25.02.2017

БУЮК ХИЗМАТЛАР ЭЪТИРОФИ

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича юртимизда катта ишлар қилинмоқда. ­Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев томонидан жорий йил 25 январь куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан Биринчи Президентимиз таҳсил олган Тошкент давлат техника университетига Ислом Каримов номи берилди.

Кеча мазкур университетда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда таълим, фан ва маданиятнинг модернизациясини таъминлашда Ислом Каримовнинг роли» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Унда академиклар, 30 дан ортиқ олий таълим ­муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, илмий ходим-изланувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Анжуманда Биринчи Президентимизнинг серқирра ­фаолияти, юртимизни мустақил ва демократик давлатга айлантиришдаги буюк хизматлари, таълим, фан ва маданиятни ривожлантиришга қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида маърузалар тингланди.

Конференцияда ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини юқори даражага кўтариш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди. Олий таълим муассасаларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижалари ҳаётга татбиқ қилинишига эришиш, кадрлар тайёрлаш тизимида илм-фаннинг узвийлигини қарор топтириш, замонавий илмий лаборатория­лар фаолиятини ташкил этиш ва улардан унумли фойдаланиш олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари олдида турган энг муҳим вазифалардан эканлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида Ислом Каримовнинг мазкур олий таълим муассасасидаги талабалик йиллари ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазма ташкил этилди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.