Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
16.02.2017

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТЛАРДА

аҳолини ўйлантираётган муаммолар ҳал этилмоқда, депутат ва сенаторлар реал ҳаётни ўрганмоқда

Чироқчи — нафақат Қашқадарё вилоятида, балки мамлакатимиздаги энг йирик туманлардан бири. Жами 71 қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида 380 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Асосан дон, пахта, чорва маҳсулотлари етиштирилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари туман қишлоқлари, аҳоли хонадонлари, мактаб, коллеж, тиббиёт муассасалари, меҳнат жамоаларида бўлишиб, ҳақиқий аҳволни ўргандилар. Муаммоларни ҳал этиш, тараққиёт режаларини амалга ошириш юзасидан ўз мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.

 

ЮЗМА-ЮЗ

Февраль ойининг биринчи куни ҳаво булутли бўлди. Эртаси тонгдан ёмғир ёға бошлади. Қашқадарё вилоятидан сайланган депутат ва сенаторлар гуруҳларга бўлиниб, қишлоқларга жўнаб кетишар, уларга туман Кенгаши депутатлари ҳамроҳлик қилишарди. Шу пайт учрашувга келган ўрта ёш кишига кўзим тушди.

— Халққа шунчалик қайи­шаётган ­Президентимизга раҳмат, — дейди ҳаяжонланиб Жар қишлоғидан келган фуқаро Абдусалом Зоҳидов. — Мен депутатимиз Саттор Раҳматовга илтимос билан келдим. Ўғлим 2014 йилда темир йўл йўналишида олий ўқув юртини битирган. Аммо ҳануз ишсиз. Ишласа, элга, оиласига нафи тегса, дейман...

— Туманда темир йўл тармоғи яхши ривожланмаган, — дейди мурожаатни ёзиб олган 119-Чироқчи сайлов округидан депутат Саттор Раҳматов. — Бу тармоқнинг юқори ташкилоти бор, малакали мутахассис ишсиз қолмайди...

Саттор Раҳматов қўшни Китоб туманидаги болалар полик­линикасининг бош шифокори эди. Бир неча бор бу депутатимизнинг сайловчилар билан ўтказган учрашувларида иштирок этганман. Депутат сайловчилар вакиллари ҳузурида қонунлар моҳиятини тушунтирар, савол бўлса, жавоб берарди. Аммо бугун давр ўзгарди. Талаб ҳам бошқача.

Саттор Раҳматов ва 122-Ғузор сайлов округидан депутат Комила Каромова билан бир гуруҳда эдим. Комила ­Каромованинг асл касби журналист эмасми, кўчалар, маҳаллаларда одамлар билан учрашар, илтимосларини ёзув дафтарига қайд қиларди.

Энди 40 ёшга кирган аёл мурожаат қилди. Ҳали 20 га тўлмаган ўғлини уйлантириш учун моддий ёрдам сўради. Яна янги уй ҳам керак экан. «Аввал ўғлингиз бирор касбнинг бошини тутсин, оилани боқадиган бўлсин, уйланиш қочиб кетмайди», дея депутат унга оила масъулиятини тушунтирди. Лекин боқиманда кайфиятдаги бундай қарашлар ҳамон учраётгани кишини ўйга толдиради.

— Хуш келибсиз, азиз меҳмонимиз бўлинг, — дейди Қирғиз қишлоғида яшаётган Боқи Нормуродовнинг рафиқаси Барно Оқбоева. — Нима етишмовчилик бор, дейсизми? Шукр, мол-ҳолимиз бор, ҳеч кимдан кам эмасмиз. Бир қиз ва уч ўғилни ўстираяпмиз, ҳаммаси меҳнаткаш.

— Отам туман нефть маҳсулотлари корхонасида ишларди. Ҳозир нафақада, — суҳбатга аралашади ўтган йили коллежни битирган Шерзоджон. — Ўринларига мени операторликка қабул қилишди. Аммо мен ўз бизнесимни очишни истайман. Олдинги йили ҳовлимизнинг катта кўчага қараган тарафида яхши иморат қурдик. Кредит олиб, таъмирлаймиз ва автомобилларни тузатадиган устахонага айлантирамиз...

— Албатта, ниятингизга етасиз, — дея суҳбатга аралашди Халқ банки туман бўлими ходими Шоҳрухжон Ширинов. — Бир йўла 7 миллион сўм кредитни 9 фоиз устама билан, фақат кафолат хати орқали оласиз. Ҳозиргача бу имкониятдан шу қишлоқдан 12 киши фойдаланишга қарор қилди.

Бу ҳам янги даврнинг фазилати — энди банк тадбиркорларни излаб келади. Мақсад — мамлакатимизни жадал юксалтириш, халқимиз турмушини янада фаровон қилиш. Депутат ва сенаторлар қишлоқларда, меҳнат жамоаларида турли банк ходимлари билан биргаликда кредит олиш, тегишли ҳужжатларни тайёрлаш юзасидан маслаҳат ҳам беришди.

— Бир неча кун ичида 60 дан ортиқ хонадонга кирдик, — дейди 120-Шаҳрисабз сайлов округидан сайланган депутат Феруза Эшматова. — Ўзим ҳуқуқшунос бўлганим туфайли анча кишига ҳуқуқий маслаҳат бердим. Суҳбатлашганимизда, фермер Абдираззоқ Мейлиев жўяли таклифларни билдирди. Жар ва Додиқ қишлоқларида бўлдик. Шу жойдаги қишлоқ хўжалик коллежида давомат 85 фоиз экан. Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида қи­йинчилик кўп. Ўқитилган айрим касбларга талаб кам. Туман марказидаги Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази янада фаол ишлаши лозим. Бизга пенсионерлардан — Ойларгул Йўлдошева, Иззат Рўзиқулова ва бошқалар нақд пул камлиги, плас­тик картадан фойдаланиш қи­йинлиги ҳақида гапиришди. Уларга биз, бу муаммо ­Президентимиз томонидан ҳал этилганини айтдик.

— Одамлар Президентимизнинг иш ҳақи, пенсия ва нафақа стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштириш ҳақидаги қарорини шоду хуррамлик билан кутиб олганига гувоҳ бўлдик, — дея ҳикоя қилади, сенатор — Қарши туманидаги «Абдиев Мажид» фермер хўжалиги раиси Суюн Абдиев. — Чунки пенсионерлар озгина нақд пул олиш учун 30-40 километр йўл босиб, банкларга боришар, соатлаб навбат кутишар экан-да. Кекса одамлар учун бу қанчалик қийин эканлигини бир тасаввур қилиб кўринг?! Энди бу оворагарчиликларга барҳам берилади. Олмазор ва Қаҳрамон ҚФЙларга қарашли қишлоқлар аҳолиси дўконларда пластик карталар билан савдо қилиш қийинлигини тилга олишди. Хўш, улар қаерга боришади? Демак, бу масалани тез ва тўла ҳал қилиш лозим.

— Сиз хўжаликларга раҳбар бўлгансиз, ер билан тиллашиб, ишлаб келаяпсиз, — дейман унга. — Бу борада Чироқчида қандай яхши ишлар ёки камчиликларни пайқадингиз?

— Дарҳақиқат, бу масала асосий йўналиши деҳ­қончилик ва чорвачилик бўлган туман учун ниҳоятда муҳим, — дейди Суюн Абдиев. — Лалми ғалла етиштириш бўйича чироқчиликлар беназир. Минг­лаб гектар қақроқ ерларга сув чиқариб, плёнка остида эртапишар полиз маҳсулотлари етиштириш тажрибасини ўрганса арзийди. Чорвачилик ривожи учун имконият етарли. Суви мўл қишлоқларда томорқа хўжалиги яхши ривожланган. Масалан, Қаҳрамон қишлоғидаги Бозор Музаффаров ҳовлисидаги 2 сотих ерда иссиқхона яратиб, яхши даромад олибди. Анвар Жовлиев 60 бош қўйни сўқимга, Улуғ Яхшибоев 10 бош қорамолни бўрдоқига боқаяпти. Турмушлари яхши. Бир муҳим муаммога дуч келдик — Олмазор ҚФЙда ерости сувлари кўтарилиб бораётган экан. Нега? Сабаби шунда эканки, Чироқчи — Шаҳрисабз автомобиль йўлининг коллекторга туташ жойидаги еростига ётқизилган сув ўтказгич лойқаланиб тўлиб қолган. Мутасадди ташкилотлар бош қўшса, сув ўтказгични тозалаш, коллекторни қазиш, ерларни захлашдан қут­қариш мумкин.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенат аъзоси, Қамаши туманидаги «Бозор ўғли Абди» фермер хўжалиги раиси Абдумурот Бозоров шундай дейди: — «Бир неча кун давомида Қал­қама ҚФЙ ҳудудидаги қишлоқларни кўрдик. Зарафшон тизма тоғларига туташ қир-адирлар бағридаги қишлоқларда яшаётган аҳоли лалми ерда дон етиштираяпти, нон-насиба топаяпти. Шароит яратилса, кредитлар ажратилса, ҳар ишга қодир бу одамлар...»

