21.02.2017

ЙИЛИМИЗ БАРАКАЛИ КЕЛМОҚДА

Бу йил қиш фасли серёғин бўлаётгани, аввало қишлоқ аҳлини қувонтирмоқда

Қор ва ёмғир ўз вақтида кўп ёғса, деҳқон ва фермерларимиз йил қут-баракали келаяпти, сув сероб, ҳосил мўл бўлади, деб қувонишади.

Шу ўринда савол туғилади: бу йил ёғингарчилик ўтган йилга нисбатан ростдан ҳам кўпроқ бўлаяптими?

Биз бу саволга жавоб олиш учун мутахассисларга мурожаат қилдик.

— Маълумки, Ўрта Осиёнинг қиш фасли ўзига хос хусусиятларга эга, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази Бош синоптиги Ирина Зайцева. — Бутун қиш давомида совуқ ва илиқ ҳаво тўлқинлари алмашганда ҳарорат кескин ўзгариб туради. Яна шуни айтиш мумкинки, чинакам совуқ ва қорли қиш фасли мамлакатимиз ҳудудларининг кўп қисмида одатда унча узоқ бўлмаган даврларда кузатилади.

Жорий йил қиш фаслининг икки ойи илиқ ва нам бўлди. Ўртача ҳаво ҳарорати одатдагидан 1-3 даража юқори бўлди. Энг илиқ кунлар декабрь ойининг биринчи ярмида кузатилди. Бунда ҳаво ҳарорати кечалари 8-13 даража илиқ, кундуз кунлари 12-17 даража илиқ бўлди, баъзи жойларда эса 20-22 даражагача кўтарилди. Бу меъёрий кўр­саткичлардан 3-4 даража юқори бўлганини кўрсатади. Энг паст ҳаво ҳарорати февраль ойининг биринчи ярмида кузатилди, бунда ҳаво ҳарорати кечалари 9-12 даража, кундуз кунлари 2-5 даража совуқгача пасайди.

Ёғингарчилик борасида тўхталадиган бўлсак, қиш фаслининг декабрь ва январь ойларида мамлакатимиз ҳудудларида ёғингарчилик кўпайди. Ушбу икки ой ичида ёғингарчиликнинг миқдори меъёридан кўп, баъзи жойларда эса меъёр атрофида бўлди. Бундан ташқари, мутахассисларнинг баҳолаши бўйича февраль ойида ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрдан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Бир сўз билан айтганда, февраль ойи ҳамда баҳор фаслида ёғингарчилик кўпроқ бўлса, ёзда сув тан­қислиги сезилмайди.

Энди ўтган йилдаги об-ҳаво ҳақида қисман тўхталадиган бўлсак, 2016 йил октябрь ойида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, шунингдек, ­Бухоро ва Навоий вилоятларининг суғориладиган ҳудудларида ёғингарчилик меъёрдан камроқ бўлди. Республикамизнинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик тақсимланиши нотекислиги кузатилди. Жиззах, Сирдарё, ­Андижон, Фар­ғона вилоятларида, Тошкент вилоятининг кўп қисмида, Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида, Қорақалпоғистон Республикасининг ҳамда ­Хоразм вилоятининг айрим туманларида ёғингарчилик меъёрдан кўпроқ ва меъёр атрофида бўлди. Ноябрь ойида ҳам шимолий туманларда намгарчилик етарли бўлди. Яъни кўпгина ҳудудларда ойлик ёғин миқдори меъёрдан 1,5-2,5 мартагача, Қўнғирот туманида 4 мартагача юқори бўлганини айтиш мумкин.

2016 йилнинг октябрь ойи­дан 2017 йилнинг 15 февралигача бўл­ган даврда республикамиз ҳудудларининг кўп қисмида ёғингарчилик миқдори шу давр учун ўртача кўп йиллик қийматлардан юқори бўлди. Бундан ташқари, февраль ­ойининг ярмига қадар тоғларда қор захиралари ҳам меъёрдан кўпроқ бўлгани ҳамда баландлик ҳудудлари бўйича қор қоплами нотекис тақсимланганини кузатамиз.

Бир сўз билан айтганда, ҳали қиш фаслининг тугашига бироз вақт бор. Шу кунлар мобайнида об-ҳаво ҳарорати пасайиб, кунлар совиб, ёғингарчиликлар бўлиши кутилмоқда.

— Осмондан қор ёки ёмғир ёғса, барака ёғади, даладаги экинлар яхши ҳосил беради, мўл-кўлчилик бўлади, дея қувонишарди, — дейди, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қамаши туманидаги «Бозор ўғли Абди» фермер хўжалиги бошлиғи Абдимурод Бозоров. — Ҳақи­қатан ҳам бу йил қор ва ёмғирлар кўп бўлмоқда. Йилнинг сер­ёғин келиши фермер ва деҳқонларни беҳад севинтирмоқда. Чунки далаларимиз сувдан тўйинса, ғалла, пахта ва мева-сабзавотлар ҳамда полиз экинларидан мўл ҳосил олинади.

Тоғларда ёз фаслида деҳ­қончиликка керак бўладиган даражада сув тўпланди. Чунки қор, ёмғирлар тез-тез ёғмаганида ҳозиргача ғаллани камида икки марта суғорган бўлар эдик. Бу табиатнинг бизга кўрсатаётган мар­ҳаматидир.

Жорий йилда 45 гектарга ғалла экканмиз. Ёғингарчиликлар яхши бўлаётгани боис, гектаридан 60 цент­нердан ҳосил олишни ният қилиб турибмиз. Бу ғалланинг ўзидан фермер хўжалигимизга 80 миллион сўм соф фойда қолади, дегани.

Қолаверса, еримизнинг 40 гектарига пахта экишни мўлжаллаб турибмиз. Ер сувга тўйинаётгани, ёзда сув тан­қислиги бўлмаслигини ҳисобга олиб, пахтадан ҳам улкан хирмон ҳосил олишни режалаштирмоқдамиз.

— Қишнинг серёғин келиши кузги ғалла ва бошоқли дон экинларидан баракали ҳосил олишга замин яратмоқда, — дейди Тошкент шоли, дон ва дуккакли экинлар илмий тажриба станцияси раҳбари Маъсуджон Саттаров. — Бу йил республика бўйича 1 миллион 200 минг гектардан ортиқ ерга кузги буғдой экилган. У ҳозир тиним даврига кирган. Кузги ғалла эса қиш серёғин келгани учун яхши ривожланмоқда. Тупроқ қатламида тўпланган намлик улар баракали ҳосил беришига замин яратади. Яна бу ўта эрта ва эрта пишар буғдой навлари учун ҳам ғоятда фойдалидир.

Баҳорги вегетация даврида кузги-қишки, баҳорги ёғингарчилик туфайли тупроқ 50-80 сантиметр қалинликда нам­ланади, бу бошоқли экинлар ривожига туртки бериб, мўл ҳосил олишни кафолатлайди.

— Ўтган йилларга қараганда, бу йилги қиш фасли анчагина серёғин бўлганлигини ҳисобга олиб, баҳор фаслида намликдан унумли фойдаланган ҳолда ғўза экиладиган ер майдонларини бароналаш ишларини тупроқ етилиши билан ўтказиш талаб этилади, — дейди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази бош мутахассиси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Бахтиёр Халманов. — Ҳозирги қор-ёмғирли кунларда, эртанги кун эҳтиёжи учун зарур бўлган техника ва механизмлар, ёқилғи ва мойлаш ашёлари, эҳтиёт қисмларни йиғиш, экиш мосламаларини шай ҳолга келтириш фермернинг энг долзарб масаласи бўлиши керак. Шуни айтиш мумкинки, экиш мавсумидан олдин далаларга техникани ортиқча киритиш ман этилади, чунки дала тупроғи зичлашиб ниҳолларнинг ўсиб ривожланиши учун ноқулай муҳит юзага келади.

Хусусан, пахтачиликда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини оширишда ғўза парваришига мўлжалланган далаларнинг бир текис намланиши, суғориш имкониятларидан тўла фойдаланиш учун авваламбор ер етилиши билан текисланиши асосий омиллардан бири ҳисобланади. Ернинг табиий унумдорлигини оширишда инсон ҳал қилувчи асосий куч сифатида намоён бўлади. Агар деҳ­қон ерни яхши текисласа, ниҳоллар даланинг табиий нам­лигидан тўла-тўкис фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Яхши ишлов берилган майдонларда тупроқнинг сув ва ҳаво хоссалари яхшиланади. Бундан ташқари, қишнинг совуқ келиши ва қорнинг кўп ёғиши далаларда ҳар хил касаллик қўзғатувчилар ва бегона ўтларнинг уруғлари камайишига олиб келади.

Қиш фасли яхши келиб, ёғингарчилик мўл бўлганда, боғдорчилик билан шуғулланаётган фуқароларимиз нималарга эътибор қаратиши керак, деган савол туғилади. Бу ҳақда академик Маҳмуд Мир­заев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти бўлими бошлиғи Миржамил Ёқубов қуйидагиларни гапириб берди:

— Сув ўсимликнинг таркибий қисми ҳисобланади ва унинг органларида уларнинг умумий оғирлигига нисбатан 72-86 фоизни ташкил этади. Ўсимлик ҳужайраларида етарли даражада сув бўлганда органик моддалар синтези, етишмаганда эса гидролиз кучаяди. Сув ўсимликка тупроқ орқали таъсир этади. Шунинг учун тупроқнинг сув режими, йиллик ёғингарчилик миқдори ва уларнинг тақсимланиши, ерости сувлари сат­ҳи ўсимликлар ҳаётида катта аҳамиятга эга.

Мевали ўсимликларнинг сувга бўлган талаби ўсимлик тури ва навига қарабгина эмас, балки уларнинг ёши, метеорологик шароит, тупроқнинг физик-кимёвий таркиби ва бир қатор бошқа омилларга қараб аниқланади. Ушбу ўсимликларнинг сувга бўлган талаби мевали дарахтларнинг айрим тури ва навлари, ҳаётининг турли даврларида, ҳар хил иқлим ва тупроқ шароитларида турлича бўлади.

Гуллаш ва гулларнинг очилиши фазаларида, мевалар, новдалар, гулкуртаклари дифференциаллашининг даст­лабки фазаларида сув кўп талаб қилинади. Намлик етишмаганда гуллар тўлиқ ривожланмайди, тугилган мевалар тўкилади, дарахт барглари сийраклашади, ўсимликларнинг умумий ўсиши сустлашади.

Қор тупроқнинг сув режимини яхшилайди, масалан, 10 см қалинликда тўпланган қор ҳар гектар ерда қўшимча 200-300 м3га намга айланади. Шунингдек, вегетация даврида қорнинг кўп ёққанлиги бир-икки марта суғориш даврини камайтиришга хизмат қилади.

Қиш фаслида — декабрь, январь, февраль ойларида республикамизнинг барча вилоятларида йиллик ўрта ёғингарчилик меъёридан ортиқ бўлганлиги кузатилди. Ёғингарчилик натижасида тупроқда захира сувлар тўпланганлиги маълум бўлди.

Бу ҳолат мева экинларининг физиологик жараёнлари жадал ўтишини ҳамда гуллаш жараёнлари бир маромда ўтиши ва гулларнинг тўлиқ ривожланиши, тугилган мевалар тўкилиш ҳолатларининг кескин камайиши, дарахт барглари барқ уриб ўсишини таъминлайди. Натижада дарахтлардан сер­ҳосил, сифатли ва бозорбоп мевалар етиштиришга замин яратилади.

Дарҳақиқат, қишда қорнинг кўп ёғиши қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ошишига, дастурхонлар турли ноз-неъмат билан тўкин бўлишига, йилимиз баракали, турмушимиз фаровон бўлишига замин яратади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: