Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
14.02.2017

БУНЁДКОРЛИК ВА ОБОДОНЛАШТИРИШ – ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ВА ФАРОВОНЛИГИМИЗНИНГ ЁРҚИН ИФОДАСИ

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятида бўлди. 

Давлатимиз раҳбари 10 февраль куни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, мева-сабзавот ва пахтани қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳалари билан танишди, янги намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашди. Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича йиғилиш ўтказди. Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди. 

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифининг иккинчи кунини Термиз шаҳрида перинатал марказини кенгайтириш, урология ва офтальмология марказларини ташкил этиш лойиҳалари билан танишишдан бошлади. 

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ этилмоқда. Касалликларни профилактика қилиш ва самарали даволаш мақсадида тиббиётнинг бирламчи бўғини такомиллаштирилмоқда, жойларда замонавий шифохоналар ташкил этилмоқда. 

Сурхондарё вилояти перинатал маркази инвестиция дастури асосида 2011-2012 йилларда реконструкция қилинган. Энди марказни янада кенгайтириб, унинг таркибида маслаҳат поликлиникаси ташкил этиш мўлжалланмоқда. Бу поликлиника хотин-қизларни тиббий текширувдан ўтказиш, нуқсонли туғилишларнинг олдини олиш, тиббий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.

Республика ихтисослаштирилган урология марказининг Термиз филиали Сурхондарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида ташкил этилади. Бу беморларни қабул қилиш имкониятини, урологик касалликларни аниқлаш ва даволаш самарадорлигини оширади. 415 ўринли янги марказда зарба-тўлқинли литотрипсия, тери орқали эндоурология каби замонавий муолажалар амалга оширилади. 

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирирургия марказининг Термиз филиали катаракта, глаукома, диабетик ретинопатия каби касалликларни эрта аниқлаш ва беморни самарали даволаш имконини яратади. Телемедицина орқали Кўз микрохирирургия маркази билан маслаҳатлашув йўлга қўйилади. Автобусда мобиль офтальмологик мажмуа ташкил этилиб, олис қишлоқларда тиббий текширувлар ўтказилади. Илгари гинекологик, урологик, офтальмологик касалликларга учраганлар кўпинча Тошкентга бориб даволанар эди. Мазкур лойиҳалар амалга оширилгач, беморлар вилоятнинг ўзида замонавий технологиялар ёрдамида даволанади. 

Президентимиз ушбу тиббиёт марказлари лойиҳалари билан танишар экан, узоқ ва аҳоли кўп яшайдиган туманларда уларнинг бўлимларини ташкил этиш, одамларни овора қилмаслик учун жойларда кўриклар ўтказиш, тиббий ва овқатланиш маданиятини юксалтириш зарурлигини таъкидлади. Кадрлар тайёрлаш, ушбу марказ ва қишлоқлардаги шифокорларнинг малакасини ошириш, уларга тажрибали шифокорларни жалб этиш, ажратилган маблағлар ва тиббий ускуналардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Тиббиётнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам шундай марказлар, хусусан, кардиология ва болалар касалликларига ихтисослашган клиникалар ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида бунёд этиладиган кўп қаватли уй-жойлар, деҳқон бозори ва савдо комплекси, замонавий истироҳат боғи лойиҳалари билан танишди.

Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги қарорига мувофиқ Термиз шаҳрида етти қаватли 34 арзон уй-жой бунёд этилиши белгиланган. Бундай уйлар аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойга бўлган талабини қондиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган икки, уч ва тўрт хонали бешта уй Султон Саодат кўчасида бунёд этилмоқда. 210 хонадонга мўлжалланган замонавий уйлар учун ўн гектар ер ажратилган. Лойиҳага кўра, бу ерда иккита мактабгача таълим муассасаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, маҳалла маркази қурилади. 

Шавкат Мирзиёев янги уйларни энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигигача фойдаланишга топшириш, уларда аҳолининг яшаши учун барча шароит яратиш бўйича зарур кўрсатмалар берди. 

Термиз шаҳрининг Навоий кўчасида қуриладиган деҳқон бозори ва савдо комплекси лойиҳасига 40 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Комплексда деҳқон бозори павильонлари, иккита кўп қаватли замонавий супермаркет, автомобиллар тўхташ жойи қуриш ва йил охиригача фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. 

Бундай йирик объектларни барпо этишдан мақсад халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш, аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтиришдан иборат, деди давлатимиз раҳбари. Бунинг учун комплексни замонавий архитектура талаблари асосида қуриш, атрофини ободонлаштириш, одамларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. 

Баркамол авлод ва Ат-Термизий кўчалари кесишган жойда ёшлар боғи барпо этилади. 

Президентимиз мазкур боғни шаҳар аҳолиси фарзандлари билан сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантириш зарурлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан лойиҳани яна бир бор синчиклаб кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди. 

Бу масканда шундай шароит яратиш керакки, унга келиб фарзандларимизнинг тафаккури, дунёқараши ўзгарсин, маънавияти бойисин, деди Шавкат Мирзиёев. Шу мақсадда боғнинг концепциясида қулайлик ва маданият уйғунлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Истироҳат боғи атрофида автомобиллар тирбандлигининг олдини олиш, ҳудуддан оқиб ўтувчи канал бўйида одамлар дам оладиган жойлар барпо этиш лозим. Буларнинг барчаси ушбу масканда тартиб ва саришталик, файз ҳукм суришига хизмат қилсин.

Давлатимиз раҳбари Сурхондарё дарёси бўйида бунёд этилаётган “Амударё» болалар соғломлаштириш маркази, бу ерда ташкил этиладиган инфратузилма объектлари лойиҳасини ҳам кўздан кечирди. 

Президентимиз Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази қурилиши билан танишди. 

Халқимиз маданиятини юксалтириш, ёш авлод маънавиятини бойитиш ва уларни азалий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш миллатимизга хос юксак фазилатдир. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудларида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари замирида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар мужассам. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Янги ахборот-кутубхона марказининг лойиҳа қиймати 7 миллиард 600 миллион сўм. Бу ерда 223 мингдан ортиқ китоб фондига эга ўқув заллари, мультимедиа маҳсулотларини қайта ишлаш учун медиа-студиялар, маълумот алмашиш имкониятини берувчи видеотармоқ заллари барпо этилаётир. 

Замонавий иншоотнинг фойдаланишга топширилиши вилоят ёшлари салоҳиятини юксалтириб, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини янада ошириш, изланувчан ўқувчилар ва талабаларнинг илмий-оммабоп, бадиий, тарихий, тарбиявий-маърифий адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. 

Марказда мутолаа муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деди Президентимиз. Ўқувчиларга барча қулайликларни яратиш, замонавий “bookcafe» фаолиятини йўлга қўйиш керак. Бу ерда одамлар нафақат билимини бойитиши, балки маданият ва маънавиятдан ҳам баҳраманд бўлиши муҳим аҳамиятга эга. 

Давлатимиз раҳбари Термиз шаҳри марказида бунёд этилаётган “Бахт» боғи ва муҳташам Санъат саройи лойиҳалари билан ҳам танишди. 32,2 гектар майдонда қурилаётган боғда Санъат саройи билан бирга замонавий амфитеатр, “Алпомиш» ёдгорлиги ва хотира хиёбони, болалар майдончалари ва стадионлар барпо этилади. Бу ерга туташ ҳудудда япон боғи ва Сурхондарёнинг археологик ёдгорликларини ўрганишга катта ҳисса қўшган профессор Като музейини ҳам қуриш режалаштирилган.

Боғда яшил ҳудудларни кенгайтириш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароитлар яратиш борасида муҳим тавсиялар берилди. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 22 майдаги қарорига мувофиқ барпо этилаётган Санъат саройи миллий меъморлик ва замонавий архитектура кўринишига эга бўлади. Уни қуриб, фойдаланишга топшириш учун давлат бюджетидан 132 миллиард 238 миллион сўм сарфланади. Мураккаб конструкцияли, ноёб қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда бунёд этилаётган 700 ўринли Санъат саройи ва 1,5 минг ўринли амфитеатрда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Мазкур мажмуа том маънода маданият ва маърифат маскани бўлиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Иншоотни жаҳон стандартларига мос жиҳозлаш, бу ерда аҳолининг маданий дам олиши учун барча қулайликлар яратиш муҳим аҳамиятга эга. 

Қурувчи ва мутахассисларга зарур кўрсатмалар берилди. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. 

Президентимиз ташаббуси билан фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилиши, мақсад-муддаолари амалга оширилишини таъминлайдиган тизим яратилмоқда. 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилингани ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. 

Мазкур фармонга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида ҳам фуқаролар учун барча қулайлик яратилган. Мурожаатларни қабул қилиш, тиббиёт, она ва бола хоналарида зарур шароитлар ташкил этилган. Қабулхона ҳуқуқий адабиётлар, зарур маълумотлар ва ахборот технологиялари билан таъминланган. 