 

ЯХШИ ВА ЁМОН

Чироқчиликлар — ўсадиган эл. Айни пайтда тумандаги 178 умумтаълим мактабида 70 минг­га яқин ўғил-қиз таълим олмоқда. Жами 16 коллеж ва 3 филиалда минглаб ўқувчилар турли касбларни ўрганишмоқда. Депутатларимиз ана шу таълим масканлари, тиббиёт муассасаларидаги аҳволни ҳам ўрганишди.

— Уйшун ҚФЙ ҳудудидаги туман кўп тармоқли поликлиникасининг бўлимини бориб кўрдик, — ҳикоя қилади Комила Каромова. — Биноси 70 йил олдин қурилган. Сув йўқ, хоналар иситилмайди, дори-дармон етишмайди. Айниқса, туғуруқхона учун умуман ша­роит йўқ. Врачлар етишмайди. Дўхтирлар маошлари ўз вақтида берилмаётганидан норози...

— Мен шу жойда туғилиб, ўсганман, — дейди ЎзХДП ­Чироқчи туман кенгаши ­раиси Қўчқор Ғаниев. — Ана шу кўримсиз шифохона 21 мингга яқин аҳолига хизмат қилиши керак. Камида 25-30 километр узоқликдаги марказий туғуруқхонага фарзанд кутаётган аёлни ўз вақтида етказиш осон эмас. Бир воқеа бўлганди. Ўзимнинг машинамда бир танишимнинг аёлини туғуруқхонага олиб боришга тўғри келди. Кўргуликни қарангки, ўша аёлнинг машинада кўзи ёриса бўладими. ­Яхшиямки, бирга келган кекса доя боланинг киндигини кесиб, онага ёрдам берди. Йўқ, бу жойдаги шифохона ва туғуруқ бўлимини тугатиб бўлмайди!

— Ҳеч ким масалани бу тарз­да қўяётгани йўқ, — дейди Саттор Раҳматов. — Аҳволни ўнглаш, шароитни яхшилаш лозим. Бу кимга боғлиқ? Масалан, Уймовут ҚФЙга қарашли ҚВП 10 минг аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Мослаштирилган бинода жойлашган. Хоналар иситилган, лаборатория, автоклуб ишлаяпти. Одамлар рози. Аммо 8 киши ўрнига 3 врач ишлаётган экан. Нега бу жойда аҳвол анча яхши?

— Чунки раҳбарлари масъулиятни яхши ҳис қилишаяпти, — дейди Комила Каромова. — Аммо Уйшун ҚФЙдаги «Оқ олтин» қурилиш коллежининг филиалида бутунлай бош­қача манзарани кўрдик. Давомат илгари 51 фоиз экан, ҳозир 71 фоизга кўтарилганмиш. Майли, бунда ўзгариш бор, деб ҳисоблайлик. Бироқ икки қаватли бино иситилмайди. Тикиш машинаси бўлмаса, тикувчилик бўлими ўқувчилари нимани ўрганишади? Автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш бўйича кўргазма ускуналари етишмайди.

Депутатлар яна бир қанча ўқув даргоҳларида бўлишди. Кўз кўради, юрак ҳис қилади, дейишади. Айни ҳақиқат бу. Қирғиз қишлоғидаги 220 ўринли бир қаватли 36-мактаб биноси 2002 йил қурилган. Депутатлар билан бирга борганимизда давомат 95 фоиз экан. Лекин синфхоналар яхши иситилаётганига гувоҳ бўлдик. Фақат мактаб кутубхонасида эса бадиий адабиётлар етишмайди. Қоратепа қишлоғидаги 615 ўринли қурилиш коллежида масъулиятни яхши ҳис қиладиган раҳбар ва ўқитувчилар меҳнат қилишаяпти. Хоналар яхши иситилган, тоза-озода, давомат 90-92 фоиз. Машғулотларга сабабсиз келмай қолишларга қарши қатъий курашилар экан. Коллеж Германия давлатининг гранти асосида замонавий тикиш машиналари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган. Айниқса, олий ихтисосли қурувчи ва моҳир дурадгор раҳбарлик қилаётган устахона депутатларимизга маъқул бўлди. Барча зарур дастгоҳлар бор.

— Шогирдларим орасида қобилиятли дурадгорлар кўп, — дейди ёшларнинг жонкуяр устози Шермат Ҳасанов.

Бироқ 13 қишлоқдан қат­наётган ўқувчилар транспорт воситаси камлигидан машғулотларга кечикишаётган экан. Наҳотки, қўшимча қатнов учун маршрут очиш иложсиз бўлса?..

 

ЯНГИ ДАВР, ЯНГИ ВАЗИФАЛАР

Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Эсимда, 1989 йилнинг 10 ноябрида Биринчи Президентимиз Республика Олий Кенгашига сайлов арафасида Чироқчи тумани меҳнат аҳли билан учрашган, мен бу ҳақда «Қашқадарё ҳақиқати» газетасининг 14 ноябрь сонида «Эл хизмати осон эмас» сарлав­ҳали мақола эълон қилган эдим. Ўшанда ҳукумат раҳбари тараққиётдан анча орқада қолган Деҳ­қонобод ва Чироқчи туманларини ривожлантириш учун алоҳида қарор тайёрланаётганини тилга олган эди. Яна меҳнат фахрийси Рўзимурод Жомуродов сўз олиб, «кадрларни танлашда адашмаслик керак, муносиб одамлар ишбошига келсин», деб кўпчиликнинг дилидаги тилакни айтган эди.

Ўша йили ҳукумат қарори чиқиб, анча тиббиёт муассасалари, мактаб, савдо марказлари қурилган эди. Аммо булар денгиздан томчи эди. Мустақиллик йилларида ободончилик кўлами кенгайди, янги мактаблар, коллежлар қурилди. Айниқса, ке­йинги уч йилда қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар содир бўлди. Давлатга дон, пахта сотиш шартномалари ошириб адо этилди. Ўтган йили 5 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилинди. Ободончиликка эътибор кучайди. Ташландиқ жойда янги болалар истироҳат боғи барпо этилди. Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаганлар хотирасига ёдгорлик монументи ўрнатилди. Чироқчи шаҳрининг бош лойиҳаси тайёрланди. Марказий деҳқон ва озиқ-овқат бозори қайтадан қурилди. Очиғи, бу сингари ибратли ишлар анчагина.

«Барчамиз аҳил, ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилсак, янада яхши натижаларга эришамиз», дейди Қирғиз МФЙ раиси Диёр Бозоров.

— Бу янги давр талаби, — дейди қатъият билан депутат Комила Каромова. — Биргина Чироқчини эмас, балки мамлакатимизни жадал тараққий эттириш учун ташаббус ва ҳамжиҳатлик сув ва ҳаводек зарур. Мен партиямиздан туман кенгашига сайланган депутатимиз, фермер Сайдулла Ботиров билан суҳбатлашдим. У 7 гектар боғ яратибди, ўтган йили 10 гектар жойга қовун экиб, экспортга маҳсулот жўнатибди. «Сизлар билан одамларнинг хонадонига кириб, уларнинг ҳаёти ва орзулари билан яқиндан танишиб, янги-янги режалар туздим», дейди у.

Ҳа, депутатларимиз ўзлари танишган мавзеларда яхши ишларни кўришди, кўпгина муаммоларни аниқлашди. Айниқса, таълим масканларини иситиш масаласи, Чироқчига келтирилаётган кўмирнинг сифатсизлиги кўп учрашувларда айтилди. Ички йўлларни таъмирлаш талаб этилмоқда.

Умуман олганда, тарихий воқеа юз берди. Халқ билан бу тарзда ошкора, юзма-юз мулоқот миллий давлатчилигимизнинг янги давридир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг ҳамжиҳатлиги ислоҳотларни изчил амалга ошириш учун ниҳоятда зарур ва ҳаёт тақозоси.

Мамлакатдаги энг йирик туманлардан бири — Чироқчининг бундан кейинги тараққиёти ва аниқланган муаммоларнинг ечими нималарга боғлиқ? Бу масалалар биргаликда тайёрланган тавсияларда ўз аксини топди. Ва улар халқ депутатлари Чироқчи туман Кенгаши сессиясида ҳар томонлама муҳокама қилинди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ­Нуриддинжон Исмоилов иштирок этди ва кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Чироқчи туман ҳокими Равшан Комилов ўрганилган муаммоларни бартараф этиш учун барча имкониятлар ишга солинишини таъкидлади, таклиф ва тавсиялар учун парламент аъзолари ва депутатларга миннатдорлик билдирди.

Сессияда туманни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Уларда умид, орзу ва ишонч ўз ифодасини топган. Хулоса шундай:

— Эл хизмати осон эмас, аммо шарафли.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: