Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
25.02.2017

МАРК БОННЕЛЬ: «ЎЗБЕКИСТОН — ИККИНЧИ ВАТАНИМ»

«Авиценна-Франция» ассоциацияси президенти Марк Боннель билан Самарқандда «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда танишгандик. Тўғриси, ўшанда унинг юртимизга бўлган муҳаббатидан ҳайратлангандик. 2016 йилда мамлакатимизда ўтказилган Президент сайловида жаноб Боннель кузатувчи сифатида иштирок этди. У билан интернет орқали боғланиб, суҳбатлашдик.

 Ўзбекистон ҳақида биринчи марта қачон эшитгансиз?

— Бундан 50-60 йиллар илгари Ўзбекис­тон мустақил бўлмагани учун хорижда юртингиз ҳақида кўпчилик деярли ҳеч нарса билмасди. Аксарият одамлар Самар­қанд ва Бухоро шаҳарлари ҳақида маълумотга эга бўлса-да, уларга Ўзбекистон номи таниш эмасди.

Ўттиз ёшимда Ибн Сино ҳаёти билан қизиқиб қолдим ҳамда унинг айнан Ўзбекистонда туғилгани ва яшаганидан хабардор бўлдим. Юртингизда биринчи марта 1987 йилда бўлганман. Биз франциялик сайёҳлар гуруҳи билан боргандик.

Ўшанда юртингиздаги инсонпарварлик ва меҳмондўстликдан ҳайратланганмиз. Ўн йил ўтиб, яъни 1997 йилда саломатлик лойиҳаси бўйича яна Ўзбекистонга келдим. Бу пайтга келиб, мамлакатда кўп нарса ўзгарган, энг муҳими, юртингиз мустақил бўлганди.

Кейинчалик юртингизга шунчалик кўп келдимки, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Мен бугун баралла Ўзбекистон иккинчи Ватаним дейишга ҳақлиман. Бу юртнинг табиатини, одамларини яхши кўраман. Бу ердаги тинчликни, меҳмондўстликни юксак қадрлайман.

Ҳамма дўстларим ва яқинларим Ўзбекистонни яхши кўришимни билади. Мен уларга бирор нарса ҳақида гапирадиган бўлсам, яқинларим дарров: «сен ҳар доим Ўзбекистонни эслатасан», дейишади. Мен уларга: «бунинг сабаби — менинг Ўзбекистонга бўлган муҳаббатим», дейман.

Сўнгги беш йил давомида «Passion d’Ouzbekistan» («Ўзбекистон ҳайратлари») номли китоб ёздим. Насиб қилса, бу йил чоп этилади. Бу Ўзбекистонга бормоқчи бўлган сайёҳлар учун ўзига хос қўлланма бўлишидан умидворман.

— Абу Али ибн Синога ҳурматингиз чексиз эканини биламиз. Ушбу олим ижодий ва маънавий меросининг аҳамияти ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Ибн Сино мусулмон олимлари ичида энг буюкларидан бири бўлган. Унинг амалга оширган ишлари нафақат Шарқдаги шифокорлар, балки Ғарб­даги шифокорлар учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган.

Ибн Сино нафақат файласуф ва шифокор, балки яхши математик ҳам бўлган. Улуғ шифокор инсон қон босимини жуда оддий, шунчаки қўлни ушлаб кўриш орқали текшира олган. У одамнинг ҳаяжонланган пайтида юрак уришини энг биринчи бўлиб ўрганган.

Унинг амалга оширган ишлари ва кашфиётлари натижасида ўз вақтида Франция ва Бельгияда жуда кўп ёшлар айнан тиббиёт йўналишида ўқиб, шифокор бўлиб етишган.

— Сизнинг Франциядаги ассоциациянгиз «Авиценна» деб номланади. Унинг фаолияти ҳақида қисқача гапириб берсангиз.

— 2004 йилда ўзбекистонлик дўстларим билан ҳамкорликда мазкур ташкилотни очишга қарор қилдим. Энг асосий мақсад Ибн Синонинг меросини ўрганиш ва уни кенг оммага ёйиш эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни янада мустаҳкамлашни кўзлаганмиз. Биз бу ташкилотнинг очилиши ўзбекистонлик талабаларнинг Фран­ция­га бориб ўқиши учун жуда яхши имконият бўлади, деб ўйлаганмиз. 2004 йилдан бошлаб юзлаб ўзбекистонлик ёшлар Францияга келиб ўқиш ва ўз малакасини ошириш имконига эга бўлди. Бугун уларни кўриб қувонаман.

— Юртимизга жуда кўп келганингизни айтдингиз. Ўзгаришлар ҳақида нима дея оласиз?

— Ўзбекистонда сўнгги 25 йилда жуда катта ўзгаришлар рўй берди.

Айниқса, мамлакат ёшлари ва уларнинг келажаги учун улкан ишлар амалга оширилди. Юртингизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам спорт тўгараклари ишлаб тургани кишини қувонтиради. Энг асосийси шундаки, бу борадаги ҳаракатлар аллақачон ўз мевасини бера бошлаган.

Самарқанд мисолида гапирсам, бу шаҳардаги ўзгаришлардан ҳайратга тушдим. Илгари бу шаҳарда бироз тартибсизлик ва шовқин-сурон кузатиларди. Ҳозир ҳаммаси жойига тушаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Ҳар бир давлат ўз халқининг анъаналари ва урф-одатларини сақлаб қолиши муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекис­тонда бу жиҳат яққол кўзга ташланади. Термизда, Хоразм­да кўплаб тарихий жойлар сақланиб қолган. Маҳаллий аҳолининг уни сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Тарихий шаҳарларга бўладиган саёҳатлар ҳар бир сайёҳни ўзига мафтун этишига ишонаман.

 Суҳбатимиз сўнггида тилакларингизни билдирсангиз.

— Халқингиз буюк маданият эгаси. Ҳали ҳам дунёнинг кўп мамлакатларида Ўзбекистоннинг бой маданий меросини яхши билмайдилар. Ишонаманки, яқин келажакда юртингиз сайёҳлик ривожланган давлатлар қаторига киради. Иқтисодиёт ҳам янада юксалишига тилакдошман. Ўзбекистон халқига барча яхшиликлар ёр бўлишини тилайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ ва

Самарқанд медицина институти талабаси

Фирдавс ҲАМИДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.