Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
23.02.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИГА ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасинитубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирларитўғрисида»ги фармонига ШАРҲ

Суд тизимининг босқичма-босқич демократлаштирилиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий тамойилга қатъий риоя этилиши мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар орасида марказий ўринни эгаллайди.

Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судья­лик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг қабул қилиниши қайд этилган вазифаларни амалга оширишдаги муҳим қадам бўлиб, мазкур соҳадаги давлат сиё­сатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.

Фармонга мувофиқ, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамияти органи сифатида суд ҳокимиятининг мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Судьялар олий кенгаши унинг таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан Сенат томонидан тасдиқланадиган Кенгаш раиси ва кўпчиликни ташкил этувчи судьялар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги малакали мутахассислар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган 20 нафар аъзодан иборат бўлади. Судьялар олий кенгашининг 13 нафар аъзоси доимий, 8 нафар аъзоси эса жамоатчилик асосида ўз фаолиятини амалга оширади.

Судьялар олий кенгашига судьялик лавозимларига малакали мутахассислар орасидан очиқ ва шаффоф танлов асосида судьялар корпусини шакллантириш, судья­лар дахлсизлиги бузилишини ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, номзодлар ва судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш вазифалари юклатилган.

Судьялар олий кенгашига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларидан ташқари барча судьяларни Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга та­йинлаш ва лавозимлардан озод этиш бўйича ваколатлар ўтказилмоқда.

Суд амалиётини тизимли таҳлил қилиб бориш, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мус­тақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази сифатида ўзгартирилмоқда.

Фармондаги яна бир аҳамиятли жиҳат — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилиши бўлди. Ушбу ислоҳот суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга олиб келади.

Суд ҳокимияти икки олий органининг параллел фаолият юритиши қонун ҳужжатлари талабларини бир хилда қўлланишини таъминлай олмади, бир-бирига ўхшаш масалалар юзасидан турлича қарорлар қабул қилинишига олиб келди.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизимининг шакллантирилиши алоҳида аҳамият касб этади.

Илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди.

Ҳозирги кунга қадар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш Фуқаролик ва Хўжалик процессуал кодексларига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилаётган эди.

Эндиликда ушбу тоифадаги ишлар янги ташкил этилаётган маъмурий судлар томонидан кўрилади. Шу билан бирга, маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартибини белгилаш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий тартиб-таомилларини жорий этишга қаратилган «Маъмурий суд иши юритуви тўғрисида»ги ва «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Замонавий талаблардан келиб чиқиб, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят­лар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди. Бунда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорлик субъектларининг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилмоқда.

Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларини ташкил этиш зарурати хўжалик судларининг фақат вилоят даражасида фао­лият кўрсатганлиги билан боғлиқдир. Айрим туманлар суд биносидан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли тадбиркорлар даъво аризасини берган пайтдан низо судда кўриб чиқилгунига қадар вилоят марказига бир неча маротаба қатнашга мажбур бўлаётган эди. Бу эса уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашларига сабаб бўлаётган эди.

Умуман олганда, ташкил этиладиган маъмурий ва иқтисодий судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш мақсадида Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди ва унга судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шароитларни яратиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини моддий ва ижтимоий таъминлашни ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Ҳарбий судларнинг штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимига ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ваҳоланки, ҳарбий судьяларнинг Мудофаа вазирлиги штатига киритилганлиги ушбу вазирлик ижро ҳокимияти органи ҳисобланиши туфайли суд ҳокимияти мустақиллигининг, унинг фаолиятини ташкил этишнинг асосий тамойил­ларига мувофиқ келмайди.

Фармонда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва суд кадрлари захирасини тайёрлаш учун судлар тузилмасига судья ёрдамчиси, судья катта ёрдамчиси лавозимларини киритиш назарда тутилди.

Судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, суд тизими самарадорлиги ва фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳукумат томонидан ушбу йўналишдаги амалий чора-тадбирлар Дастури тасдиқланиши зарурлиги белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, Фармонда назарда тутилган талабларни амалга ошириш бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясига, Хўжалик процессуал, Фуқаролик процессуал кодексларига, «Судлар тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб этади.

Умуман олганда, Фармонда одил судлов соҳасидаги замонавий талаблар ва халқ­аро стандартларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш ва мақбуллаштириш бўйича тарихий ўзгаришлар назарда тутилган.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: