Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
28.02.2017

ИНСОНЛАРНИНГ ДАРДУ ТАШВИШЛАРИНИ ЎЙЛАБ ЯШАШ — ОДАМИЙЛИКНИНГ ЭНГ ОЛИЙ МЕЗОНИДИР

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимга асос солинди

Инсон ҳаётга бир марта келади, бахтли яшашни истайди ва унинг бунга тўла ҳаққи бор. Халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларидан кўзланган мақсад-муддао ҳам аслида шу: бугунги кунимиз кечагидан, эртамиз бугунги кунимиздан кўра бахтли ва фаровон бўлишига эришиш. Ана шундай улуғ ва хайрли мақсадларимизнинг рўёбга чиқиши кўп омил ва мезонларга боғлиқ. Аммо уларнинг ичида ҳаётимизда адолатни қарор топтириш энг зарурий шарт ҳисобланади. Зотан, ижти­моий адолат таъминланган давлатда халқнинг бунёдкорлик салоҳияти, яратувчанликка интилиши ва иштиёқи ҳосил бераверади.

Шу маънода мустақил Ватанимиз тарихида, халқимиз ҳаётида яна бир янги давр, янги тараққиёт босқичи бошланди, дейишга барча асосимиз бор. Стратегик мақсадларимиз аниқ ва равшан — демократик, инсонпарвар давлат қуриш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, пировардида, халқимизни ҳаётдан рози қилиш, унинг янада фаровон яшаши учун барча шарт-шароитни яратиш. Бундай юксак марраларга халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин.

Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида асос сол­ган янги тизим — Халқ қабулхоналари инс­титути ижтимоий адолатни таъминлаш борасида ўзбекона ҳаёт фалсафаси ва миллий давлатчилик мактабига хос барҳаёт анъаналарнинг янги тараққиёт босқичи бўлиш билан бирга, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлидаги стратегик мақсадларга эришишнинг қудратли воситасига айланмоқда.

 

КЕНГАШЛИ ТЎЙ ТАРҚАМАС

Халқимизда эзгу бир анъана бор: ҳар қандай ишни бошлашдан аввал маслаҳат қилинади. Бунда кайвони-ю кексалардан, ёшлардан ҳам фикр сўралади. Турли мулоҳазалар тингланади, муносабатлар ҳисобга олинади. Ҳар бир қараш, таклиф чуқур муҳокама қилинади — дўппини бошдан олиб қўйиб, атрофлича кенгашилади. Ақл — тарози, кўнгил қози бўлади: кўриладиган тадбирнинг фойдаси ва зарари тарозига қўйилиб, обдон тортилади. Ақлли тадбирлар тақдирга мос келади: энг тўғри қарор, адолатли ечим ана шундай муҳокамалар асносида танланади. Бу — ҳақиқат баҳсларда туғилади, дегани.

Бундай қадриятлар йўқ жойдан ўз-ўзича пайдо бўлиб қолмаган, албатта. Зеро, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг тафаккури, турмуш тарзи, маънавий қадриятлари аниқ табиий, тарихий ва ижтимоий омиллар негизида вужудга келади, ривож топади. Шу маънода жамоа бўлиб яшаш туйғуси халқимиз учун умр қоидасига айланиб кетгани бежиз эмас. Яъни, заминимизда истиқомат қиладиган одамларнинг бир оила, бир маҳалла, бир халқ бўлиб яшаши объектив зарурат — табиатнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи бизни шу руҳда тарбиялаган.

Бундай ҳаёт тарзи, табиийки, ўзаро мулоқотга, мулоқот эса қизғин муҳокама — кенгашга, ҳар бир масалада адолатли ва оқил­она ҳукмга йўл очади. Халқимиз бундай қадриятларга асосланиб, аввало, ижтимоий адолатга интилиб келган.

 

КУЧ — АДОЛАТДА

Соҳибқирон бобомиз Амир Темур куч-қудрат адолат, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда мужассам эканини англаб-англатиб яшаган. У зотнинг давлат муҳрида битилган «Куч — адолатда» ҳикмати ҳақиқатпарварлик ва ростлик инсон кучига куч қўшиши, ўз навбатида, кучли шахс ҳамиша ҳақгўй бўлишини анг­латади.

«Одамий эрсанг, демагил одами, ониким, йўқ халқ ғамидин ғами» ҳикматини ҳаёт қоидасига айлантирган Алишер Навоий ҳам, «Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ», дея тақдир ва тадбирни бирлаштирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам оддий одамлар билан доимий мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишни олий мақсад, ҳаёт мазмуни, деб билган. Бу борада неча-неча авлодларга ўрнак ва ибрат бўларли буюк мерос қолдирган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев асос солган халқ билан мулоқот, мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизим, Халқ қабулхоналари институти ўзбек давлатчилик мактабига мансуб адолатпарварлик, ҳақиқатни амалда таъминлаш борасидаги ана шундай улуғ анъаналар илдизларидан қувват олади. Давлатимиз раҳбари бугун куйиб-ёниб барчамизни халқ қалбига қулоқ солишга, одамларнинг дард-ташвишларини астойдил тинг­лашга, муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам беришга даъват этаётгани, бу борада айрим катта-кичик амалдорларнинг онгида тошдай қотиб қолган эскича қарашларни таг-томири билан қўпориб, унинг ўрнига халқ талаб ва истаклари асосида ишлаш принципларини ҳаётимизда чуқур жорий қилишга қатъият билан ҳаракат қилаётгани буюк шоиримиз айтганидек, қучоқ очиб халқ ичига бориш, унинг армонларини ушалтириш, орзуларини рўёбга чиқаришдек улуғ мақсадларга қаратилган.

 

РАҲБАРЛАРГА ХАЛҚНИНГ ЎЗИ БАҲО БЕРАДИ

2016 йил 24 сентябрда Ўзбекистон ҳукумати порталида Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси очилиши мурожаатлар билан ишлаш тизимини бугунги шиддатли XXI аср талабларига мос ҳолда такомиллаштириш имконини берди. Ҳукумат раҳбари билан оддий одамлар ўртасида ҳеч қандай воситачиларсиз тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилди. Шу боис ҳам мазкур виртуал қабулхона ишга тушган куниёқ мамлакатимизнинг турли жойларидан мингга яқин ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушди.

Кўп ўтмай, барчамиз гувоҳ бўлдикки, аксарият муаммоларни нисбатан қисқа вақт ичида самарали, энг муҳими, қонун доирасида ҳал қилса бўлар экан. Бунинг учун хоҳиш ва ирода, ҳаётдаги ўткир муаммоларга тик қарай олиш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан йўлларини топиш талаб этилади.

Ҳар қандай давлат раҳбари ҳам адолатсизлик ҳолатлари, халқни қийнаб келаётган оғир муаммоларни рўй-рост кун тартибига қўйиб, «энди, келинглар, вазият шундай экан, дея қўл қовуштириб ўтирмасдан ана шу камчиликларни бартараф этайлик», деб, бунда аввало ўзи ўрнак ва намуна бўлиб, жон-жаҳди билан бу ишга киришавермайди. Бунинг учун инсонда катта юрак, ўз халқи, ўз Ватани тақдири учун масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этиш туйғуси кучли бўлиши керак.

Виртуал қабулхона очилгунга қадар ҳам мамлакатимизда давлат органларининг «Ишонч телефони», Ягона интерактив давлат хизматлари портали мавжуд эди. Бу соҳада махсус «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Лекин минг афсуски, бу қонун амалда тўла ишламаганини, унинг ижросини назорат қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганини, аниқроғи, бу масалага иккинчи даражали бир иш сифатида қаралганини бугун очиқ тан олишга мажбурмиз.

Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклигини таъкидлар экан, халқимиз дилидаги, жамиятимиздаги оғриқли бир муаммони кун тартибига қўйди: «Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди».

Шу боис яқин-яқингача аксарият одамлар ўзи яшаётган ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарларини, вазирларни деярли танимасди. Яшириб нима қилдик: кўпчилик катта-кичик раҳбару мутасаддилар олдига арз қилиб икки-уч марта қатнаган одамга «ёзувчи», «аризабоз», «иғвогар» тарзида бошқача кўз билан қарар эди. Албатта, ҳар қандай жамиятда бўлди-бўлмади ишга дарров шикоят ёзадиганлар топилади. Бироқ ора-чора учраб турадиган бундай кимсалар касрига қолган одамларнинг шикоятларини ҳам эътиборсиз қолдириш — жамиятда муаммоларнинг илдиз отиб кетишига сабаб бўлиши аниқ-ку!

Ахир кимдир умид билан ҳоким ё вазирнинг олдига борса-ю, қабулига кира олмаса, эшигида ҳафталаб-ойлаб сарғайса, шундан сўнг қўли бирор ишга борадими? Ёшлар-чи? Улар билан ҳеч ким гаплашмаса, кўнглида нима гапи бор — қизиқмаса, уларни ўз «тарбияси»га олишни пойлаб ўтирган сохта тарбиячи, «ҳожатбарор»лар камми?!

Агар биз бугун ёшларимиз, фарзандларимиз тарбияси билан ўзимиз шуғулланмасак, уларнинг қалбига қулоқ тутмасак, бу иш билан хорижда қармоқ ташлаб ўтирган бошқалар шуғулланади. Бу — ҳаётий ҳақиқат. Уни ортиқча исботлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Яқин-яқингача «Ишонч телефони» ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юборилган мурожаатлар аксарият ҳолларда яна келган жойига — қуйи бўғиндаги идора ва раҳбарларга қайтариб юбориларди. Бу мурожаат янада пастга — яқинда ишга олинган ва тажрибасиз ходимнинг чекига тушгач, аҳволни ўзингиз тасаввур қилаверинг. Аҳоли қуйи бўғиндаги айрим раҳбарлар қилмишидан арз қилса-ю, бу мурожаат кўриб чиқиш учун яна уларнинг ўзига бориб тушса, оддий фуқаро додини кимга айтиши, қайси остонага бош уриб бориши керак? Ахир у амалдордан ош-нон сўраётгани йўқ-ку! Унинг талаби, хоҳиш-истаклари жуда оддий, ҳаётий талаблар. Энг муҳими, аксарият ҳолларда улар ҳақли ва адолатли талаблар.

Сув томиб-томиб тошни емиради ё занг аста-секин ҳар қандай мустаҳкам пўлатни ҳам чиритади. Шу маънода аҳоли мурожаатлари ўз вақтида қонуний ва самарали ҳал қилинмаса, улар йиғилиб-йиғилиб, ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Мурожаат, ариза, шикоят нима ўзи? Бу — халқ, жамият қандай нафас олаётганини яққол намоён этадиган қайсар индикатор.

Шавкат Мирзиёев Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги «Демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш — барқарор тараққиёт кафолатидир» номли маърузасида «халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт келди. Бундан кейин жойлардаги раҳбарлар фаолиятига биринчи навбатда улар бошқараётган ҳудуддаги аҳолидан тушаётган мурожаатлар сони, уларнинг халқ ичида юриши, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимига қараб баҳо берилади. Қисқа қилиб айтганда, раҳбарларга халқнинг ўзи баҳо беради», деб таъкидлади.

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2017 йилни юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қиларкан, «давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор», деб уқтириб ўтди.

Мана, кўп ўтмай, халқимиз бу ғоя ва ташаббусларнинг амалий натижаларини ўз ҳаётида кўрмоқда, сезмоқда: давлатимиз раҳбари барчага ўрнак кўрсатиб, ҳудудларга сафарлари давомида чекка қишлоқ ва овулларгача кириб бориб, ижтимоий соҳа объектлари, оддий одамлар хонадонларида бўлиб, юзага келган реал вазият, аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан танишмоқда, муаммоларни бартараф қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар бермоқда. Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, давлат органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари ҳам жойларга чиқиб, асл ҳолатни ўрганмоқда, мавжуд хато ва камчиликлардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини таҳлилий-танқидий кўриб чиқишга уринмоқда. Барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг халқ олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилди.

Бу учрашувлардан дастлабки хулосалар нима? Аввало, одамлар онгида мудраб ётган тафаккур уйғонмоқда, тадбиркорлик ва ­бунёдкорлик иштиёқи янада кучаймоқда. Улар ўз фикр-мулоҳазалари, ўйлари, дард-ташвишлари, орзу-армонлари ҳатто Президент даражасида қизиқ, муҳим ва аҳамиятли эканини англаб етмоқда. Бугун барчамиз амин бўлдикки, жамиятимиздаги асосий ­муаммо ва камчиликлар қуйи бўғинда — ­пастда. Илдизлари соғлом дарахт кўкка бўй чўзиб, ҳосил берганидек, ислоҳотлар ҳам қуйи бос­қичларда натижа берса, бирники мингга, мингники туманга татийверади.

Энди бир идорада раҳбар бўлишнинг моҳият-мақсади — масалаларни қоғозда ҳал этиш ёки фақат рақамлардан иборат ҳисоботлар тўлдириш эмас, балки ҳаётнинг мавжуд аччиқ ҳақиқатларига юзма-юз келиб, реал воқеликнинг шиддатли тўлқинида ёниб-куйиб ишлаш эканини барча тўла тушуниб олиши керак.

Яна бир масала: хориждаги ва ичкаридаги айрим «дўст»ларимиз Виртуал қабулхона ташкил этилгач, «бу тизим Президент сайловидан сўнг ўз-ўзидан унутилади», деб «башорат» қилган, буни ҳатто сайловолди «пиар»и тарзида талқин этган ҳолатлар ҳам учради. Бироқ амалда бунинг тамомила акси бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев бир ишни бошладими, охирига етказиш учун барча имкониятни ишга солиши, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам бирдай тер тўкиб меҳнат қилишга мажбур қилиши, ишламаганга қўймаслиги, якунда, бир кун келиб, барча раҳмат айтиши — буларнинг барини халқимиз, жамоатчилигимиз яхши билади.

Билмаганлар билиши керак бўлган ҳақиқат оддий: давлатимиз раҳбари бу соҳада наинки бугун ёки эртанги кун учун мўлжалланган, балки узоқ истиқболда мамлакатимизда барча тармоқдаги муаммоларни тез ва самарали ҳал қилишнинг янги ва замонавий механизмини ҳаётимизда татбиқ этмоқда. Бу бир-икки йиллик мақсад эмас, ижтимоий адолатни ҳаётда таъминлашнинг узоқ йиллик стратегиясидир.

 

ПУХТА, АНИҚ ВА АМАЛИЙ МЕХАНИЗМ

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрда қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Президент девони ишлар бошқармасининг ­Фуқаролар қабулхонаси негизида Президентнинг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, ҳар бир туман ва шаҳарда Президентнинг Халқ қабулхоналари, Президентнинг виртуал қабулхонаси ташкил этилди.

Мазкур тузилмалар бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда ишлайди.

Бунда Виртуал қабулхонанинг ишлаш шакли ва услуби ўзгармаган: мурожаатларни 0-800-210-00-00 ёки 10-00 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш, pm.gov.uz манзилидаги махсус мурожаат шаклини тўлдириш орқали юбориш мумкин. Мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида Халқ қабулхоналари ҳафтада беш кун 9.00 дан 18.00 гача танаффуссиз фаолият кўрсатади. Барча Халқ қабулхоналари ягона андоза ва тартиб бўйича ишлайди, ҳамма бўғиндаги қабулхоналар бир хил мавқега эга, яъни, улар Президентнинг ҳудудлардаги вакиллиги ҳисобланади.

Айни пайтда Халқ қабулхоналари жойлардаги энг замонавий биноларда иш бошлади. Бу ерда жисмоний ва юридик шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, кутиш ва фуқароларни қабул қилиш заллари, иш кабинетлари, Она ва бола, тиббиёт хоналари мавжуд. Қабулхоналар ҳуқуқий адабиётлар, зарур маълумотлар ва ахборот технологиялари билан таъминланган. Энг муҳими, улардаги муҳит, имкониятлар, шарт-шароит, мутасаддилар муомаласи одамлар руҳиятига, кайфиятига таъсир қилади. Аслида ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотдан мақсад — одамларни ҳаётдан рози қилиш эмасми?

Президентимиз Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари фаолияти билан бевосита танишар экан, ташкилий жиҳатларга юқори баҳо берди. Энди уни мазмунан бойитиш, ички маданиятни мустаҳкамлаш зарурлигини, ҳокимлар, прокурорлар, ички ишлар бош­қармалари бошлиқлари ва бошқа мутасадди раҳбарлар бу ерда халқ билан мулоқот қилиши, ҳар бир мурожаат ўз ечимини топиши, адолат таъминланаётганини одамлар сезиши, бир сўз билан айтганда, бу масканда адолат овози жаранглаб туриши кераклигини таъкидлади.

Нима учун давлатимиз раҳбари бу жиҳатларга қайта-қайта эътибор қаратмоқда? Чунки Халқ қабулхонасига кириб келаётган фуқаро учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги лозим, у фикрини, таклиф ва мулоҳазалари, муаммоларини очиқ-ойдин айта олиши керак. Сансоларлик, қўрқув, ҳадик бўлмаслиги керак. Рост-да, илгари одамлар бирор давлат идорасига шикоят кўтариб борса, аввало, мутасаддиларга «гапи ўтади»ган одам изларди. Бирор раҳбар ёки мутасадди унга «Шикоятингни ўрганишдан бошқа ишим йўқми?» каби иддаоларни айтса-ку, ўзини худди айбдордай ҳис қиларди. Беихтиёр елкаси қисилиб, боши хам бўларди.

Йўқ, бугун вазият мутлақо бошқача. Халқ қабулхоналари — халқимизнинг ўз уйи, нажот маскани. Бу ерда фуқаролар ва тадбиркорлар доимо очиқ чеҳра билан кутиб олинади. Одамлар, чин маънода, ортида суянч тоғи борлигини ҳис қилмоқда. Бу олдинги тасаввур ва тушунчалардаги каби таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик эмас, балки барча масалани қонун доирасида кўриб чиқиш, ҳал қилиш дегани. Мурожаатларнинг синчиклаб ўрганилиши ва амалий ҳал қилиниши тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва фаровонлик ҳаётимизда барқарор бўлишида ниҳоятда катта аҳамиятга эга.

Шу ўринда Халқ қабулхоналарида мурожаатлар билан ишлаш тартиби ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтсак, фойдадан холи бўлмайди.

Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона ходимлари мурожаатларни қабул қилади, рўйхатга олади, расмийлаштиради, таҳлил қилади, Мурожаатларнинг ягона классификаторига мувофиқ уларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларини белгилайди. Мурожаатларга оид маълумотлар «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси» ахборот тизимига киритилади.

Халқ қабулхоналарида мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда шахсан ёки почта орқали қабул қилинади. Аризачи шахсан мурожаат қилганда, навбат бўйича тартиб рақамини олади. Сўнг кутиш залида Халқ қабулхонаси ходими чақиришини кутади. Аризачи чақирилгач, Халқ қабулхонаси ходими унинг аризасини текширади. Текшириш якунлари бўйича аризага рўйхат рақами берилади. Аризачиларга мурожаатларни расмийлаштиришда кўмаклашилади.

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонда барча даражадаги Халқ қабулхоналари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг ходимлари ҳисобланиши белгилаб қўйилгани уларга объектив, холис ишлаш, мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, адолатли қарорлар қабул қилишда катта имконият ва ваколатлар беради.

Президент девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати мурожаатлар билан ишлаш устидан тизимли мониторинг ва назорат олиб боради. Бунда Халқ қабулхоналари фаолияти мунтазам ўрганиб борилади, уларнинг ишини янада такомиллаштириш, фуқаролар билан очиқ мулоқотларни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари, мансабдор шахслари, барча даражадаги ҳокимлар сайёр қабуллар, жумладан, Халқ қабулхоналарида ташкил этиладиган қабулларни мунтазам ўтказиб бориш билан бирга, Хизматга мурожаатлар билан ишлашга оид ўз ҳисоботини тақдим этади. Ўз навбатида Хизмат бу ҳисоботларни ўрганиб, мурожаатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ ишлар сифатини, мурожаатлар кўриб чиқилаётганда аниқланган тизимли муаммоларни мунтазам таҳлил қилиб боради. Шунингдек, қоидабузарликлар ва муаммоларни фош этади, мурожаатларга асос бўлган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлайди, уларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди, Президентга давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мурожаатлар билан ишлаши ҳолати тўғрисида мунтазам ахборотлар тайёрлаб, киритади, мурожаатларда кўтарилаётган масалаларни акс эттириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва экспертизадан ўтказишда иштирок этади.

Буларнинг ҳаммасидан кўзланган асосий мақсад — ҳар бир мурожаатнинг ўз вақтида қонуний, самарали кўриб чиқилишини таъминлаш, аҳолини ўйлантираётган тизимли муаммо ва масалаларга ечим топиш.

 

МУРОЖААТ ҚИЛИШНИНГ ҲАМ ЎЗ МАДАНИЯТИ БОР

Ҳаёт бор экан, инсон бор экан, муаммолар ҳам бўлиши табиий. Шу маънода мурожаатлар билан ишлаш ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди. Албатта, одамзотни буткул рози қилиш имконсиз. Бироқ халқимиз якдил-ҳамфикр бўлса, муаммоларга тик қараб, уларни бир четдан ҳал қилишга киришсак, ишонинг, адолат ҳаётимизда тўла қарор топади, шикоятлар аста-секин камаяди. Яъни, адолат бор жойда шикоят бўлмайди. Шу боис ҳаётимиз ўзгариши учун, аввало, ўзимиз ўзгаришимиз керак. Ислоҳотни ҳар биримиз аввало ўзимиздан бошлашимиз керак.

Аҳолининг ҳуқуқий онгини, хусусан, мурожаат маданиятини юксалтириш ҳам долзарб масала бўлиб турибди. Мурожаатлар ичида баъзан соғлом ақлга, оддий мантиққа тўғри келмайдиганлари ҳам учрайди. Ҳар қандай тараққиёт воситасидан, яратилган имкониятлардан эзгу ё ёвуз мақсадда фойдаланиш мумкин. Шу маънода, «Порталга ёзаман» ибораси фирибгарлик, кимнидир қўрқитиш, бирор мансабдорга таҳдид қилиш воситаси бўлиб қолмаслиги керак. Халқимиз бежиз «ўйнаб ёзсанг ҳам ўйлаб ёз», демайди. Бир ташкилотга хат битаётган одамда сўз масъулияти, фикр маданияти, маълумотлар учун жавобгарлик ҳисси бўлиши керак.

Мурожаат қилувчилар ўз шикоят-аризалари Президент даражасида кўрилаётганини чуқур англаб етишлари лозим. Чунки барча шикоятчи ҳам ҳақ бўлавермайди: кимдир шошиб ё адашиб, масаланинг туб мазмунига етиб-етмай, ҳатто нотўғри маълумотлар билан ҳам арз қилади. Ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш, ўрганиш, таҳлил этишга вақт керак. Агар мурожаатларда кўтарилаётган масалалар муайян ҳудуд, одамлар, умуман, жамиятимиз учун фойдали, адолатли ва ўринли бўлса, нур устига нур.

...Давлатимиз раҳбари ҳаётимизда адолат янада мустаҳкам қарор топиши, ҳар бир ишнинг халқимиз билан бамаслаҳат амалга оширилиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг амалда таъминланишига хизмат қиладиган янги, замонавий тизим ишлаб чиқиб, уни амалиётга татбиқ этиш билан мустақил Ватанимиз тарихида янги даврга, тараққиётнинг янги босқичига асос солмоқда. Президентимизнинг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир», деган ҳаётбахш сўзлари бугун Халқ қабулхоналарига кираверишда катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Халқ дарди-ташвишлари билан ёнаётган беором қалб тубидан отилиб чиққан бу ҳароратли сўзлар ўзининг, оиласининг, бутун эл-юртимиз, бугунги ва келажак авлодлар тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимиз учун ҳаётий аъмолга, эзгу вазифага айланиши шарт. Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янада юксак чўққиларини забт этиши учун бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан Президентимиз атрофида янада жипслашиб, уйғоқ виждон билан яшашни, катта ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб қилмоқда.

Бошқача яшашга ҳаққимиз йўқ. Бунга ҳаётнинг ўзи йўл қўймайди.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.