янгиланишларда, ойлик, ҳафталик, керак бўлса, кунлик режа ва мақсадларимизда аёл зотига, оналаримизга бўлган меҳр-муҳаббат ҳисси уфуриб туради. 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб белгиланиши, тегишли Давлат дастури асосида мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал қилиш бўйича улкан ва қатъий ишлар амалга оширилаётгани бунинг ёрқин исботидир.

Чуқурроқ ўйлаб кўрсак, жойларда депутатлар, давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар органлари раҳбарлари ва бош­қа мутасаддилар билан очиқ мулоқотлар йўлга қўйилишидан биринчи навбатда нуроний онахонлар, аёллар миннатдор ва манфаатдор бўлаётгани ойдинлашади. Чунки аёлларимиз, айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган опа-сингилларимиз ўзини ўйлантираётган ёки оиласида юзага келган муаммони осонликча бировга айтмайди, дардини ошкор этишга, ҳатто савол беришга ийманади. Ариза ёзиб, қоғоз тўлдириб, бирон идоранинг эшигини тақиллатишга андиша қилади. Бунинг устига ҳудуддаги раҳбару масъуллар димоғдор бўлса, оддий одамларнинг ҳурматини жойига қўйишни билмаса, қўпол муомала қилса, аёллар бундай кимсаларга икки дунёда ҳам мурожаат қилмайди. Ундан кўра, дарду-ташвишларини ичига ютиб яшайверади.

Шу маънода парламент аъзолари, маҳаллий мутасаддилар уйма-уй юриб, мулоқот қилаётгани, хусусан, хонадон бекаларининг мурожаатлари тингланаётгани, таклиф ва истаклари ҳисобга олинаётгани кўплаб муаммоларнинг ечим топишига хизмат қилмоқда, момо-бувиларимизнинг дуоси, орзу-ниятлари эзгу ишларга қанот бўлмоқда.

Айни пайтда бундай мулоқотлар аҳоли, айниқса, хотин-қизларни ўйлантираётган муаммоларни тан олиб, уларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш ниҳоятда зарур эканини ҳам кўрсатмоқда, таъбир жоиз бўлса, раҳбару мутасаддиларнинг кўзини очмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида айрим идоралар ва уларнинг раҳбарлари реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан маълум даражада узилиб қолаётгани алоҳида кўрсатиб ўтилди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш борасидаги вазифалар белгилаб берилди. Оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини кучайтириш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдириш, аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда ажралишлар кўпайгани каби хал­қимизга хос бўлмаган аччиқ ва нохуш масалаларни ҳал этиш, аёлларнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

«Аёллар учун доимий иш жойлари яратиш борасидаги муҳим масала билан бир қаторда, оилавий бизнес, касаначилик, ҳунармандчилик, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш ишлари ҳам оқсамоқда. Бу ўринда расмиятчиликка, қоғозбозликка, ҳатто кўзбўямачиликка берилиш ҳолатлари ҳам кам эмас ва бу ҳақда кўплаб ҳаққоний мисолларни келтириш мумкин. Савол туғилади: кимни ва нима учун алдаяпмиз?»

Бу ҳаққоний савол реал ҳаётни ўрганиш, шунга қараб аёлларимизни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун Бош вазир ўринбосари бошчилигида турли ташкилотларнинг раҳбар ва мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Ушбу гуруҳлар жорий йилнинг 20 январидан бошлаб ­Андижон, Фарғона ва ­Наманган вилоятларига бориб, кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, мавжуд вазиятни чуқур ва пухта ўрганмоқда, таҳлил қилмоқда, оддий оилалардан, кўпни кўрган отахон ва онахонларимиздан таклифлар олмоқда. Кенг қамровли ўрганишлар натижалари ва аччиқ сабоқлари асосида мавжуд ­муаммоларнинг ҳам ҳуқуқий, ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам маънавий-маърифий, ҳам ташкилий томондан ечимини ўзида акс эттирадиган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Президентимиз соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳокимлар, тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва ходимлари билан ўтказган учрашувларида соҳада тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни кескин танқид қилди. Тўғриси, ушбу учрашувларда халқимизни, айниқса, оналар, хотин-қизларни қийнаб келаётган саволлар ўртага ташланди.

Қишлоқ врачлик пунктларининг биноси бўлсаю, унда малакали мутахассис ишламаса, қўлидаги гўдаги касал бўлиб қолган келинчаклар қаерга боради? Фақат қон топшириш учун вилоят ёки шаҳар марказига боришга мажбур бўлаётган, оддий жарроҳлик амалиёти ўтказиш илинжида олис йўлларда сарсон-саргардон югураётган, тиббиёт ходимларининг қош-қовоғига қараб эзилаётган оналарнинг дарду-аламларини ким тушунади, уларга ким ёрдам беради? Шифокорлар, мутасадди раҳбарлар қаерда яшаши, ким бўлишидан қатъи назар, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг конституциявий ҳуқуқи эканини англаб етмаса, нима қилмоқ, қандай йўл тутмоқ керак?..

Учрашувларда шу каби аччиқ саволларга жавоб топиш, бу борадаги муаммоларни қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича қатъий топшириқлар берилди. Хусусан, фақат марказда эмас, барча ҳудудларда ихтисослаштирилган марказлар бўлимлари ­фаолиятини йўлга қўйиш, юқори малакали шифокорларнинг тиббий кўрик ва даволаш амалиётларини тизимли ташкил қилиш юзасидан устувор вазифалар белгиланди. Буларнинг барчаси аёлларни эъзозлаш, оналаримизни қадрлаш, опа-сингилларимиз бахтини таъминлашга қаратилган.

Президентимиз ўтган ҳафта Қашқадарё вилоятида қурилаётган Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиали ло­йиҳаси билан танишиш жараёнида бир фикрни алоҳида таъкидлади. Яъни, шифокор бемор келишини кутиши керак эмас, касалликнинг олдини олиши зарур.

Фарзанди бирон нуқсон билан туғилган онанинг руҳий ҳолатини тасаввур қилиб кўрайлик. Бундай онанинг оҳу-зори оламга сиғмайди, ҳар куни, ҳар соат, ҳар нафасда юраги эзилади. Афсуски, ҳаётда бу каби кўнгилсиз ҳолатлар учраб турибди. Ҳудудларда профилактика тадбирлари кучайтирилиши биринчи навбатда гўдакларнинг соғлом дунёга келишига, оилаларнинг бахти ва оналарнинг кўнглини асрашга хизмат қилади...

Бу ҳақда кўпчилик яхши эслайди. Илгари замонда қизлар, келинлар ўсма, сурма, ярим-ёрти ойнача ва яна бир иккита пардоз буюми билан умрини ўтказган. Очиғини айтиш керак, замонавий пардоз воситалари ўша пайтларда жуда кам аёлларда бўлган. Бугун юртимиздаги барча шаҳару қишлоқларда гўзаллик салонларининг сони кун сайин ортиб бораётгани, хотин-қизлар уларга навбат кутиб тургани қалбни равшан қилади, ҳаётнинг қадри ва жозибасини оширади.

Аёл қачон ўзига қарайди, ўзи учун қачон вақт ажратади? Албатта, оиласи тинч, рўзғори бут, фарзандларидан кўнгли тўқ, ўтаётган кунидан, жуфти ҳалоли, яқинларининг меҳридан рози бўлганида.

Гўзаллик қалбдан бошланади, дейишади. Аёл бахтни ҳис қилса, унинг кўнгли ҳам гўзал бўлади. Шунинг учун бўлса керак, бахтиёр аёллар ҳар доим чиройли кўринади.

Буюк мутафаккирлар, доно кишилар ҳар бир халқ аёлларининг ўзига хос буюк фазилатлари бўлади, деб таъкидлайди. Бизнинг аёлларни кўкларга кўтарадиган, мўътабар кўрсатадиган бундай фазилатлар жуда кўп... Улар меҳри, садоқати, саботи билан ҳурмат-иззатга, яхшиликка, ҳар қанча меҳр-муҳаббатга муносибдир. Чунки улар ўзидан кўра кўпроқ фарзандлари, жуфти ҳалоли, оиласини ўйлайди.

Шу ўринда Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон аёллари шаънига айтган сўзлари ёдга тушади:

«...Балки улар умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдошига ҳеч қачон «Мен сизни севаман, яхши кўраман», деб айтмагандир, лекин бутун қалби, вужуди билан ўз ёрига фидойи бўлган ана шу аёллар тимсолида мен ҳақиқий севги ва садоқат намунасини кўрганман, десам, ишонинг­лар, бу — айни ҳақиқат. Юзлари офтобда қорайиб кетган, қўллари меҳнатда қадоқ бўлган бу аёлларнинг қалби, юраги шунчалар гўзал, шунчалар беғубор эканини кўриб, дунёда ҳақиқатан ҳам ўзбек аёлига тенг келадиган аёл йўқ, деган фикрга яна ва яна бир бор ишонч ҳосил килганман. Шу маънода, эркакларга қарата айт­моқчиман: шуни билиб қўйинг, бундай аёлларни бош­қа ҳеч жойда тополмайсиз!».

Муқаддас китобларда қайд этилишича, онаси, қизи, опа-синглиси, аёлининг ҳурматини жойига қўйган, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш учун интилиб яшаган одам ҳеч қачон кам бўлмайди, икки дунё саодатига эришади. Аёлини ардоқлаган давлат қудратли, унинг халқи эса доим бахт­ли бўлади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: