Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
18.02.2017

МАМЛАКАТИМИЗДА ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНМОҚДА

Президентимиз Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан сенаторлар ва депутатлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиши, таҳлил қилиши, шу асосда маҳаллий ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолияти юзасидан тегишли хулосалар чиқариши кераклиги ҳақида таклифлар берган эди.

Шунга мувофиқ, Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларни ўйлантираётган масалаларни, ижро ҳокимияти фаолиятини танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан ўрганди. Бундай мулоқотлар аҳолининг хоҳиш-истакларини билишда, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишда, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган қатъий қоидани амалга оширишда долзарб аҳа­мият касб этмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан жамият ҳаётининг барча соҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар юртимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича янги давр бошланганини акс эттирмоқда. Халқимиз бу борадаги эзгу ишларни чин кўнгилдан қўллаб-қувватлаётгани, келажакка катта умид ва ишонч билан қараётгани парламент аъзолари билан ўтказилган мулоқотларда яна бир бор ҳаётий исботини топди. Ҳудудларда бўлиб, ҳақиқий аҳвол, реал ҳаётни ўрганиб қайтган депутатлар халқ билан юзма-юз учрашиб, қандай хулосага келди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари шу ва бошқа саволларимизга жавоб берди.

 

Ёқуб УМАРОВ, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ўтказилган учрашувлар, мулоқотлар чоғида аҳоли вакиллари мамлакат ривожи, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини таъкидлашди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва туман Кенгаши депутатлари, сенаторлар хонадонларга ­кириб, фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиши аҳоли томонидан мамнуният билан қабул қилинди. Бу амалиёт барча депутатлар профессионал билим ва тажрибаларининг кескин ошишига ва уларнинг сайловчилар олдидаги масъулияти кучайишига хизмат қилади.

Очиқ мулоқотлар самараси юқори бўлди, десам кўпчилик фикрини ифодалаган бўламан. Кўпгина масалалар жо­йида ҳал этилди. Одамлар фикр-мулоҳаза, таклиф билдиришига кенг имконият яратилди.

Асосий хулосам шу­ки, хонадонларни, хўжаликларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Бунинг учун муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш имкониятлари яратилиши зарур. Арзон, қулай ва оддий бўлган қуёш батареяли панеллар ишлаб чиқаришни кенгайтириб, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тар­ғиб қилишимиз керак. Электр энергияси бўлса, мактаб ўқувчилари уйида дарс қила олади, ­фу­­­­қ­аролар телевидение ор­қали янгиликлардан воқиф бўлади, тадбиркорлик ривожланади. Ўз нав­батида тадбиркорлар ҳам маҳалла ва қишлоқлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшадилар. Йўл­лар таъмирланади, мактаб ва боғчаларнинг иситиш тизимлари яхши ишлайди, китобхонлик кенгаяди, турли маиший хизматлар сифати ошади.

 

Фарҳод УМАРОВ, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бу галги учрашувлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилди. Илгариги учрашувлар маълум ижтимоий соҳа ташкилоти мажлислар залида ёки ҳокимият биносида асосан маҳалла фаоллари ва бюджет ташкилотлари ходимлари иштирокида ўтган бўлса, бу галгисида бевосита хонадонма-хонадон юриб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашилди. Президентимиз таъбири билан айтганда, халқнинг ичига кириб борилди.

Агар одамлар учрашувлар давомида фақат камчиликлар ҳақида гапирди, муаммоларни кўтарди, десак хато қиламиз. Улар бугунги кунда ўтказилаётган ислоҳотлар тўғрисида илиқ фикрлар билдириб, тинч-тотув ҳаётимизга шукрона келтириш. Тўғри, жойларда муаммолар бор, шу билан бирга, фуқароларимизда эртанги кунга ишонч ҳам, яхши ҳаёт кечиришга интилиш ҳам юқори.

 

Комила КАРОМОВА, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Энг аввал шуни айтишим керакки, ушбу учрашувлар биз депутатлар учун катта тажриба мактабини ўтади. Хал­қимизни қийнаётган масалалар, муаммолар ҳа­қида фуқароларимизнинг ўзидан эшитдик. Одамларнинг мамлакатимиздаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ўзгаришларга, ислоҳотларга бефарқ эмаслигини, яхши яшашга иштиёқи баланд эканини ўз кўзимиз билан кўрдик.

Аҳоли ва электорат вакиллари билан ўтказилган мулоқотларда ижтимоий инфратузилма ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қабул қилинган қонунлар, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини яқиндан ўрганиш, аҳолининг талаб, таклифларини эшитиш, маҳаллий ижро ҳоки­мия­ти фаолиятини танқидий таҳлил этиш келгуси вазифаларни белгилаб олишда долзарб аҳа­мият касб этади.

 

Мулоқотлар давомида ўзингиз гувоҳи бўлган муаммолар ҳақида аниқ мисоллар келтирсангиз...

 

Ёқуб УМАРОВ:

– Аввало, айтиш керакки, мустақиллик йилларида барча ҳудудларда катта ислоҳотлар амалга оширилган. Буни одамларнинг ўзлари таъкидлашяпти. Биз эътиборни ютуқларга эмас, кўпроқ камчиликларга қаратдик.

Иштихон тумани аҳолиси билан ўтказилган мулоқотлар давомида ҳудудларда қатор муаммолар борлиги аниқланди. Мисол учун, Миришкор маҳалласидаги 4 та қишлоқнинг ҳеч бирида мактабгача таълим муассасаси йўқ экан. Аҳоли шу масалада амалий ёрдам сўради.

Митан шаҳарчасидан Пайариқ туманининг Челак шаҳригача бўлган 30 км масофада мактаб битирувчилари таълимни давом эттириши учун бирорта касб-ҳунар коллежи ёки академик лицей мавжуд эмас. Митан шаҳарчасидаги, Пай­ариқ ва Челак шаҳарларидаги коллежлар ўқувчилар билан тўлиб қолиши оқибатида ушбу қишлоқларнинг аксарият мактаб битирувчилари қарийб 40 км узоқликдаги Ўртақишлоқ, Барлос ва бошқа коллежларга бириктириб қўйилган.Масофа узоқлиги ва тўғридан-тўғри йўловчи транспорти мавжуд эмаслиги оқибатида ўқувчилар ўзлари бириктирилган таълим муассасаларига қатнай олмаяпти.

Тиббиёт соҳасида ҳам камчиликлар оз эмас. Қиёт қишлоғида жойлашган «Зарафшон» қишлоқ врачлик пунктида 8:00 дан 17:00 гача электр энергияси бўлмаслиги сабабли тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналарни ишлатиш имконияти йўқ. Шу сабабли қишлоқ врачлик пункт­ларида тиббий хизмат кўрсатиш сифати пастлигича қолмоқда. Бундан ташқари, кадрлар етишмайди, тез тиббий ёрдам ва патронаж хизмати яхши йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, ички йўлларни таъмирлаш, кўприк қуриш бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар бўлди. Ахмоновул, Бойлар, Чиноқ, Тоғайкўл ва Қиёт қишлоқлари, Гулобод маҳалласидаги ички йўллар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Муаммолар билан юзма-юз келганимизда уларнинг кўпи ҳудудлар даражасида ҳал этса бўладиган масалалар эканини кўрдик. Тегишли ташкилотлар уларга эътибор қаратиб, масъулиятни чуқур англаб, одамлар билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб ишлаши керак. Бу – ҳаёт тақозоси.

 

Фарҳод УМАРОВ:

– Бухоро вилоятининг Шофиркон туманининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганиш жараёнида аҳоли томонидан турли муаммолар кўтарилди. Аксарият мурожаатлар электр энергияси таъминотидаги узилишлар, табиий газ ҳисоб-китобларини амалга оширишда қарздорликнинг асоссиз кўпайтириб кўрсатилиши, ички йўллар, кў­мир ёнилғисининг сифати пастлиги, уни сотиб олишдаги қийинчиликлар, суюлтирилган газ тўлдирилган баллонларни етказиб беришдаги кечикишлар масалаларида бўлди.

Савдо дўконларида маҳсулотларнинг пластик карталар ва нақд пулда сотилишида нарх тафовутлари, жойларда кутубхоналар, ­истироҳат боғлари, музей, умуман аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун шароитлар йўқлиги аниқланди.

Соҳам йўналишидан ­ке­­­­­либ чиқиб, тадбиркорлик субъектларида бўлдим. Уларнинг муаммоларини тинглашга ва имкон қадар ҳал этишга ҳаракат қилдик. Учрашувларда туманда тадбиркорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммолар борлиги кўзга ташланди. Мисол учун, ҳар куни бир неча соат давомида ҳудудда электр энергиясида узилишлар мавжудлиги саноат корхоналари очилишига тўс­қинлик қилмоқда. Натижада айрим ишлаб чиқариш субъектлари ўз фаолиятини Бухоро шаҳрига ёки электр таъминоти нисбатан яхшироқ бўлган туманларга кўчиришга мажбур бўлмоқда.

Тадбиркорликни ташкил қилиш учун муҳим омиллардан бири ҳокимият томонидан ер ажратиш масаласидир. Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори талабларига асосан ер ажратиш механизми жуда мураккаблиги сабабли бу борада мурожаат қилган тадбиркорлар узоқ вақт кутишларига тўғри келмоқда. Айнан шунга ўхшаган муаммоларни ечиш юзасидан қонуности ҳужжатларига ўзгартиш киритиш бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз.

 

Комила КАРОМОВА:

– Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 370 минг аҳоли истиқомат қилади. Депутатлар ва сенаторлар учрашув давомида 600 дан ортиқ хонадонларда бўлдик. Аҳоли бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан рози. Аммо ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам оз эмас.

Масалан, ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати билан яқиндан танишганимизда, туманда мактаб ёшигача бўлган болаларнинг атиги 3,8 фоизи мактабгача таълим муассасаларига жалб қилингани маълум бўлди. Мавжуд болалар боғчалари бинолари ­таъмирталаб. Уларда қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар ва ўйинчоқлар етишмайди.

Масалан, 9-боғча 75 ўринга мўлжалланган. Биз борган куни боғчада 45 нафар бола бор экан. Боғча мудираси Бўритош Ашурованинг таъкидлашича, совуқ кунлари болалар давомати яхши бўлмайди. 1988 йилдан буён таъмирланмаган боғча кўмир билан иситилади. Лекин кўмирнинг сифати яхши эмас. Болаларга сут маҳсулотлари берилмайди. Ҳолбуки туман бугунги кунда вилоятни сифатли сут-қатиқ маҳсулотлари билан таъминламоқда. Таомномага қараймиз. Нонушта: ширинчой, печенье. Тушлик: уграли шўрва, олма. Кечки овқат: нон-чой, бўғирсоқ.

«Уйшун», «Хумо», «Уймовут» қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги мактаб-коллежларда эса ошхона, буфетлар ташкил этилмаган. Холбуки, мактабларнинг аксариятида 700 нафардан ортиқ бола 2 сменада ўқийди. Яна бир муаммо – таълим-тарбия масканларидаги кутубхоналарда китоб­ларнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Мазкур таълим масканлари яқин йилларда бадиий адабиёт билан таъминланмаган.

Туман кенгашининг сессиясида ана шу масалаларга жавоб изланди. Раҳбарларнинг масъулиятини ошириш ҳақида фикр билдирилди.

 

Мулоқотларнинг депутатлар, фуқаролар, маҳаллий ҳокимият идоралари учун фойдали жиҳатлари нимада, деб ўйлайсиз? Қандай таклифларингиз бор?

 

Ёқуб УМАРОВ:

— Очиқ мулоқот, шубҳасиз, барчамиз учун фойдали бўлди. Аввало, депутатлар муаммоларни жойига чиқиб, ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўлди. Маҳаллий ҳокимиятга ҳудуддаги «кўз ўрганган» муаммоларга бошқача назар билан қараши ва уларни депутатлар билан биргаликда ҳал этиши бўйича таклифлар берилди. Президентимиз топшириқлари бевосита бажарилаётгани, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили тўғрисидаги Давлат дастури талаблари ижроси таъминланаётганини кўриб, одамларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашиш истаги ортди.

Қолаверса, давлат идоралари ва халқ ўртасидаги мулоқот кўлами кенгайди. Депутатлар, умуман, парламент ўз фаолиятини тўғри режалаштиришида бу амалиёт жуда қўл келади.

 

Фарҳод УМАРОВ:

– Бугунги кунда одамларни ўйлантириб келаётган муаммолар асосан электр энергияси, табиий газ, кўмир етказиб бериш, ички йўллар, пластик карталарни ишлатишдаги масалалар билан боғлиқдир. Фикримча, маҳаллий ҳокимият айнан шу масалаларга биринчи навбатда эътибор қаратиши, куч ва имкониятларни аввало аҳолини энг кўп қийнаётган муаммоларни ҳал этишга йўналтириш лозим. Мисол учун, Шофиркон тумани аҳолиси кўмирни қўшни Вобкент туманидаги базадан харид қилиб олиши лозим. Лекин оддий аҳолига ушбу тартиб оғирлик қилади. Шунинг учун маҳаллий ҳокимият томонидан Шофиркон туманида кўмир базаси ташкил этилса, аҳолига анча қулайлик яратилади ва катта бир муаммо ечилади.

Ёки яна бир масала тумандаги газ идорасида ҳисоб-китобларнинг чалкашлигидадир. Идорада аниқ ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли, ҳатто икки-уч йил олдин газ қувурлари кесиб олиб кетилган ҳудудлар аҳолисига бугунги кун санаси билан қарздорлиги тўғрисида талабномалар келяпти. Бу ҳолатда тумандаги иқтисодий соҳа мутахассислари иштирокида комиссия тузиб, қарздорликни хатловдан ўтказиш ва унинг натижаларига асосан қилинадиган ишларни аниқ белгилаб олиш лозим, деб ҳисоблайман.

 

Комила КАРОМОВА:

— Учрашувлар одамлар билан яқиндан, очиғини айтганда, юракдан суҳбатлашиш имконини берди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда иш олиб бордик. Уларга маслаҳат бердик ва айни пайтда ўргандик ҳам. Масалан, туман Кенгаши депутати ­Сайдулла Бозоровнинг ташкилотчи, ташаббускорлигига ҳавас қилдик. «Уйшун» қишлоқ фуқаролар йиғинида 20 минг аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги каттагина бозор Сайдулла Бозоровнинг ташаббуси билан бунёд этилибди. Қулайликдан маҳалладошлари хурсанд. Энг муҳими, 50 кишининг бандлиги таъминланибди. Аҳоли ўз депутатининг ташкилотчилигидан мамнун эканлигини қайта-қайта таъкидлади. «Уйшун» қишлоқ фуқаролар йиғинининг янги биноси ҳам ҳашар йўли билан қайта қурилмоқда. Бу хайрли ишга ҳам туман Кенгаши депутати бош-қош бўляпти. Ҳаммамиз фидойи инсонлардан ўрнак олишимиз, биринчи галда халқ билан бамаслаҳат иш юритишимиз керак экан. Маҳаллий ҳокимлар ўзларининг асосий вазифаси ҳудудда яшайдиган одамларни рози қилиш эканини чуқур тушуниб олишлари лозим, деб ўйлайман.

Учрашувдан катта таассуротлар билан қайтдим. Ҳақиқий аҳвол билан бевосита танишдик. Ҳали кўп ишлар қилишимиз кераклигини англадим. Ҳар қайси бўғиндаги депутат, раҳбарнинг юраги ёниши керак. Амалга оширадиган барча ишларимиз аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш, жамиятни ривожлантиришга хизмат қилишдан иборат бўлмоғи зарур.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: