Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.02.2017

НИЗОНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ МУҚОБИЛ УСУЛИ

Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, хусусий сектор тараққий этгани сари, соҳа вакиллари орасида иқтисодий ва ҳуқуқий масалалар, зиддиятлар, суд орқали ҳал этиш лозим бўлган ҳолатлар кўпая­ди. Уларнинг барчасини судлар томонидан кўриб чиқиш мушкул, албатта. Ана шуларни ҳисобга олиб, мамлакатимизда «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Ҳакамлик суди фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этувчи нодавлат орган сифатида эътироф этилди.

Жумладан, ҳакамлик судларига муқобил ва мустақил судлов шакли бўлиши учун давлат томонидан бир қатор имкониятлар берилди. Ҳакамлик суди давлат судла­ри билан бир қаторда фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи орган сифатида тан олинди.

Хўжалик судларига тааллуқли бўлган ишлар низолашувчи тарафларнинг келишувига кўра, ҳакамлик судида кўрилиши мумкин. Эътиборли жиҳати, ҳакамлик судида ишлар тезкорлик билан ҳал этилади ҳамда тарафлар ўртасидаги ҳамкорлик сақлаб қолинади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга хақли эмас.

Ҳакамлик судлари йиғими миқдори хўжалик суди ёки фуқаролик ишлари бўйича судда кўриб чиқилганда тўланиши лозим бўлган давлат божининг ярмидан ошмайди.

Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори ихтиёрий бажарилмаган тақдирда, уни тегишли тартибда мажбурий ижрога қаратиш қонун билан кафолатланган.

Миллий қонунчилигимиз ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари ижроси мажбурийлигини таъминлаш орқали, ҳуқуқий оқибати бўйича ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини давлат судла­рининг қарорларига тенглаштириб берди. Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимизда давлат томонидан ҳакамлик судлари фаолиятига кенг йўл очиб берилди.

Ҳакамлик судида фақат битта инс­танция мавжуд бўлиб, ишлар тезлик билан ҳал қилинади. Унда бошқа судлар каби апелляция, кас­сация, назорат инстанциялари мав­жуд эмас. Ҳакамлик судининг қарори якуний ҳисобланади. Асосий мақсад тарафлар келишувига эришиш, уларни муросага келтиришдир. Бу жараёнда томонлар ўртасида ҳамкорлик муносабатлари кўп ҳолларда сақлаб қолинади.

Ҳакамлик судлари ҳакамлик муҳокамасининг махфийлигини тўлиқ таъминлайдики, тарафларнинг обрў-эътиборига путур етмайди. Бунинг учун ҳакамлик суди муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Бу — тарафлар ўртасида низо мавжудлиги, шунингдек, низонинг бирор-бир ўзига хос томони ошкор қилинмаслигини таъминлайди.

Фуқаролик ҳуқуқий низоларни ҳал этишда ҳакамлик муҳокамаси муҳим аҳамиятга эга. Ҳакамлик судлари Ассоциацияси ҳамда унинг ваколатхона ва филиаллари ҳузурида айни вақтда 160 ҳакамлик судлари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциациясининг асосий вазифаси республикамиздаги ҳакамлик судларини ташкил этишга кўмаклашиш ва ривожлантириш, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, шунингдек, ҳакамлик судлари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиш орқали фуқароларнинг ҳакамлик муҳокамаси соҳасидаги ҳуқуқий онгини оширишдан иборат.

Ҳозирги кунда тизимдаги барча ҳакамлик судла­ри малакали судьялар билан таъминланмоқда. Судларда зарур моддий-техник база ҳамда шарт-шароитлар яратилганлиги ва тар­ғибот ишлари тўғри йўлга қўйилганлиги учун ўтган йил мобайнида даъво қиймати 58 миллиард 795 миллион сўмдан ортиқ 8925 даъво ариза ҳакамлик судлари иш юритувига қабул қилинган. Ушбу даъво аризаларининг 2725 таси ёки 30 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда келиб чиққан низолар, 6200 таси ёки 70 фоизи тадбиркорлик субьектлари ўртасидаги хўжалик низолари бўлиб, уларнинг барчаси ўртача 6 кундан 15 кунгача бўлган муддатда белгиланган тартибда ҳал этилган.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ҳакамлик судларининг фаолият кўрсатиши тадбиркорлик субъект­ларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаши баробарида, қулай инвестицион муҳитни шакллантириш учун шарт-шароит яратишга кўмаклашади. Чунки ҳакамлик судларининг мавжудлиги ривожланган давлатларда бўлгани каби, хорижлик инвес­торлар учун ҳам кафолат вазифасини ўтайди. Қолаверса, ҳакамлик судлари мамлакатимизда қулай бозор инфратузилмасини шакллантириш ва низоларни кўриб чиқишни халқаро талаблар даражасига кўтариш имконини беради.

 

Муртазо СУЛТОНОВ,

Ўзбекистон Ҳакамлик судлари

Ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: