18.02.2017

САНЪАТ ЧЕГАРА БИЛМАЙДИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ­академик ўзбек драма театри водий бўйлаб гастролларини давом эттирмоқда.

Куни кеча Фарғона шаҳридаги муҳташам театр-концерт саройида Қирғизистон халқ шоири, драматург Жалил Садиковнинг «Айкел Манас» спектакли намойиш этилди.

Айни вақтда Фарғона водийсида 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб аҳоли тинч ва хотиржам яшамоқда. Уларнинг миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан Самар­қандда бўлиб ўтган учрашувда маданият, санъат, жамоат ташкилотларининг тўғридан-тўғри алоқаларини йўлга қўйиш ва янада ривожлантириш, мустаҳкамлаш зарурлиги масаласига алоҳида тўхталган эди.

Икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик пойдевори бундан 22 йил аввал Биринчи ­Президентимиз ­Ислом ­Каримов томонидан қўйилган эди. Буни Бишкекда ўтказилган «Манас» эпосининг 1000 йиллик тантаналарида айтилган қуйи­даги фикрлар ҳам тасдиқлайди:

 Биз, ўзбеклар, бугун «Манас» эпосининг тўйида қатнашар эканмиз, бир нарсадан чинакам ифтихор қилишга ҳаққимиз бор. Қани айтинглар! Қирғиз халқ­ининг улуғ ўғлони Манаснинг суюкли умр йўлдоши, елкадоши, тоғу таянчи ким бўлган? Унинг маслакдоши, достонда айтилганидек, энг қийин кунларида, умрининг охиригача садоқатли сафдоши ким бўлган? Биз, ўзбеклар, катта ғурур билан, фахр билан айтамиз-ки, бу аёл Бухоро хонининг суюкли қизи Хоникей бўлган. Шундан ке­йин, азизларим, ўзбек ва қир­ғизнинг қардошлигига яна қандай далил керак? Яна қандай исбот керак?

— Асрлар оша қардошлик туйғуларини кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келаётган қирғизистонлик дўстларимиз ташрифидан жуда қувондик, — дейди Юсуфжон қизиқ Шакар­жонов номли Фарғона давлат драма театри актёри ­Муҳаммадсоли Аҳмедов. — Санъат ҳеч қачон чегара билмайди. Агар мабодо қандайдир сунъий тўсиқ қўйилса, ривожланмайди. Бу менинг фикрим эмас. Қадим-қадимдан амал қилиб келинаётган қонуниятдир.

— Ўш давлат академик драма театри нафақат Қирғизистонда, балки Марказий Осиёда ҳам ноёб санъат даргоҳларидан бири ҳисобланади, — дейди ­театр директори Набижон Мамажонов. — Унинг ўзига хослиги шундаки, юз йилга яқин давр мобайнида ўз анъаналарига содиқ қолиб қирғиз санъатини Ўзбекис­тонда, ўзбек санъатини Қирғизистонда тарғиб қи­либ, халқларимиз ўртасида дўстлик кўприги вазифасини адо этмоқда.

Мазкур театр Бишкек, Тошкент, Душанбе, Олмаота, Андижон шаҳарларида ўтган халқаро театр фестивалларида «Соҳибқирон», «Чингизхон олиб кетган сир», «Чўлпон», «Зўрдан зўр чиқса», «Маликанинг кўз ёши» каби спектакллари билан қатнашиб, сов­ринли ўринларни эгаллаган. Шунингдек, театр жамоаси Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия ва Туркия давлатларида гастролларда бўлган.

«Айкел Манас» спектакли актёрларнинг моҳирона ижроси, мусиқанинг воқеликка уйғунлиги билан томошабинлар меҳри ва ол­қишини қозонди.

Қирғиз халқининг миллий қаҳрамони донишманд Манас элларни элларга, дилларни дилларга яқинлаштиришга интилади, уларга ватанпарварлик ва мардликдан сабоқ беради. Манас образини яратган актёр Акмалхон Арс­лонхонов унинг ички дунёси, фалсафий қарашлари, ботирлиги каби фазилатларини маромига етказиб ижро эта олган.

«Айкел Манас» спектакли томошасида Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари Бош вазирлари ўринбосарлари Адҳам Икромов ҳамда Жениш Разаков, ­Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.