21.02.2017

БОЛАНГИЗ КЕЛАЖАКДА ЯХШИ ИНСОН БЎЛИШИНИ, ЯХШИ ЯШАШИНИ ИСТАСАНГИЗ

аввало унга китоб совға қилинг

Президентимиз ҳар бир чиқишида фарзандларимиз саломатлиги, илм-ҳунар эгаллаши ва албатта китоб ўқиши кераклиги ҳақида куйиниб гапиради. Мен мамлакатимиз раҳбарининг китобхонлик анъаналарини тиклаш ва давом эттириш, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш тўғрисидаги мулоҳаза ва даъватларини чуқур ҳая­жон ва фахр-ифтихор билан тинглайман.

Психологларнинг таъкидлашича, китоб ўқиш аввало болаларда тинглаш қобилиятини оширар экан. Ота-онаси, ўқитувчиси, тенгдошларини осон тушунишига кўмаклашаркан. Бу айниқса, панд-насиҳатга йўғ­рилган асарларни ўқи­ганда янада яққолроқ намоён бўлади. Китоб ўқийдиган бола ўзини асар қаҳрамонлари ўрнига қўйиб кўради. Улардан ўрганади. Улар билан бирга яшайди. Ўзига нисбатан талабчанлиги ошади. Шунингдек, бадиий асарни кўп ўқиган бола вақти келиб, улғайганида ҳам бош­қаларнинг ҳис-туйғуларини анг­лашга, ҳурмат қилишга одатланади. У дунёқараши, фикрлаши билан бош­қалардан ажралиб туради. Ён атрофидагиларга, дўстларига, яқинларига хушмуомалалик ва эътибор билан қарайди.

Бундан ташқари, китоб ўқийдиган болалар мактабда ҳам барчага ўрнак бўлади. Улар нафақат гуманитар, балки, аниқ фанларни ҳам чуқур ўзлаштиришади. Доимий равишда китоб ўқиш хорижий тилларни ўрганишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Хориждаги университетлар олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, суратли китоблар болаларда ижодкорлик қобилиятини оширишга кўмаклашар экан. Шунинг учун ҳам боғча ёшидаги фарзанд ва набираларимизга кўпроқ суратли китоблар олиб беришга одатланишимиз зарур. Шунингдек, олимлар бола қанча кўп китоб ўқиса, касб танлашда ҳам адашмаслигини таъкидлашмоқда. Китоб ўқиш умр йўлларидаги тўсиқларни енгишга ёрдам беради. Буни мен ўқувчиларим орасида ҳам кўп кузатганман.

Болалик даврида кўп китоб ўқиганлар кейинчалик ҳаётда ўз ўрнини топишда қийналмайди. Энг асосийси, илм билан машғул бўлган боланинг бекорчи ишларга вақти бўлмайди. Қатор тадқиқотлардан маълум бўлишича, китоб ўқийдиган инсонлар альтсгеймер касаллигига камроқ чалинишар экан. Мия ҳам худди бошқа аъзолар сингари қўллаб-қувватлашга ва машқлар ёрдамида мустаҳкамланишга муҳтож бўлади. Китоб ўқиш эса бу борада энг самарали усулдир.

Педагоглик фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, фарзанд тарбиясига эътибор кучли бўлган оилаларда болалар ҳар томонлама етук бўлиб улғайишади. Оддий бир мисол: гул ёки бирор-бир ўсимликни яхши парвариш қилсангиз у кўзингизни қувонтириб гуллайди. Мева беради. Фарзанд тарбиясида ҳам шундай йўл тутиш керак, деб ўйлайман.

Ота-оналар фарзандлари билан биргаликда китоб ўқиши жараёнида улар ўртасида ўзига хос муносабат ўрнатилади.

Биз фарзандларимизга сов­ға олганда, уларнинг маънавияти ўсишига хизмат қиладиган буюмлар олишга эътибор берсак, уларни илмга, касбга йўналтирсак, бу билан ўзимизнинг келажагимизга бефарқ қарамаган бўламиз.

Статистик маълумотларга кўра, дунёда умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи камбағал яшар экан. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар жуда кам фоизни ташкил этади. Шунинг учун ота-оналар, айниқса, устоз-мураббийлар фарзандларимизни, ёшларни болалигидан китоб ўқиш маданиятига ўргатишимиз лозим.

 

Лола ТУРДИҚУЛОВА,

Тошкент солиқ коллежи ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.



DB query error.
Please try later.