11.02.2017

ЁШЛАР ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИ

ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир

Бу суҳбатни анчадан буён мўлжаллаб юргандим. Қабулхонадаги ўриндиққа ўтириб, фикримни жамлашга уринаман.

Муродулла Нормуродов — физика-математика фанлари доктори, профессор, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қашқадарё вилояти бўйича минтақавий вакили, ЎзХДП ­фаоли.

Унинг хонаси чоғроқ экан. Жавонда китоблар кўп. Бир қанча газеталар тахламлари кўзга ташланади. Енгил ҳаракат билан ўрнидан турган Муродулла Нормуродов сўрашиб, амнистия туфайли фаол ҳаётга қайтган ёшлар билан суҳбатлашгани ҳақида гапириб берди. Мен ҳам шу йил озодликка чиққан, Китоб туманининг тоғли қишлоғида яшаётган ҳунарманд уста йигит астойдил тавба қилгани, жиноят кўчасига адашиб кириб қолгани, энди унинг ҳаётда ўз ўрни ва мақсади борлиги, давлатимиздан миннатдор эканлиги тўғрисида ҳикоя қилиб бердим.

— Ҳа, одам боласининг ҳаёт йўли ҳамиша равон бўлмайди, — дейди ўйчанлик билан Муродулла Нормуродов. — Оила, маҳалла, устозлар вақтида эътибор берса, ёшлар ўз йўлини топиб олади. Амнистия тўғрисидаги қарор кўплаб маҳкумлар, шу жумладан, адашган ёшлар учун янги имконият. Қарор асосида алоҳида Низом ҳам қабул қилинди. Низомнинг 21-бандига мувофиқ, жойларда ишчи гуруҳлари тузилди. Мен ҳам 17 кишидан иборат ишчи гуруҳи раҳбариман. Биз жазони ўташ муассасаларида бўлиб, амнистия тўғрисидаги қарор ижросини назорат қилиб бордик. Озодликка чиққанлар орасида ёшлар ҳам бор. Улар билан оиласи, яқин кишилари, маҳалла-кўй кўп бор суҳбатлашдик. Астойдил ҳаётини янгидан йўлга қўйишга уринаётганларга маслаҳат бердик.

Бу борада «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун муҳим қўлланма бўлаяпти.

— Давлатимиз раҳбари Конс­титуциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда бу қонунни алоҳида таъкидлади. Янги қонуннинг ўзига хослиги ҳақида батафсил тўхталди.

— Президентимизнинг Конституция байрамига бағишлаб ўтказилган маросимдаги маърузасида давлат ва жамият тараққиётининг ниҳоятда муҳим ва долзарб тамойиллари баён этиб берилди. Агар таъбир жоиз бўлса, улар давр ўртага қўяётган янги тараққиёт концепцияси учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. «Адолат — қонун устуворлигида» деган ғоя асосида қонунларга ҳурмат, ҳуқуқбузарликка қарши муросасиз муҳит қарор топиши алоҳида таъкидланди.

Раҳбаримиз ёшларимиз билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларнинг дардини ҳис қилиш, кўмак бериш, мустақил ҳаётга тайёрлаш ҳақида гапирар экан, жумладан, шундай деди: «Бу вазифаларни амалга оширишда биз аср­лар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой меросига таянамиз. Фарзандларимиз, айниқса, қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётдан муносиб ўрин топишлари учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз... Бизнинг навқирон авлодимиз манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолиятимиз яқинда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун асосида қатъий давом эттирилади».

— Бугунги шиддатли ўзгаришлар тўғрисида қандай фикрдасиз?

— Шахсан мен, бутунлай бошқача, аниқ ва теран муносабат, режалар, орзу-умидларни сезаяпман, фаҳмлаяпман, имкон даражасида ҳамқадам бўлишга уринаяпман. Хуллас, биринчи қонун 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган эди. Ўтган давр­да юртимизда ёшлар камолоти, таълим, ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида катта ютуқларга эришилди. Янги-янги олий ўқув юртлари, мактаблар, академик лицейлар, коллежлар барпо этилди. Бошқача қилиб айтганда, ёшларнинг бугун дунёқараши, илм-фанни эгаллаш, юрт довруғини ёйиш, ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари ниҳоятда юксак. Ўз кучи, илми, энг муҳими жаҳонда ўз ўрнига эга бўлиб бораётган ­Ватанига ишонадиган ёшлар камолга етмоқда.

Чуқурроқ ёндашсак, олдинги қонунда 21 та модда бор эди, янги таҳрирдаги Қонунда эса улар 33 та. Оддий қўшимча ёки ўзгартиш эмас, ҳаёт тақозоси, тараққиёт мезони белгилаган йўриқлар улар.

— Шу ўринда халқаро, айниқса, ёшлар ҳуқуқлари ҳақида ҳам фикр юритсак...

— 1948 йилда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси»да ҳам кўп қадриятлар қамраб олинган. Жумладан, унда ғамхўр­лик ҳақида фикр юритилади. 26-моддасида таълим олиш ҳуқ­уқининг тенг­сиз тамойил эканлиги уқтирилган. Мамнуният билан айта оламанки, бизнинг қонунимиз барча халқ­аро ҳуқуқ нормаларини ривожлантириб, бойитган. Бундан ташқари, дунё­нинг кўплаб давлатларида ёшларга оид бундай қонун яратилмаган.

Қонунда ёшларнинг очиқ, сифатли таълим олиши, касб эгаллаши, тадбиркорликни ривожлантириш, меҳнатга жалб этиш, ўз истеъдодларини юзага чиқариш, бағрикенглик, ёт ғояларга қарши кураша оладиган инсон қилиб тарбиялаш, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва бошқа ҳаётий вазифаларнинг ҳуқуқий асослари қамраб олинган. Бу борада давлат сиёсатини рўёбга чиқарувчи орган ва муассасаларнинг тизими 9-моддада аниқ-равшан белгилаб қўйилган.

Келинг, бир-иккита мисол келтирай. Ўтган йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида матонат билан қатнашиб, юртимиз довруғини жаҳонга ёйган спортчиларимиз давлатимиз томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилганини эсланг. Ифтихорга тўлган юраклар бу хабарни эшитиб, жунбушга келганди. Уларнинг минглаб, ўн минглаб издошлари юртга муносиб бўлиш учун белларини маҳкам боғлаб машғулотларда қатнашмоқда. Битта ғамхўрлик ва эътиборнинг баҳоси тенгсиз, бу янги-янги шон-шарафга даъват! Ёки бошқа жойларда бўлгани каби вилоятимизда ҳам «Камолот» уйлари қурилди ва ёш оилаларга топширилди. Ҳарбий хизматни аъло ўтаб келаётган ёшлар олий ўқув юртларига киришлари учун яратиб берилаётган имтиёзларнинг ўзиёқ, давлатимизнинг чексиз муруввати, иқтидорли ёшларни тарбиялаш борасидаги қутлуғ ниятидан нишона.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоли сифатида янги таҳрирдаги қонунни амалга ошириш борасидаги вазифаларга ҳам тўхталсангиз.

— Очиғи, бу саволни кутгандим. Чунки ҳаётимнинг эсдан чиқмайдиган йиллари Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан боғлиқ. Келинг, Қонунни кўздан кечирайлик. Унинг 23-моддасида «Ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари» белгилаб қўйилган. Ўқитиш, таълим муассасаларида таҳсил олиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, бандлик, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум ёшларни уй-жой билан таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларга кўмак... Ўқийман, фахрланаман, ғурурланаман! Аввало, бу — порлоқ келажак ва юксак тараққиётни ўйлаётган давлатимизнинг саховатли қалби! Ўз навбатида бу одил ва халқчил сиёсат муносиб ўринбосарлар тарбиялаш учун таянч бўлиб хизмат қилади. Демак, олдинги қонун билан фарқ нафақат йилларда, балки янгисида куч-қудратга тўлган давлатимизнинг моддий ва маънавий имкониятлари, келажак олдидаги қутлуғ ниятлари ҳам ўз ифодасини топган.

Энди партиямизнинг ғоя ва мақсадларига келайлик. Уларда электоратимиз манфаатлари, давлат тараққиёти масалалари, айниқса, ёшлар камолоти билан боғлиқ вазифалар аниқ баён этилган. Менимча, булар янги давр вазифаларига мос ва ҳам­оҳангдирки, уларни амалга ошириш учун фаол кураш олиб бориш лозим. «Ёш сиёсатчи», «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» танловларини бу йўлда ташланган муҳим қадам деб, ҳисоблайман. Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларига талабчанлик билан ёндашиш керак. Партиямиз сафида навқирон маслакдошларимиз кўпаймоқда. Агар таъбир жоиз бўлса, яшараётган, кучга тўлаётган, келажакни ўйлаётган партия кўпроқ муваффақият қозонади, хайрихоҳлари ортади.

— Илм фақат ўрганилмайди. Балки ўргатилади ҳам. Шогирдларингиз ҳақида тўхталсангиз.

— Умрим ёшлар орасида ўтаяпти. Шогирдларим сафида фан номзодлари, докторлари, кашфиётчилар борлигидан қувонаман. Ҳозир ҳам Қарши давлат университетида илмий маслаҳатчиман. Яқинда Тошкент давлат техника университетида меҳнат қилаётган шогирдим Дилноза Умрзоқованинг нанотехнология соҳасидаги изланишлари амалиётга тавсия қилинганини эшитиб, роса севиндим ва фахрландим.

Бундай келажаги порлоқ, талантли ёшларни камолга етказишда «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун муҳим қўлланма. Уни амалга ошириш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

Суҳбатдош: Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.