Қабулхонага кираверишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган сўзлари битилган. Муассаса фаолияти ана шу мезон асосида йўлга қўйилган. Қабулхона Ат-Термизий майдони, 2-уйда жойлашган. 

Халқ қабулхоналарини ташкил этишдан мақсад – жамиятимиздаги адолат пойдеворини янада мустаҳкамлашдир, деди Президентимиз. Ҳоким ва мутасадди раҳбарлар бу ерда халқ билан мулоқот қилиши, ҳар бир мурожаат ўз ечимини топиши керак. Аҳолини қийнаётган масалаларни таҳлил қилиш орқали қонун ҳужжатларини такомиллаштириб борамиз. 

Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида “Жануб текстиль» масъулияти чекланган жамияти, “Амудар Текс» Ўзбекистон – Англия қўшма корхонаси ҳамда Шеробод туманида барпо этиладиган “Sherobod textile invest» масъулияти чекланган жамиятида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари билан танишди. 

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб ортиб бормоқда. Сурхон воҳасининг табиий иқлим шароити харидоргир тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган хомашё етиштириш учун жуда қулай. Вилоят миришкорлари пахта парваришида бой тажриба тўплаган. Юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, хорижий сармоядорларга қатор имтиёз ва преференциялар қўлланилаётгани тўқимачилик саноатини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, маҳаллий шароитда етиштирилган сифатли пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор кучайтирилмоқда. 

“Жануб текстиль» масъулияти чекланган жамиятида ташкил этиладиган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона ишга туширилиши 350 иш ўрни яратиш имконини беради. Корхонада йилига 5 минг тоннадан ортиқ ип-калава ишлаб чиқариш режалаштирилган. 

2018 йилда ишга тушириладиган “Амудар Текс» Ўзбекистон –Англия қўшма корхонаси йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бу ерда 300 киши иш билан таъминланади. 10 миллион доллардан ортиқ қийматдаги тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинади. 

“Sherobod textile invest» масъулияти чекланган жамиятида ўрнатиладиган замонавий технологиялар йилига 17 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имкониятини яратади. Корхона қурилишига 46 миллион доллар маблағ сарфланади. Шеробод туманининг “Сеплон» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этиладиган корхона ишга туширилиши билан 700 киши иш билан банд бўлади. 

Давлатимиз раҳбари мазкур саноат корхоналари пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда истиқболли лойиҳалар бўлиб, вилоят иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

Шу ерда Термиз туманида маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш корхонаси лойиҳаси ҳам намойиш этилди. 

Президентимиз Термиз шаҳрида барпо этилаётган ғўзапоя ва қамишдан плита (ДСП) ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси билан танишди. 

Бунёдкорлик ва ободонлаштириш мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигининг ифодасидир, деди Шавкат Мирзиёев. Шу боис арзон ва сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга, бу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бериш зарур. 

«Термиз таъминот» масъулияти чекланган жамияти негизида барпо этилаётган корхонада йилига 30 минг кубметр ДСП маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. 4,2 гектар майдонда 2,9 миллион доллар эвазига қад ростлайдиган янги мажмуада 160 иш ўрни яратилади. 

Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида “Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти ва “Комфорт инерт сервис» масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилаётган гранит ва габбро тошларидан қурилишбоп пардозлаш плиталари ишлаб чиқариш, Термиз механика заводини кенгайтириш лойиҳалари билан ҳам танишди. 

Йилига 80 минг квадрат метр гранит маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган пардозлаш плиталари корхонасида 205 иш ўрни яратиш режалаштирилган. 

“Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси томонидан амалга оширилаётган Термиз механика заводини кенгайтириш лойиҳаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини арзон, сифатли асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлайди. Фермер хўжаликлари ва соҳага ихтисослашган корхоналарнинг электр двигателлари, асбоб-ускуна ва жиҳозларини, насосларни сифатли таъмирлайди. Мева-сабзавот маҳсулотларини тозалаб қуритадиган қулай ва ихчам технологияларни ишлаб чиқариб, фермерларга етказиб беради. 

Янги корхонанинг тўла қувват билан ишга туширилиши вилоятда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш кўламини кенгайтириб, замонавий усулда қадоқлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришда муҳим омил бўлади. Корхонада 80 дан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Давлатимиз раҳбари янги корхоналарни замон талабларига мос технологиялар билан жиҳозлаш, маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки экспортга йўналтириш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи, сафар давомида белгилаб берилган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар, одамлар билан самимий мулоқотлар воҳа халқига катта хурсандчилик бағишлади, уларни янги марралар сари руҳлантирмоқда. 

 

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: