Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
02.03.2017

ЮКСАЛАЁТГАН ҚАШҚАДАРЁ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи воҳа аҳлини янги марралар сари руҳлантирмоқда

Китоб туманида яшаётган тажрибали боғбон дўстим Ғуломжон Эрназаров шундай дейди:

— Бир неча кундан буён телевизордан кўз уза олмаймиз. Набираларим «Ана, Президентимиз янги уйга бордилар, битта қизалоқни қўлларига кўтариб, эркаладилар», дейишади чуғурлашиб. Бола қалби беғубор. Яхшиликни ҳам, меҳрни ҳам дарров ҳис қилади... Мен узоқ йиллар хўжаликда ишладим, дон экдим, пахта етиштирдим, боғлар яратдим. Ҳозир ўғлим Ойбекжон фермер хўжалигини бошқараяпти. Яхши ният билан 34 сотих ерда терак ўстираяпмиз, бир-икки йилдан кейин 3-4 минг дона қурилишбоп ёғоч бўлади. Давлатимиз раҳбари нимага даъват этяпти? Астойдил меҳнат қилиб, янада фаровон яшашга, янги, яхши уйларда истиқомат қилишга... Шунчалик улкан режалар тузиб берганларини газетадан ўқиб, қалбимда чексиз фахр уйғонди. Уйда ўтиролмадим, олма ниҳоллари уйғонаётган боғимизга йўл олдим...

Эрталаб Қарши туманида эдик. Бозор куни бўлса-да, атрофда иш қайнайди. Йўл-йўлакай дарахтларга шакл бераётган, кўчат экаётган, иссиқхонасида меҳнат қилаётган одамларни кўриб, рости, севиндим.

Мирмирон массивига бундан уч йил бурун келгандим. Бу ерда қурилган намунали уйлар 400 дан ортиқ, замонавий қишлоқ. Давлатимиз раҳбари Қарши туманида бўлганида кўплаб истиқболли лойиҳалар, жумладан, шу массивда истиқомат қилувчи аҳоли учун 25 гектар майдонда ташкил этиладиган иссиқхона режаси билан ҳам танишган эди. Лимон, мандарин, папая каби цитрус мевалар, помидор, бодринг, гулкарам, ҳар хил кўкатлар экиладиган иссиқхонада ҳар йили 3 миллиард сўмгача маҳсулот етиштириш мўлжалланган.

Шу массивдаги ўнлаб кичик, аммо яхши иссиқхоналарни кўрсатишди. Тадбиркор Дилбар Икромова 17 сотихли иссиқхонасида помидор кўчатлари етиштираётган экан. Унинг ёнида «Турди-Муаззам сервис» оилавий корхонаси раҳбари Адҳамжон Эгамбердиев 12 сотих ерда иссиқхона қуриб, бодринг кўчатлари ўстир­япти.

— Президентимиз туманимизга келганидан жуда севиндик. У киши тадбиркорларга ҳамма шароитни яратиб бераяпти. Илгари ҳар хил қурилиш ашёлари етказиб берардик. Қизиқиб, ҳовлимизда 2 сотихли иссиқхона қурдим. Лимон экканман. Яна банкдан 40 миллион сўм кредит олиб, худди шундай иссиқхона барпо этиш ниятим бор, — дейди Адҳамжон.

— Кредит масаласи ҳал бўлган, — дарров изоҳ беради ҳамроҳим, Қарши туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳасан Турдиев. Унинг мулоҳазаларига қулоқ тутаман. — Туман аҳолиси 232 минг кишига яқин. Жами 717 фермер хўжалиги тузилган. Ҳозиргача 187 гектар майдонда 483 та кичик иссиқхона ташкил этилган. Ривожланиш дастурига кўра, 174 истиқболли лойиҳа амалга ошади. Кичик саноат корхоналари, паррандачилик, қўйчилик, балиқчилик ривожланаётганидан барча манфаатдор.

Тадбиркор Адҳамжон яратган қулай мосламани кўздан кечираман. Кичик ариқдан келадиган сув 10 тонналик ҳовузни тўлдирар, кейин иссиқхонадаги ниҳоллар томчилатиб суғорилар экан. Бу сув Қарши магистрал каналидан келаркан.

 Президентимиз «Карши насос станциялар каскадини қайта ишлаш — III фаза» ло­йиҳаси билан танишиб, зарур маслаҳатлар берди. Бу улкан лойиҳа амалга ошса, сув ва энергия сарфи анча камаяди.

— Давлатимиз раҳбари Қарши туманида барпо этилаётган «ЛТ Текстиль Интернейшнл» Ўзбекистон — Хитой — Нидерландия қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишди, — дейди «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамиятининг Қашқадарё вилоятидаги вакили Остонақул Аллаёров. — Йилига 22 минг тонна сифатли ип калава ва 50 миллион квадрат метр ип газлама ишлаб чиқарадиган ушбу корхона ҳадемай ишга тушади. Воҳа мамлакатда пахта етиштиришда етакчи бўлса-да, ҳозиргача мавжуд 7 та корхонада 10 фоиз тола қайта ишланарди, холос. Келгусида яна ўнлаб янги корхоналар бунёд этилади ва бу кўрсаткич 67 фоизга етади. Тармоқда 3 минг иш ўрни яратилади. Бундай корхоналар Яккабоғ, Ғузор туманлари, Қарши шаҳрида қурилаяпти. Муборак туманида йилига 8 миллион дона пайпоқ тўқийдиган корхона қуриб битказилди. Китоб туманида йилига 3 минг тонна калава тайёрлайдиган фабрика ишлаяпти. Келгусида унинг қуввати 2 баробар ошади.

Остонақулнинг мулоҳазаларини тинглар эканман, мамлакатимиз иқтисодиётида салмоқли ўрин тутадиган саноат корхоналари ҳақида ўйлайман. Президентимиз назаридан ўтказган, имкониятларини ошириш юзасидан зарур маслаҳатлар берган лойиҳалар кўламини тасаввур қилишга уринаман. Бундан анча йил олдин Ғузор туманининг Шўртан даштида барпо этилган «Шўртан газ-кимё» мажмуаси қурилишини бир неча бор кўрган эдим. Эндиликда бу жойда «Ўзбекнефтгаз» компанияси таъсислигида мега лойиҳа амалга ошади. Натижада тозаланган метан негизида «Евро-5» талабларига мос 1,5 миллион тонна синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Янги турдаги маҳсулотлар тайёрланиши натижасида келажакда кимё, машинасозлик, фармацевтика, қурилиш ва тўқимачилик тизими жадал ривожланади.

Қашқадарё вилоятида чорвачилик яхши йўлга қўйилган. Фермер хўжаликлари, аҳолининг чорва моллари мунтазам кўпайиб бораяпти. Хориждан зотли қорамоллар келтириляпти. Аммо терини қайта ишлашга эътибор берилмас эди. Китоб, Деҳқонобод, Нишон туманларида чарм-пойабзал тайёрлайдиган 5 та корхона қурилади. Қарши шаҳридаги «Қарши лазер» корхонасининг ўзи йилига 1 миллион дона терини қайта ишлаб, пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотларига айлантиради.

— Юринг, янги уйларимизни кўрасиз, — дейди «Нуроний» жамғармаси Қарши туман бўлими раҳбари Полвон Тўлиев. — Унинг касби журналист, узоқ йиллар туман газетаси муҳаррири бўлиб ишлаган. Биргаликда икки қаватли янги уйга етиб келганимизда, гапни гапга улади:

— Биласизми, мана шу биринчи қаватдаги уч хонали уйнинг соҳиби Хуршид Шарипов ва рафиқаси Меҳринисо Ҳайдароваларнинг никоҳ тўйи маросимини бир пайт­лар ўзим бошида туриб ўтказиб берган эдим. Кўзлари ожиз, ногирон, аммо интилиб, иккалалари ҳам олий маълумот олишган. Меҳринисо келин ҳозир Қарши шаҳридаги кўзи ожизлар мактабида ишлайди. Ўғил ва қизлари бор.

— Хуш келибсизлар, — дея хурсанд кутиб олди Хуршиджон. — Давлатимиз раҳбарининг уйимизга келишини хаёлимизга келтирмаганмиз. Кўзим ожиз, аммо келиб сўрашганларида, уларни кўргандай бўлдим. Раҳбаримизнинг қалби эзгуликка тўла, ниятлари — одамларнинг ҳаётига ёруғлик, яхшилик, қут-барака олиб кириш. Фарзандларимизнинг севинганларини айтмайсизми!..

— Президентимиз бизнинг хонадонимизда ҳам меҳмон бўлди, — дейди бир қаватли янги уйга кўчиб кирган Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театрининг овоз режиссёри, 32 ёшли Алишержон Аҳмедов. — Келинингиз Ферузахон вилоят мусиқали драма театрида ишлайди. Ўғил ва қизимиз бор. Очиғи, олган маошимизга уй олишимиз қийин, янги уйни орзу ҳам қилмаганмиз. Мана, шундай кунлар келаркан, арзонлаштирилган уйнинг дастлабки бадалини тўлаб, банкдан кредит олдик ва янги уйли бўлдик. Мамлакатимиз раҳбари шундай самимий, меҳрибон эканки, уйимизга давлат қўнди. Қизчамизни бағрига босиб, эркалади. Биз бу кунни ҳеч қачон унутмаймиз.

Қарши шаҳри... Биз шаҳарнинг Гулшан маҳалласига етиб келганимизда, қуёш тикка кўтарилган эди. Маҳалланинг янги идораси олдида одамлар гавжум. Сўрашдик ва суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, маҳалланинг эски биноси ўрнида 4 қаватли янги уй қурилибди. Шу иморатни тиклаган қурилиш ташкилоти бошлиғи Ўткир Эркаев маҳалланинг янги идорасини ҳам қуриб берибди. Замонавий, барча шароит ҳозирланган. Бир хона профилактика инспекторига ажратилган. Янгилик шундан иборат эканки, хонага ўрнатилган монитор орқали маҳалла кўчаларини бемалол кузатса бўларкан.

— Шу пайтгача ишга Косон туманидан қатнар эдим, — дейди Қарши шаҳар ички ишлар бўлими ходими, капитан Миркомил Муродов. — Яқинда уч хонали хизмат уйига умр йўлдошим, фарзандларим билан кўчиб келдик. Энди маҳалла аҳли билан биргамиз. Уйнинг икки сотих томорқаси бор, мевали дарахт, экин экамиз. Давлатимиз раҳбари маҳалла идорасини кўздан кечириб, янги уйимизда ҳам бўлди. Ишимиз, турмушимиз ҳақида сўради. Роса ҳаяжонландим. Ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдим.

Қарши шаҳрида юз берган, аҳамияти ниҳоятда улкан воқеаларнинг барчасини айтиш осон эмас. Мамлакатимиз раҳбари аввало қурилиш ва ободончилик билан танишиб, кўплаб зарур маслаҳат ва таклифларини билдирди. Бундан ташқари, аҳоли саломатлигини яхшилаш, тиббий хизмат кўрсатишни замон талабларига мослаштириш юзасидан янги лойиҳалар муҳокама қилинди. Жумладан, шаҳарда янги юқумли касалликлар, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Қарши филиаллари қуриладиган бўлди. Шунингдек, табиатни асраш, чиқиндиларни қайта ишлаш, дори-дармон саноатини ривожлантириш ва бошқа соҳаларга дахлдор муҳим лойиҳалар муҳокама қилинди ва истиқболли режалар белгиланди. Бу борада фаоллар, соҳа мутахассислари, жонкуярлар ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

Саломат Комилова, «Қаршимебель» МЧЖ раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Фаоллар йиғилишида кўнглимдан энг аввало нима ўтганини айтайми? Шукроналик! Мустақиллик йилларида эришган ютуқларимизни янги даврда жадал ривожлантириш, халқимизга муносиб фаровон ҳаёт яратиб беришга бел боғлаган давлатимиз раҳбаридан миннатдорлик тўйғуси... У киши Қаршида Биринчи Президентимизга ёдгорлик ўрнатиш, унинг жойини танлаш борасида маслаҳатлашганида жуда ҳаяжонландим... Халқ­ига астойдил хизмат қилган улуғ зотларнинг иши ва номи унутилмайди.

4 нафар фарзандим бор. Ҳозир корхонамизда 23 киши меҳнат қиляпти. Янгидан алоҳида мебель сотиладиган дўкон қураяпмиз. Яна кўплаб орзуларимиз бор.

Очил Халилов, «Қашқадарё Дори-дармон» акциядорлик жамияти кузатув кенгашининг раиси:

— Эл соғлиғи — юрт бойлиги. Бу — азалий ҳақиқат. Юртимизда тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш борасида катта ишлар қилинмоқда. Даволаш ишларини зарур дори-дармонларсиз олиб бориш қийин. Президентимизнинг аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори, Қашқадарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастури соҳа тараққиёти учун асос бўляпти. Масалан, доривор ўсимликларни саралаш ва қадоқлаш корхонаси ишга туширилди. Ускуналар Ҳиндистондан олиб келинди. Вилоят ўрмон хўжаликлари билан 2 миллиард сўмлик доривор ўсимликларни етказиб бериш юзасидан шартнома тузилган. Ўтган йили 17 турдаги, жами бир миллиард сўмлик қадоқланган доривор ўсимликларни дорихоналарга етказиб бердик. Президентимиз ана шу ишлар билан танишиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қимматли маслаҳатлар берди. Турли меваларнинг ёғини ажратадиган корхона йил охиригача ишга тушади. Ускуналар Хитой давлатидан олиб келинган. Ҳозирги талаб қандай? Импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситаларини ўзимизда ишлаб чиқариш, эҳтиёждан ошганини экспортга жўнатиш. Антибиотиклар ишлаб чиқарадиган ана шундай янги йирик корхона қурилиши йил охиригача тугалланади.

Карима Ёдгорова, Қашқадарё вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг тарғибот бўлими мудири:

— Давлатимиз раҳбари тараққиёт режалари ҳақида гапирар экан, табиатни асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Масалан, воҳанинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида шифобахш ўсимликларни ўстириш лойиҳаси катта аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, ўрмон хўжаликларидан самарали фойдаланиш, табиатни асраб-авайлаш ишларини пухта ташкил этишни талаб этади.

Иззатилла Зайниев, Қашқадарё вилоят давлат санитария-эпидемиология маркази бошлиғи ўринбосари:

— Атроф-муҳитнинг тозалиги инсон саломатлиги, айрим хавфли касалликлар тарқалмаслигининг ишончли омилидир. Давлатимиз раҳбари Қарши туманида қуриладиган чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси аҳамияти ҳақида гапирди. «Нишон кўзгу» кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан Қарши шаҳрида автоматлаштирилган қушхона қурилди. Раҳбаримиз бундай қушхоналарни бошқа жойларда ҳам қуриш лозимлигини кўрсатиб ўтдилар. Бунинг аҳамияти шундаки, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни тоза сақлаш имкони яратилади. Биз бу борада берилган кўрсатмаларни амалга ошириш мақсадида шифокор ходимларимизни вилоятдаги барча маҳаллаларга бириктириб чиқдик. Бу ҳақиқий аҳволдан зудлик билан хабардор бўлиш, касаллик келтириб чиқарадиган ҳолатларни тезда бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.

Шуҳрат Қурбонов, Қашқадарё вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи:

— Мамлакатимиз раҳбари вилоятдаги қурилиш ҳамда ободончилик ишлари бўйича кўплаб зарур маслаҳатлар берди ва таклифларини билдирди. Жумладан, янги сув ҳавзаси қурилиши жадал олиб борилади. Қарши шаҳридаги Жайхун кўчасида 5 қаватли ва 45 квартирали уйлар арзонлаштирилган эди. Энди бундай уйларни қуриш яна кўпаяди. «Ёшлар кўли» ёқасида 3 та 5 қаватли янги уй қурилади ҳамда кўл атрофи обод қилинади. Алишер Навоий номли истироҳат боғида замонавий аттракционлар ўрнатилади. Воҳада тарихий обидалар, қадамжолар кўп. Шулардан бири Абул-Муъийн Насафийнинг Қарши тумани Қовчин қишлоғидаги мақбарасидир. Давлатимиз раҳбари бу зиёратгоҳни обод қилиш юзасидан қимматли таклифларни берди.

Ўроз Ҳайдар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари:

— Барчамиз давлатимиз раҳбарининг Абдулла Орипов хотирасини абадийлаштириш учун ёдгорлик ўрнатиш, алоҳида музей ва шоир номидаги ёш ижодкорлар мактабини ташкил этиш ҳақидаги таклифини ҳаяжон билан эшитдик. Абдулла Орипов озодликни, мустақил Ўзбекистонни ёниб куйлаган, нодир асарлар яратган буюк шоир эди. Бундай улуғ инсон хотираси адабийлаштирилиши хал­қ­имизнинг қалбида ифтихор, шукроналик туй­ғуларини кучайтиради, ёш авлод тарбиясида ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади...

ЎзХДП Шаҳрисабз туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати Дилшод Ёров «Шаҳрисабз» логистика маркази ҳақида гапириб берди. Уни бунёд этишга тадбиркор Акром Аҳмаджонов бош-қош экан. «Кунчиқар» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан марказ учун ер ажратилибди. Мева-сабзавотлар етиштириш, қайта ишлаш ва йилига 25 минг тонна маҳсулотни экспорт қилиш мўлжалланмоқда. Бундай режалар Чироқчида ҳам амалга ошаётганини туман ҳокимининг ўринбосари, партия­миздан вилоят Кенгаши депутати Дурдона Акбарова ҳам ҳаяжонланиб ҳикоя қилди. Кўп янгиликларни кўриб, кузатиб, Китоб туманига қайтдик.

Хуллас, ҳозир вилоятнинг қайси ҳудудида бўлманг, ким билан гаплашманг, янги режалар, орзулар ҳақида эшитасиз. Хурсанд бўламан. Тадбиркорликка қўл ураётган юзлаб, минглаб серғайрат ҳамюрт­ларимиз, истиқболли корхоналар, бунёд бўладиган замонавий шифохоналар ҳақида ўйлайман. Жонажон Ўзбекистонимизнинг янада юксалаётгани, унинг қудратли таянчларидан бири Қашқадарё аҳлининг бугунги ғайрати, шижоатидан қалбим ғурурга тўлади. Нажот — меҳнатда, орзу қилишда. Буюк шоирнинг айт­гани ёдга тушади:

— Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот!..

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.