Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
14.02.2017

БОБУР ТЕНГСИЗ ЭДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллигига бағишланган адабий кеча ўтказилди.

Унда «Ёш сиёсатчилар» клуби аъзолари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари, шоирлар ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.

— Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан ҳамда санъатга муҳаббати жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадигани топилмайди, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Малика Иброҳимова. — Бу — Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақида роман ёзган, «Бобурнома»ни инглиз тилига таржима қилган Уилям Эрскиннинг фикри. Мен ёшларимизга қарата «Бобурнома»ни ўқинг, ундаги тенгсиз хазинадан баҳраманд бўлинг дегим келади. Чунки бу маш­ҳур асарни бугун бутун дунё ўқимоқда, таҳлил қилмоқда. Бизнинг ёшларимиз ҳам бу борада фаолроқ бўлишлари керак.

— Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарида фақат воқеалар тасвири билан чекланмайди, балки уларнинг иштирокчиларига ҳам алоҳида эътибор қаратади, — дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Гўзал Матёқубова. — Натижада биз Бобур замонида яшаган ва тарихимиз, маънавиятимизда муҳим мавқега эга бўлган давлат ва маданият арбоблари билан ҳам танишамиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ибратомуз ҳаёти ва фаолияти ҳар қандай инсонни ҳайратга солувчи воқеаларга, таҳсин, таъриф-тавсиф ва эътирофларга бойлиги билан алоҳида эътиборга ло­йиқдир. Бундай тарихий далил ҳамда маълумотлар, аввало, буюк мутафаккирнинг ўз асарларида, шунингдек, бир талай ишонч­ли манбааларда келтириб ўтилганлиги билан ҳам диққатга сазовордир.

— Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этмоқда, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори мудири Умрбек Бектемиров. — Чунки улуғ шоир ижоди нафақат Осиёда, балки Европада ҳам чуқур таҳлил қилинмоқда. Айниқса, унинг «Бобурнома» асари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ноёб, тарихий манба ҳисобланади. Тарихни қанчалик чуқурроқ билсак, келажак ҳақидаги фикрларимиз, қарашларимиз янада тийранроқ бўлади.

Анжуман давомида Бобур ғазал ва рубоийларидан намуналар тингланди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: