Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
23.02.2017

ЖИНОЯТНИНГ ОЛДИНИ ОЛГАН АФЗАЛ

Бир-бирини қўллаб-қувватлаш, эл-улуснинг ташвиш-муаммоларини ҳамжиҳат бўлиб ҳал этиш, тинчлик-осойишталикни қадрлаш азалдан халқимизга хос олижаноб фазилатлардир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳафтанинг пайшанба кунини жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилишни таклиф этиб, шу куни ҳудудлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар профилактикаси ҳақида кенг жамоатчиликка ахборот бериши юзасидан долзарб вазифалар қўйилди.

Бундай қарорга келинишининг асосли сабаблари бор, албатта. Президентимиз йиғилишда жиноят қидирув хизматидаги камчиликлар, айниқса, ўғрилик, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси очилмай қолаётгани, ёшлар ва аёллар жиноятчилиги камаймаётганлиги, 2016 йилда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари мингдан зиёд жиноятга қўл ургани, умумий жиноятларнинг олтитасидан биттасини хотин-қизлар содир этгани афсусланарли эканлигини таъкидлади. Шунингдек, тергов идоралари томонидан жиноят ишлари юзасидан қисқа муддатда қонуний қарорлар қабул қилиш имконияти мавжуд бўлса-да, қўшимча суриштирув ва тергов ҳаракатлари талаб этилмайдиган материаллар бўйича асоссиз равишда муддатини узайтириш, фуқароларни сарсон қилиш каби салбий ҳолатлар учраётгани тан­қид қилинганди.

Йиғилишда жиноятчиликнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга бўлган милиция таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, профилактика инспекторларининг турмуш шароитини яхшилаш, ички ишлар органлари тизимини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш масалалари кўриб чиқилиб, ички ишлар вазирлигининг ташкилий тузилмалари танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилинди. Мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, фуқаролар билан муносабатларни тубдан қайта кўриб чиқиш, одамлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш ва инсон манфаатларидан келиб чиқиб ишлаш лозим, деб таъкидлади йиғилишда давлатимиз раҳбари.

Президентимиз томонидан билдирилган танқидий фикрлар, таклифлар, аввало, вазирликда муҳокама қилиниб, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилди. Ижросини кечиктириб бўлмайдиган вазифалар аниқлаб олинди.

Жумладан, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни профилактика куни, деб эълон қилинганидан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирининг 2017 йил 13 февралдаги кўрсатмасига асосан «Профилактика куни» тадбирларини ташкил этиш, ўтказиш даврида амалга ошириладиган ишларнинг тартиби белгилаб берилди.

Мазкур кўрсатмага мувофиқ ҳар ҳафтанинг пайшанба куни «Профилактика куни» деб белгиланиб, икки кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларининг қарорлари асосида ҳудудларнинг демографик жойлашуви, тезкор-криминоген вазиятдан келиб чиққан ҳолда чора-тадбирлар тасдиқланиб, ижрога қаратилиши талаб қилинди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 16 февраль куни вазирлик раҳбарияти томонидан тасдиқланган жадвал асосида вазирликнинг барча соҳавий хизмат бошлиқлари ва масъул ходимлари Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Тошкент вилояти ИИБнинг шаҳар ва туман бошқармаларига бириктирилди. Улар ҳудудий прокурорлар, «Маҳалла» жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар кўмитасининг вакиллари билан ҳамкорликда ҳудудда содир этилган жиноят сабаби ва оқибатлари муҳокамасида иштирок этдилар.

Шунингдек, вазирликнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси раҳбар ва масъул ходимлари Сирдарё вилояти туманларида, Ахборот маркази масъул ходимлари Қибрай туманида, Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси, «Қўриқлаш» Республика бирлашмаси ходимлари вилоятнинг Ўрта Чирчиқ, Қибрай, Зангиота, Бўка ва Бекобод туманларида «Профилактика куни» тадбирларида иштирок этдилар. Бу жараён ҳар ҳафтанинг пайшанба куни узвий равишда давом эттирилади.

Жойларда содир этилган жиноятларни муҳокама қилишда асосий эътибор жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини кўрсатиб беришга, аҳолини ҳушёрликка, огоҳликка чақириш, жиноятчиликка қарши муросасизлик билан ёндашиш масаласига қаратилмоқда.

Жумладан, куни кеча Андижон шаҳрида ўтказилган тадбирда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг сабаблари муҳокама этилди, уларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Қатор таълим муассасалари ва маҳаллаларда эса йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш масалаларида тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилди.

Бундай мисолларни барча ҳудудлардан келтириш мумкин.

— Уч юз мингга яқин аҳолиси бўлган Марғилон шаҳрида ҳам бундай учрашувлар одамларда катта қизиқиш уйғотмоқда, — дейди «Нуроний» жамғармаси шаҳар бўлими раиси Т.Нишонов. — Бундан ташқари, шаҳар прокурори
А. Мавлонов ташаббуси билан ташкил этилган сайёр қабулхона ҳам кўплаб ҳамшаҳарларимизнинг муам­молари ҳал этилишига ёрдам бермоқда.

Хоразм вилотида ҳам 16 февраль, пайшанба кунидан бошлаб ҳудудлар прокурорлари ҳамда ички ишлар бош­қармалари бошлиқлари тасдиқланган жадвал асосида маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва шароитларини таҳлил қилиб, олиб борилаётган профилактика ишлари ҳақида аҳолига ахборот бериб борилмоқда.

Ҳозир ички ишлар вазирлиги тизимида амалга оширилаётган тадбирлар самарасидан кўриниб турибдики, видеоселектор йиғилишида билдирилган танқидий фикрлар, таклифлар ички ишлар органлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, оптималлаштириш, ходимларнинг малакаси ва масъулиятини оширишга хизмат қилмоқда.

 

Зикрилла НЕЪМАТОВ,

ИИВ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси ОАВ билан алоқа қилиш бўлими бошлиғи, полковник.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: