16.02.2017

ШЕРОБОДДАГИ МУҚАДДАС ҚАДАМЖО

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоя­тига ташрифи давомида Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам яқиндан танишди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Исо Термизийнинг бой меросини чуқурроқ ўрганиш ва ёшларимиз қалбига сингдириш, ушбу муқаддас қадамжони обод қилиш, бу ерда зиёратчилар учун зарур шароит яратиш юзасидан бир қатор топшириқлар берган эди.

Куни кеча эса Президентимизнинг «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Шерободдаги улуғ муҳаддис мангу қўним топган манзил шу кунларда янада гавжум. Бу ерда Президентимиз ташаббуси билан кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Барпо этилаётган мажмуада муҳташам масжид ва бошқа хизмат бинолари қад ростламоқда. Инфратузилма объектлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари барпо этилмоқда.

Мақбара тўлиқ таъмирланиб, атрофи девор билан ўралади. Бугунгача 4,5 километр ички йўлларга асфальт ётқизилди.

Бунёдкорлик ишларида 400 нафардан ортиқ ишчи қатнашмоқда. Улар орасида Тошкентдаги «Ижод-Ижод» корхонаси ҳамда «Ижод чашмаси» лойиҳа институти ходимлари ҳам бор.

Давлатимиз раҳбари мажмуада амалга оширилаётган бунёд­корлик ишларини кўздан кечирар экан, бу жойни янада обод масканга айлантириш, ҳамда ­зиёратчиларга қулай шароит­лар яратиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Қурилиш ишларида Сурхон меъморлик мактаби анъаналарини сақлаш зарурлиги қайд этилди.

Исо Термизий 824 йилда таваллуд топган. 20 ёшга етганида Исҳоқ Ибн Раҳвайҳ Марвозий ва бошқалардан илм ўрганган. Ке­йинчалик 25-26 ёшида Ироққа бориб, у ердаги алломалардан дарс олган.

Термизий даври ҳижрий III аср­га тўғри келади. Бу давр ҳадис илмида юксалиш юз беради. Қу­туби ситта — олти энг маш­ҳур ҳадис китоби муаллифи бўлган имомлар, яъни олти энг улуғ муҳаддис ана шу олтин давр­да яшаб, камол топган. Исо Термизий Имом ал-Бухорийнинг замондоши, сафдоши ва шогирдидир. Ал-Бухорий ўз шогирди имом Термизийни ал­қаб: «Сен мендан фойда топганинг­дан кўра, мен сендан кўпроқ фойда топдим», дейди.

Ат-Термизий ҳадислар таҳлилига жуда катта эътибор беради. Ҳар бир ҳадиснинг сиҳҳат ва заъф — саҳиҳлик ва заифлик даражасини аниқлайди. Ҳофиз Абул- Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Мақдусий буюк ватандошимиз Термизий ҳақида бундай дейди:

«Ҳиротда имом Абу Исмоил Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-­Ансорийдан эшитдим. У ўз мажлисида Термизий ва унинг китобидан гап кетганида айтдики, «Менинг учун Термизийнинг китоби, Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки Бухорий ва Муслим китоб­ларидан фақат мутахассис олимларгина истифода этади. Абу Исо-Термизийнинг китобидан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин».

Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг турли ўлкаларни кезганлари Хуросон, Ироқ, ­Хижоз олимларини тинглаганлари «Ат-тахзиб» китобида баён этилган. Унинг «Сунан» китоби ҳақида Ибн Асир ўз тарихида ёзади:

«Термизий имом ва хофиз эди. Бебаҳо асарлар тортиқ қилди. Ал-Жомеъ ул-Кобир (катта тўплам, яъни Сунани Термизий) бу асарларнинг энг мукаммалидир».

Ислом илмларининг тараққий этишида Туркистон шаҳарлари орасида Термиз кенти ҳам муҳим ўрин тутган. Самарқанд ва Бухорони Балх каби қадимий илм маркази билан боғловчи шаҳар бу Термиз эди. Шунинг учун ҳам бу ерда кўплаб алломалар етишиб чиққан. Шулардан бири Ҳаким Термизий бўлиб, у киши 400 дан ортиқ асар ёзган ва уларнинг олтмишга яқини бизгача етиб келган.

Ҳадисшунос Исо Термизий 250 ҳижрий йилда ўз юртига қайтиб келади. Манбаларда айтилишича, у зотнинг асарлари орасида «Ал-Жомеъ» асари катта аҳамиятга эга. Бу асар «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ», «Ал-Жомеъ ал-кабийр», «Саҳиҳ ат-Термизий», ­«Сунан ат-Термизий» номлари билан ҳам юритилади. Имом ат-Термизий 892 йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида вафот этган ва шу жойда дафн қилинган.

Исо Термизийнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоилу-н-набавийя» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»)дир. Бу асар «Аш-шамоил Муҳаммадия», «Аш-шамоил фи шамоили-н-набий саллолоҳу алайҳи ва саллам» номлари билан ҳам аталади.

Биринчи Президентимиз «Тарихий хотирасиз келажак йўқ» деган ҳикматни кўп такрорлаган эди. Шу маънода ислом оламида донғи кетган Исо-Термизий мероси қадрланиб, у мангу қўним топган зиёратгоҳ табаррук масканга айлантирилаётгани халқимизнинг аждодлар хотирасига юксак эҳтиромининг яна бир ёрқин ифодасидир.

 

Абди ҚОДИРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.