28.02.2017

ИЛМ-ФАН ТАРАҚҚИЁТИ ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ РИВОЖИ, ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Президентимизнинг «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори академиклар, олимлар, умуман, зиёлилар томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Илм-фанга берилаётган юксак эътибор, энг аввало, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ­турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

 

Назар ТЎРАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси аъзоси:

— Фанларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Улар ўзаро узвий ҳолда ривожланади. Шу маънода Президентимиз қарори асосида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимида Фанлар академиясининг ўрни ва ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилгани жуда муҳим аҳамиятга эга.

Фанлар академияси тизимида интеллектуал салоҳияти юқори бўлган олимлар, академиклар йиғилган. Уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш талаб этилади. Шунинг учун ҳам давлатимиз томонидан академик фаннинг мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантиришдаги ролини кучайтириш, Фанлар академиясининг илмий-инновацион фаолиятини такомиллаштириш ва мавқеини ошириш ­масалаларига катта эътибор берилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг академиклар ва етакчи олимлар билан бўлган учрашувида жуда долзарб масалалар кўтарилган эди. Мазкур қарорда ушбу учрашувда билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар ўз ифодасини топганини айтишни истардим. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб академикларга энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқлардан озод этилган ойлик гонорар белгиланди. Бундан ташқари, улар учун санаторий муассасаларида ҳар йили бепул соғ­ломлаштириш курсидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Бугунги кунда академиклар илмий, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жалб этилиб, юқори малакали кадрлар тайёрлашда фаол иштирок этишлари учун уларга зарур имкониятлар яратилмоқда.

Тан олиш керакки, илмий-техник салоҳиятнинг ҳозирги кундаги аҳволи, кадрлар билан таъминланганлиги, илмий-тадқиқот фаолиятининг моддий-техника, тажриба ва лаборатория базаларининг ривожланиш даражаси мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг жадал суръатларидан ортда қолмоқда. Бу ҳолатга ўз вақтида ташаббускор бўлмаганимиз, фидойилик кўрсата олмаганимиз сабаб бўлган, деб ўйлайман.

Энди берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, мамлакатимиз илм-фанини янада ривожлантиришимиз, иқтидорли йигит-қизларни тарбиялаб, қўллаб-қувватлашимиз зарур.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш масалалари қамраб олинган. Мазкур қарор айнан Ҳаракатлар стратегияси ­доирасида қабул қилинди.

Ривожланган давлатлар тажрибасини кузатадиган бўлсак, уларда илм-фанни юксалтиришга жиддий эътибор қаратилади. Давлат томонидан катта маблағлар ажратилади. Мамлакатнинг истиқболдаги ривожланиши илм-фан ютуқлари асосида белгилаб олинади.

Илмий изланишлар ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг реал муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилиб, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий интеграция таъминланса, илмий-технологик ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича катта натижаларга эришилади.

Қарорда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Хусусан, илмий-тадқиқот инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш мақсадида Фанлар академияси таркибида бир қатор илмий-тадқиқот муассасалари ташкил қилиниб, қатор муассасалар академия тасарруфига қайтарилган. Буларнинг барчаси Фанлар академияси томонидан кенг кўламли фундаментал тадқиқотлар олиб борилишини таъминлаш, турли фан тармоқлари бўйича мавжуд илмий салоҳиятни бирлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг долзарб муаммоларини бартараф этиш имкониятини беради.

Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ташкил этилмоқда. Агентлик зиммасига иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш, бу борада давлат топшириқларини шакллантириш сингари муҳим вазифалар юкланди.

Уларнинг ижроси мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолиятини янги босқичга кўтаради. Шу билан бирга, интеллектуал салоҳиятни бирлаштиради. Илмий изланишлардаги самарасиз мавзуларга ва такрорланишларга бар­ҳам беришни таъминлайди. Очиғини айтиш керак, сўнгги пайтларда ана шу каби масалаларда камчиликлар бор эди.

Бир сўз билан айтганда, Президент қарори ижроси илм-фаннинг изчил тараққиётига хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.