Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
16.02.2017

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

жамият ҳаётини янада демократлаштиришга хизмат қилади

Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи устувор йўналиши сифатида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш масалалари кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлар номзоди, доцент Ойбек ТУРҒУНОВ билан ушбу йўналишда илгари сурилган ғоялар, қабул қилиниши режалаштирилаётган қонун ҳужжатлари ҳақида суҳбатлашдик.

— Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўз нутқларидан бирида: «...ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, шиддат билан, жадал суръатлар билан дои­мо олдинга интилади. Кимки ҳаётнинг тараққиёт суръатлари билан ҳамқадам бўлмаса, унга лоқайд ва беписанд қараса, эришган ютуқларига маҳлиё бўлиб, хотиржамлик ва ҳаволаниш кайфиятига берилса, ҳеч шубҳасиз, тез ўзгариб бораётган тарихнинг бир чеккасида, қолоқлик ва армонда қолиб кетади. Бу — ҳаётнинг бешафқат, аччиқ ҳақиқати ва биз буни асло унутмаслигимиз керак», деган эди, — дейди Ойбек Турғунов. — Дарҳақиқат, ҳаётнинг ўзи бу фикр тўғрилигини тасдиқлаб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 14 декабрида бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида янги ва ғоят масъулиятли вазифалар ҳақида тўхталиб, олдимизга қўйган мақсад-муддао­ларга етиш учун бу ишларни ўзимиз қилмасак, бошқа ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди», деган фикрни алоҳида таъкидлади. 2017 йил 7 февралдаги Президент фармони ва у билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси ушбу ҳаётий ҳақиқат асосида ишлаб чиқилиб, қабул қилинди десак, тўғри бўлади.

Шу ўринда Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқишга жиддий тайёргарлик кўрилганини, Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида жамоатчилик томонидан кенг муҳокама этилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Ана шу мезонлар Ҳаракатлар стратегиясининг пишиқ-пухталигини таъминлади.

Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлашга оид фармонда қайд этилганидек, мамлакатимизда мус­тақиллик йилларида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг натижасида ўтган асрнинг 90-йилларига қараганда, халқимизнинг турмуш шароити сезиларли даражада яхшиланди. Шундай бўлса-да, олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бугуннинг энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолаётган эди. Ҳаракатлар стратегияси бу борадаги муаммоларни бартараф этиш йўлида ташланган дадил қадамдир.

— Кейинги пайтларда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, ҳуқуқий асослар кучайтирилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида бу борадаги ишларни изчил давом эттириш бўйича қандай вазифалар белгиланган?

— Ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда бу борада кўп иш қилинди. Бугун давлат ва жамиятнинг ҳар бир жабҳасида парламент ва сиёсий партияларнинг ролини сезиларли даражада оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шуни ҳисобга олиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ҳамда 2016 йилнинг 14 декабрида бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантиришга қаратилган таклифларни илгари сурган эди.

Ҳаракатлар стратегиясининг «Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш» деб номланган биринчи йўналишини амалга оширишда ҳам ушбу таклифларнинг ижро механизмлари назарда тутилган. Булар асосан давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг, давлат ҳаётида сиёсий пар­тия­ларнинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш масалаларида яққол кўзга ташланади.

Масалан, биргина жорий йилнинг ўзида «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунларга, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги конституциявий қонунларга ҳамда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг регламентларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мўлжалланмоқда.

Албатта, бу каби чора-тадбирлар парламент палаталарининг жойлардаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш ва халқ билан самарали мулоқот қилишга доир фао­лиятини тубдан янгилаш ва такомиллаштиришга, давлатнинг ташқи сиёсатини амалга оширишдаги роли, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга, сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга хизмат қилади.

— Шу ўринда жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Ҳаракатлар стратегиясида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, унда халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмлари ва жамоатчилик назоратининг замонавий шаклларини жорий этиш, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Масалан, шу йилнинг ўзида «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Омма­вий ахборот воситалари тўғрисида»ги ва «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши режалаштирилган.

Умуман олганда, «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармон ва унда белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга оширсак, мамлакатимиз ва жамиятимиз ҳаёти бундан-да яхшиланади, ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамия­ти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари кенгаяди. Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади, асл мазмун-моҳияти юртимизда истиқомат қилаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлаш ҳамда кафолатлашдан иборатдир.

Зеро, халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Фармон ва Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган эзгу мақсад ва ғояларнинг бекаму кўст ижроси кўп жиҳатдан ҳар биримизнинг фаол иштирокимиз ва чуқур масъулиятимизга боғлиқ.

 

Маъмуржон ПАРПИЕВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: