21.02.2017

БИЛИМЛИ ВА МАЪРИФАТЛИ

ҳамда ватанпарвар ёшларни тарбиялаш бош вазифамиз

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади, оддий қилиб айтганда, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароит­лар яратиш ҳамда мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга қаратилган. Жамият аъзолари буни қанчалик чуқур англаса, мазкур ислоҳотларда шунчалик фаол иштирок этади. Ҳаракат стратегиясидаги ҳар бир масала инсон манфаати, мамлакат тараққиётига бевосита дахлдордир.

Масалан, ижтимоий соҳани ривожлантиришга бағишланган тўртинчи йўналишга эътибор қаратайлик. Унда аҳолининг бандлигини ошириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, электр энергия, газ таъминотини яхшилаш, аҳолининг ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш масалалари кўзда тутиляпти. Шунингдек, энг долзарб вазифалардан бири — мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш каби муҳим масалаларга эътибор қаратилмоқда. Бундан кўринадики, ёшларга оид давлат сиё­сати такомиллаштирилмоқда, баркамол авлодни тарбиялаш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда.

Зеро, ёшлар шундай муҳим ижтимоий қатламки, улар мамлакатнинг эртанги кунини белгиловчи асосий куч саналади. Бугунги глобаллашув ва ахборот асри саналмиш тезкор замоннинг ўзи ёшлар сиёсатини такомиллаштириш талабини қўймоқда. Ёш­ларнинг мамлакатимиздаги демократик жараёнларда иштироки қанчалик фаол тус олса, фуқаролик жамияти шунчалик ривожланади, давлатнинг интеллектуал салоҳияти ошиб боради.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар таҳлили, орттирилган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва осойишталикни, жамиятда қонун устуворлигини, миллатлар­аро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлашда ёшларга оид давлат сиёсати ўта муҳим аҳамиятга эга.

Бироқ бугун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ёшлар билан олиб бориладиган ҳуқуқий-сиёсий, маънавий-маърифий ишларимизни такомиллаштиришни талаб этмоқда. Ачинарли бўл­са-да, тан олишимиз керак, ҳали-ҳануз айрим ёшларимиз ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмоқда. Бу кўнгилсиз воқеалар, фожиалар биздан чуқур ўйланган, кенг қамровли чора-тадбирлар кўришни талаб этмоқда. Шу боис, ёшларни соғ­лом, маънавий етук, билимли, ижтимоий фаол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилган. Зотан, билим — яшаш қуроли, дунёни англаш, ўзини англаш қуроли. Билимсиз одам ҳар қандай сохта ваъдаларга ишониб, тузоққа илиниб қолади. Билим, маърифат одамни ўйлайдиган, мушоҳада юритиб, яхши нима, ёмон нима ажрата биладиган, ўз фикри, қарашларида, иймон-эътиқодда ҳам қатъий турадиган қилади. Билим иродани ўстиради, кишини жасур қилади. Нимага деганда, билим­сиз одам бирор-бир масала бўйича баҳс-мунозарага киришишдан қўрқади, ўзини четга олади ва бошқаларга тақлид қилиб кетаверади.

Биз ёшларимизни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган, ўктам, шарқона одоб-ахлоқли, аммо хаққини бировга бермайдиган, ҳам жисмонан, ҳам ақлан ва ҳам руҳан соғ­лом, бар­дам қилиб тарбиялашимиз лозимлиги яқинда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топган. Ҳуқуқий ва сиёсий маданияти юксак, ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган ва унинг ҳимояси учун курашишга қодир, ўз Ватани манфаати йўлида ёниб яшайдиган фаол шахсни камол топтириш Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадларидан эканини унутмаслигимиз керак.

Улуғ мақсадлар билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг муваффақияти ҳам кўп жиҳатдан эртанги кун тараққиётининг асосчилари саналмиш ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига боғлиқ.

 

Эшмуҳаммад ҚОДИРОВ,

Тошкент давлат юридик университети доценти.



DB query error.
Please try later.