07.02.2017

ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШСИН,

кўпчиликка нафи тегсин

Қашқадарё вилоятида пар­тия­миз аъзоларининг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Улар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланган, давлат ва жамоат ишларини сидқидилдан бажараётган, корхоналар, ўқув юртларига раҳбарлик қилаётган, бир сўз билан айтганда, ўз меҳнати билан обрў қозонаётганлар кўпчиликни ташкил этади.

Бугун мамлакатимизда янги ва тизимли ислоҳот режалари белгиланаётган, амалий ишга дадил киришилаётган паллада фаол, ташкилотчи аёлларимиз олдига қандай вазифалар қўйилмоқда? Тадбирларда мақталган лойиҳалар кейинчалик унутилмаяптими? Умуман, бугуннинг талаби қандай ўзи? Жадал тараққиёт, расмиятчилик ва қоғозбозликка барҳам бериш, давлат ва жамият ривожланишини янги поғонага кўтариш, халқимизга муносиб ҳаёт тарзини яратиб бериш... Мана, бугунги устувор мақсадлар.

Қарши шаҳридаги «Ёшлар маркази»да ўтказилиши мўлжалланган тадбирга келишдан олдин давлатимиз раҳбарининг Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасини яна бир бор ўқиб, айрим ­хулоса ва саволларни ёзув дафтаримга қайд қилган эдим. Хусусан, оилани мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, аёлларимизнинг муносиб меҳнат билан банд­лиги масалаларини ҳал этишда «Фаол аёллар» қаноти аъзолари, ташаббускор етакчиларимиз қандай амалий ишлар қилиши лозимлиги ҳақида ўйлардим. Изланувчан, ташаббускор аёлларимиз ўз қобилият ва имкониятларини тўла юзага чиқаришаяптими? Қандай шогирдлар тайёрлашаяпти?

— Бугунги куннинг талаби ўзгача ва қатъий, — дейди партиямиз Марказий Кенгашининг хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Гулшан Асадова. — «Ижтимоий ҳимоядан — ижти­моий фаоллик сари» ва бошқа яхши лойи­ҳалар амалга оширилмоқда. Тўғри таъкидлаяпсиз, кўп нарса ҳаракат ва натижага боғлиқ.

— Гулшан Асадованинг фикрига қўшиламан, — дейди «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови ҳакамлар ҳайъати аъзоси Лазиза Аллаёрова. — Бир неча танловда қатнашиб, ўзимга хулоса қилдим. Имкониятларимни чамалаб кўрдим ва амалий ишлар қўлимдан келишига ишондим. Ҳозир айрим лойиҳаларни мўлжаллаяпман. Бугунги тадбирга келсак, одил баҳолашга ҳаракат қиламиз, бунга ишонаверинг.

Танлов иштирокчиларининг кўпчилиги турли фан ўқитувчилари, икки киши маҳалла фуқаролар йиғини фаоли экан.

Биринчи шарт бўйича тақдим этилган лойиҳаларнинг аксария­тида тадбиркорлик ғоялари илгари сурилган. Қарши шаҳридан ­Хуршида Ташенова коллеж ўқитувчиси, икки фарзанднинг онаси экан. Болалар ва катталар учун шифобахш сут ва мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик корхона ташкил этиш лойиҳасини тақдим қилди. Бундай маҳсулотлар ҳозирги кунда Самар­қанд шаҳридаги «Агро браво» корхонасида тайёрланаётган экан. Режани амалга оширишга Қарши туманидаги «Искандар Жабборов» фермер хўжалиги ҳам таъсисчи бўлиб кирмоқчи. Банкдан 100 миллион сўм кредит олиш ва уни беш йил орасида узиш режалари батафсил ­шарҳланган.

Қарши тумани вакили Дилбар Авазова кичик қандолат цехи ва дўкон қуриш ниятини баён қилди. Нишон тумани вакиласи Махфират Ражабова тикувчилик маҳсулотлари тайёрлайдиган кичик корхона афзалликлари ҳақида гапириб берди.

Иштирокчиларнинг энг истеъдодлиларидан бири Муборак тумани вакиласи Нодира Умирова эди. У Тошкент ахборот технологиялари университетини битирган малакали мутахассис. Рус ва инглиз тилларини пухта билади. Тумандаги ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси. Бундан икки йил олдин «Ёш сиёсатчи» танловининг республика босқичида иштирок этган эди.

Унинг биринчи шарт бўйича тақдим этган «Имконияти чекланган шахслар учун таълим портали ­яратиш» лойиҳаси анча мураккаб ва кутилмаган бўлди. Масалан, яқинда бўлиб ўтган Президент сайловида кўзи ожизлар учун махсус бюллетень тарқатилгани хорижий кузатувчиларнинг эътиборига сазовор бўлганди. Нодира бу тажрибани ривожлантириб, имконияти чекланганларни масофавий ўқитиш, интернетда ўзбек тилидаги дарсликларнинг мавжуд эмаслиги ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш таклифларини ўртага ташлади. Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим, Соғ­лиқни сақлаш вазирликлари ҳамда турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик мўлжаллаган. Кўриниб турибдики, ниҳоятда истиқболли режа. «Ло­йиҳани янада такомиллаштираман, албатта юзага чиқараман», деди «Энг зукко иштирокчи» номинация­си ғолиби Нодира Умирова.

Иштирокчиларнинг билимдонлик ва нотиқлик санъатини қай даражада эгаллаганлиги кўрикнинг иккинчи — «Қонунларимиз ҳаётимиз асоси» ва учинчи — «Сиёсий ҳозиржавоблик» шартлари орқали синаб кўрилди. Бу ўринда ҳам эсдан чиқмайдиган ҳолатлар юз берди. Масалан, Касби тумани вакили, олий маълумотли ўқитувчи Шоира Турсунова яхши лойиҳа тақдим қилди, учинчи шартдан ҳам яхши ўтди. Бироқ ўзи танлаган қонунни етарли даражада шарҳлаб беролмади.

Аксинча, Китоб тумани вакили, мактаб муаллимаси Холидахон Аҳмедованинг биринчи шарт бўйича лойиҳаси паст баҳо олганди. Аммо у умидсизликка тушмади. Ижтимоий ҳимоя тўғрисидаги қонунни чуқур шарҳлаб, бир қанча фойдали қўшимчалар киритишни таклиф қилди. Савол-жавобда ҳам ўз билимдонлигини исботлади.

Хуллас, танловда Китоб тумани вакили Холида Аҳмедова иккинчи, Қарши шаҳридан Хуршида ­Ташенова учинчи ўринни эгаллади. Косонлик Инобат Шомуродова ғолиб чиқиб, кўрик-танловнинг республика бос­қичига йўлланмани қўлга киритди.

Инобат 1987 йилда туғилган, бошланғич синф ўқитувчиси, икки фарзанднинг онаси. Мен диққат билан кузатиб бордим. У барча шартларни аъло даражада бажарди.

— Рости, бундай натижани кутмаган эдим, — дейди ­Инобат Шомуродова. — Ўзим ҳам кўп нарсани ўргандим.

— Мақтанишга йўймангу, бизда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, устоз-шогирдлик анъанаси яхши йўлга кўйилган, — дейди Косон туман партия кенгаши раиси Султонмурод Раҳимов. —Инобатга тайёргарлик жараёнида кўпчилик ёрдам берди. У тақдим қилган «Маҳлиё» мижозларга хизмат кўрсатиш лойиҳаси амалга ошса, камида 20 киши ишли бўлади. Бундан ташқари, ҳар йили 60-70 кишини касб-ҳунарга ўргатиш мумкин. Бу лойиҳани, албатта, амалга оширамиз.

Бу ҳаёт тақозоси: режалар, ло­йиҳалар коғозда қолмаслиги керак. Улар амалга ошсин, кўпчиликка нафи тегсин!

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.