Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.02.2017

ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ УЧУН

фаолиятимизни тубдан кучайтиришимиз зарур

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, минтақавий партия кенгашлари раислари иштирок этди.

Йиғилишда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда, айниқса, Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналиши — ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Хатамжон Кетмонов Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнларида аҳолининг кенг қатлами, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, давлат органлари раҳбарлари ва мутахассислар қаторида партиямиз аъзолари, электорат вакиллари ҳам фаол иштирок этгани, ечимини кутаётган масалалар бўйича берилган таклифлар давлат дастурида ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидлади.

 

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Рустам ­КОМИЛОВ сўзга чиқди.

— Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони билан мамлакат тараққиётининг келгуси 5 йилга мўлжалланган устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди ва Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили бўйича Давлат дастури тасдиқланди, — деди у. — Мазкур дастурда юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги энг муҳим вазифалар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг аниқ устувор йўналишлари ўрин олган.

Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда, албатта, парламент, сиёсий пар­­­­тия­лар, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари зиммасида ҳам масъулиятли вазифалар турибди. Бу масалада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз билан маҳаллий Кенгашлар депутатларининг узвий ҳам­корлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда парламент эшитувига олиб кирилаётган масалалар, электоратни қийнаётган муаммоларнинг аввало қуйи бўғинларда, яъни ­туман, шаҳар, вилоят ­Кенгашлардаги партия гуруҳларида, доимий комиссиялар мажлисларида, сессияларда муҳокама қилинишини кучайтириш, асосли, аниқ хулоса ва таклифларни парламентдаги партия фракциясига етказиш ишларини янада фаоллаштириш зарур.

Дастурда мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, мамлакатимизнинг олис ҳудудларини электр энергия, газ билан таъминлашни янада яхшилаш, таълим тизимини ис­лоҳ қилиш борасида белгиланган чора-тадбирлар партиямиз Сайловолди дас­тури билан ҳамоҳангдир.

Хусусан, Давлат дастурида мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича жорий йил давомида саноатда 5440 та лойиҳа асосида 131 мингта, қиш­лоқ хўжалигида 8430 ло­йиҳа асосида 55 минг 800 та, шунингдек, хизмат кўр­сатиш соҳасида 11 мингта лойиҳа асосида 69 минг 500 та янги иш ўрни ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Ушбу йўналишда аҳоли банд­лигини таъминлашга қаратилган 10 га яқин қонун ва қарорларни ишлаб чиқиш вазифалари белгиланган. Уларнинг ижроси бевосита Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатларига хизмат қи­лади.

Шундан келиб чиқиб, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, аҳамиятини очиб берувчи тарғибот тадбирларини юқори даражада ташкил этишимиз лозим. Тадбирларда одамлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг фикрлари ва муаммоларини эшитиш, саволларига тўғри, аниқ жавоблар беришга эътибор қаратишимиз зарур.

 

 

Рустам Комилов ўз сўзида депутатлар, партия гуруҳлари фаолиятини кучайтириш билан боғлиқ бошқа масалаларга ҳам атрофлича тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг фракция аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.

 

Раимберган САБУРОВ, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган, ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ислоҳотлар, амалий саъй-ҳаракатлар янги тараққиёт марраларини эгаллаш, замон шиддатига мос тарзда ривожланиш, халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Ҳаракатлар стратегияси тўғрисидаги фармон мамлакатимиз ҳаётида катта воқелик бўлди.

Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим устуворликлари ҳамда аниқ марралари белгилаб берилган мазкур ҳужжатда қайд этилган вазифалар шу заминда яшаётган, эртанги кунга қатъий ишонч билан қараётган ҳар бир инсон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириладиган Давлат дастурида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг туб моҳиятида халққа ҳар томонлама қулайлик яратишдек эзгу мақсад мужассам.

Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналиши давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришни назарда тутади. Шу мақсадда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда долзарб аҳамият касб этади.

Депутат, партия гуруҳи раҳбари сифатида шуни айтишим керакки, бу борадаги ислоҳотлар бизнинг ваколатларимизни том маънода кенгайтиради. Аниқроғи, сиёсий партиялар фаолиятига алоқадор қонунларга киритиладиган ўзгартишлар натижасида партия гуруҳлари маҳаллий Кенгаш сессияларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини кўриб чиқиш, маҳаллий ижроия ҳокимия­ти органлари мансабдор шахс­ларининг ҳисоботларини эшитиш ҳақидаги таклифларни киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, туман, шаҳар ҳокими номзодини вилоят ҳокими тегишли Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказгандан сўнг туман, шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этиш механизми йўлга қўйилади. Бу ўз навбатида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига ви­лоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг қониқарсиз фаолияти ҳақида хулосалар тақдим этиш ҳуқуқини беради. Буларнинг барчаси сиёсий партияларнинг аҳолини ўйлантираётган муаммоларни самарали ечиши, ҳудудларни ривожлантиришда фаол иштирок этишига мустаҳкам замин яратади. Мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши тизимини тубдан такомиллаштиришда янги босқични бошлаб беради, деб ўйлайман.

Гувоҳи бўлдикки, Давлат дас­турида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида аниқ масалалар белгилаб берилган. Бу эса барчамизни бирдек масъулият билан ҳаракат қилишга ундайди. Шунинг учун партия ташкилотларимиз ва депутатлик бирлашмалари белгиланган вазифалар ижросида фаол иштирок этиши зарур. Ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг манзиллилигини таъминлаш ва аниқ натижаларга эришиш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, муаммоли масалаларни депутатлик гуруҳларининг йиғилишларида муҳокама қилиш, зарур ҳолларда тегишли Кенгашларнинг доимий комиссиялари ва сессияларига киритиш лозим.

Шунингдек, жойларда Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ишларини фаоллаштиришимиз талаб этилади. Бунинг учун, аввало, Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши бўйича аниқ тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, унинг ижросини таъминлаш чораларини кўришимиз зарур. Асосийси, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мўлжалланган меъёрий ҳужжатлар бўйича аниқ таклифлар шакллантириб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги пар­тиямиз фракциясига тақдим этишимиз, ташаббускор бўлишимиз лозим. Чунки айрим ҳолларда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ёки муҳокама қилиш жараёнида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзоларида қатъиятлик, жонкуярлик етишмаяпти. Шунинг учун ҳам партия гуруҳлари ва фракция аъзоларининг узвий ҳамкорлигини кучайтиришимиз керак.

Умуман олганда, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга оширсак, мамлакатимиз ва жамиятимиз ҳаёти янада яхшиланади, ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари кенгаяди.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА, Сурхондарё вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари, Шеробод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш устувор вазифалар саналади. Партиямиз дастурида ҳам мазкур тизимдаги ишларни самарали ташкил этиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан таклифлар билдириш ғоялари илгари сурилган. Шу мақсадда «Фаол аёллар» қаноти томонидан «Аёллар соғлиғи — жамият бойлиги», «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари» лойиҳалари ўтказиб келинмоқда. Бу йўналишдаги фаолиятимизни самарали амалга ошириш учун турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз лозим.

Ана шунда Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини ошириш бўйича белгиланган вазифаларни муваффақиятли бажара оламиз. Чунки аёл иш билан банд бўлса, жамиятга, оиласига кераклигини ҳис қилиб яшайди.

Хотин-қизларни бир жойга йиғиб, уларга маъруза ўқиш, саволларига умумий жавоб бериш усулидан воз кечишимиз лозим. Уйма-уй юриб, ҳар бир аёл билан суҳбатлашиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишга киришишимиз керак. Шунингдек, касаначилик меҳнатини йўлга қўйишга имкони мавжуд бўлган корхоналарни ўрганиб, хотин-қизлар билан меҳнат шартномаси тузишда амалий кўмак бериш зарур, деб ўйлайман.

Партиямиз Марказий Кенгаши томонидан «Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш — бурчимиз!» деб номланган лойиҳа ишлаб чиқилди. Тадбирларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратсак, уларнинг фикр ва таклифлари асосида фаолиятимизга янгича ёндашув киритсак, ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Хурзода СОДИҚОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши «Ёш сиёсатчилар» клуби фаоли:

— Ҳаракатлар стратегия­сида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бу партия ташкилотларимиз, депутатлар зиммасига жиддий масъулият юклайди, деб ўйлайман.

Ёшларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишга ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий жиҳатдан тўғри маслаҳат бериш тизимини йўлга қўйишимиз, ёшлар билан мулоқот қилишда замонавий технологиялардан ­самарали фойдаланишимиз лозим. Жамоатчилик қабулхоналари ҳузурида «Ёшлар ҳуқуқий маслаҳатхона»ларини шакллантириб, уларга ҳафтада бир марта ­мутахассисларни жалб этсак, мақсадга му­вофиқ бўларди. «Муаммоларни ҳал ­этишда менинг иштироким» лойиҳаси доирасида амалий тадбирларни кўпайтириш чораларини кўришимиз керак.

Шунингдек, битирувчиларнинг ишга жойлашиши юзасидан олиб борилган мониторинг натижалари ҳақида аниқ маълумотлар тайёрлаш, бунга маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзоларини кенг жалб этиш зарур. Ўз ишини бошлашни истаганлар учун имтиёзли кредитлар берилишида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш бўйича ёшлар орасида ижтимоий сўровномалар ўтказиш, пар­тия гуруҳларига таклифлар бериш механизмини шакл­лантириш катта самара беради, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, ёшларни бузғунчи ғоялардан асраш мақсадида интерактив усулдаги тадбирлар кўламини кенгайтириш, айниқса, мавзулар хилма-хиллигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Буларнинг барчаси ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий маданиятни юк­салтириш жараёнларида муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

 

Йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова, Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев, Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси ўринбосари ­Нилуфар Йўлдошева ва бош­қалар сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала юзасидан таклифлар билдиришди.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: