Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
09.02.2017

ТАРАҚҚИЁТИМИЗНИНГ БЕШ ЙИЛГА МЎЛЖАЛЛАНГАН УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегия­си тўғрисида»ги фармони халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Унда яқин беш йилликда мамлакатимиз забт этиши назарда тутилган улкан довонлар, халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг механизмлари аниқ белгилаб берилган.

Мазкур фармон билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси белгилаб берилди. Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, мамлакатимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича Давлат дастури қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.

Мазкур стратегия лойиҳаси кенг халқ муҳокамасидан ўтказилгани, турли соҳа вакиллари бўлган юртдошларимиз уни такомиллаштиришда фаол иштирок этгани унинг ҳар жиҳатдан пухта, ҳаётий, энг муҳими, халқимизнинг орзу-истакларига монанд бўлишига замин яратди. Жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича 1,3 мингдан зиёд таклиф ва мулоҳаза тушгани, улар асосида Давлат дастурининг 41 банди қайта кўриб чиқилгани фуқаролар юксак фаоллик кўрсатганини тасдиқлайди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.

Мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши белгиланган. Булар давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлар­аро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишдир.

ЎзА мухбирлари ушбу фармон ва Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида турли соҳа вакиллари билан суҳбатда бўлди.

Азиз МИРЗАЕВ, юридик фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёрдамчиси:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак, деган фикр­лари фаолиятимизда муҳим мезонга айланди. Зеро, соҳамиз ходимларининг зиммасидаги вазифаларни бажаришга катта масъулият билан ёндашиши, ишларни қонуний муддатларда кўриб чиқиб, адолатли ва асосли қарорлар қабул қилиши бугунги кун талабидир.

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекис­тон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида қонун устуворлигини ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлаши керак бўлган Олий суд кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Бундай чора-тадбирлар судларнинг одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширади.

Сансалорликка ва ишларнинг кўриб чиқилиши судлар томонидан асоссиз чўзиб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қуйи инс­танция судларининг камчиликларини мустақил бартараф этиш ва узил-кесил қарор қабул қилиш юзасидан юқори суд инстанцияларининг ваколатлари кенгайтирилиши ҳам соҳада сезиларли ютуқларга йўл очади.

Ойбек ТУРҒУНОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академия­си кафедра мудири:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясига мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилган.

Лойиҳаларни тайёрлаш давомида аҳолининг кенг қатламлари орасида қизғин муҳокамалар олиб борилди. Лойиҳалар муҳокама учун турли ахборот майдонларига жойлаштирилди. Натижада кўплаб таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Юртдошларимиз юксак фаоллик кўрсатиб, олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ эмасликларини намоён қилди. Натижада ҳар жиҳатдан пишиқ ва пухта ишланган ҳужжат қабул қилинди. Бу мамлакатимизни янада ривожлантиришда ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳаракатлар стратегиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувини модернизация қилиш ва демократлаштириш, давлат хизмати тизимини такомиллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, давлат бошқаруви соҳасида замонавий мутахассис кадрлар тайёрлаш ва уларнинг касб малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратаётгани ўз ифодасини топган.

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Назарбек қишлоқ врачлик пункти мудираси:

— Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, мамлакатимизнинг олис ҳудудларини ҳам электр энергия, газ билан таъминлашни янада яхшилаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги нуфузини ошириш, мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълимни сифат жиҳатдан янада бойитиш борасида қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Тиббиёт масканлари, хусусан, бирламчи тиббиёт муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини янги босқичга кўтариш борасида аниқ тадбирлар олиб борилади.

Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, жамиятимизда ҳар томонлама соғ­лом оилаларни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимлари билан ҳар учрашувида бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар кенг муҳокама қилинмоқда, зарур топшириқлар берилмоқда. Ҳаракатлар стратегия­си тиббиёт соҳасини изчил ривожлантириш, соҳа ходимларининг касб малакаси ва масъулиятини янада оширишда ҳам муҳим дастуриламалдир.

Мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини белгилаб берувчи ушбу муҳим ҳужжатда ёши улуғларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий нафақалар бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари қайд этилган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар белгиланган.

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар, сув ва газ таъминоти қувурлари, бугунги талабларга мос замонавий йўллар қуриш режалаштирилган. Аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш сифатини янада яхшилаш назарда тутилмоқда.

Бу ислоҳотларнинг барчаси одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига, эртанги кунга ишончини янада мус­таҳкамлашга хизмат қилади.

 

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: